Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ИИВ депутатларга «йўл кўрсатворгани» Ғаниевга оғир ботдими?

ИИВ депутатларга «йўл кўрсатворгани» Ғаниевга оғир ботдими?

Фото: Xabar.uz

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан «босар-тусарини билмай қолган депутат» дея тарқатилган видеолавҳа юзасидан Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга махсус сўров юборилганидан хабарингиз бор. Ўз навбатида, Ички вазирлиги депутатларга йўллаган жавобидан ҳам.

Вазирликнинг депутатларга «яхши гапириб, сўнг йўлини кўрсатворгани» учунми, юборилган сўровда алоҳида фаоллик кўрсатган депутат Дониёр Ғаниев масалага яна бир бор қайтибди. 

Алқисса, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев «ИИВ Ахборот хизмати тўлиқ видеотасвирларни кўрсатишни нега истамаяпти?» деб савол қўяркан, вазирлик жавобига қуйидагича муносабат билдиради:

«Икки кун аввал юборган мурожаатимизга жавобан бугун (23 апрель) ИИВ баёнот берибди. Унда айтилишича, 15 апрель куни Наманган шаҳар «Қизилкўприк» постида содир бўлган ҳолатга доир барча материаллар прокуратура органларига тақдим этилган.

Лекин тўлиқ видеотасвирларни жамоатчиликка ошкор қилиш масаласи очиқ қолган. Гўё материаллар ягона нусхада бўлгану, уни прокуратурага бериб юборишгач, ўзларида бошқа нусха қолмагандай. Қизиқ, воқеани тезкорлик билан ёритишга шошилган вазирлик Ахборот хизмати нега энди материалларни тўлиқ ошкор қилишга келганда мужмалланмоқда? Агар улар ҳақ бўлсалар, тўлиқ видеотасвирларни кўрсатишни нега исташмаяпти?

Материаллар прокуратура томонидан қўзғатилган жиноий ишга оид тергов сири эканлигини важ қилишмоқчи бўлса, нега унда воқеани тергов ишлари якунига етмай ижтимоий тармоқларда ёритишди? Наҳотки вазирлик Ахборот хизматидагилар «айбсизлик презумпцияси» нима эканлигини билмасалар?

Қолаверса, видео материаллар прокуратурага тўлиқ шаклда берилдими ёки ИИВ Ахборот хизмати томонидан жамоатчиликка тақдим қилинган вариантдами? Кейин материаллар орасида ЙПХ инспекторининг «боди-камера»сида олинган видеотасвирлар ҳам борми? Умуман, шу каби саволларга баёнотдан ҳеч қандай жавоб топа олмадим.

На илож, ўзлари айтгандай воқеага оид материалларни ва унинг якуни бўйича маълумотларни энди Прокуратура органларидан кутамиз. Умид қиламиз улар масалани атрофлича ўрганиб, вазиятга тўғри ҳуқуқий баҳо беришади ҳамда қонунбузарларга (хоҳ у депутат бўлсин, хоҳ ички ишлар ходими) қонуний чоралар кўрилиши таъминланади...»

«...Ҳа айтганча, баёнот сўнгида халқ вакилларига нисбатан айтилган кесатиқ гапга ҳеч ҳам ҳожат йўқ эди. Ишонинг, ҳақиқатдан ҳам биз ички ишлар органлари ходимларини жамиятдаги мавқеини ошишини чин дилдан истаймиз. Чунки бу соҳада минглаб ватанпарвар, халқ хизматида виждонан, фидокорона меҳнат қилаётган ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз бор (жумладан шахсан ўзимнинг ҳам). Улар борки ватанимиз тинч, хонадонимиз тинч. Бунинг учун улардан доим миннатдормиз ва қарздормиз», дея муносабатига нуқта қўяди депутат Ғаниев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг