Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилишига Россия, Хитой ва Туркия муносабат билдирди

Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилишига Россия, Хитой ва Туркия муносабат билдирди

31 июль тунида ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания Теҳронда ўлдирилгани ҳақида хабар берган эдик.

Ҳаниянинг Эрон пойтахтидаги қароргоҳига бошқа давлат ҳудудидан ракета зарбаси берилгани тахмин қилинмоқда.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҲАМАС етакчисининг ўлдирилишини Фаластин халқининг шонли қаршилик ҳаракатини тўхтатишга қаратилган шармандали қадам деб атади.

«Шайх Аҳмад Ёсин, Абдулазиз Рантисий ва бошқа кўплаб ғазолик сиёсий арбобларга қилинган жирканч ҳужумлардан мақсад қандай бўлган бўлса, биродарим Исмоил Ҳанияга қарши уюштирилган суиқасддан мақсад ҳам худди шундайдир. Бироқ сионист ваҳшийлар шу пайтгача бўлгани каби ўз мақсадларига эриша олмайди», – деди Туркия раҳбари.

Эрдўғон Ислом оламининг кучли иттифоқи ва инсоният хайрихоҳлиги билан Исроил томонидан минтақада амалга оширилаётган террор, зулм ва геноцид барҳам топишига умид билдирди.

Туркия раҳбари яна бир бор 1967 йилги чегараларда, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини барпо этиш лозимлигини урғулаган.

Расмий Москва ҳодисани номақбул сиёсий қотиллик деб атади.

«Бу мутлақо қабул қилиб бўлмас сиёсий қотилликдир ва бу тарангликнинг янада кучайишига олиб келади», – деди Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов.

Дипломат, шунингдек, Ҳаниянинг ўлими Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва асирларни озод қилиш йўлида ўтказилаётган музокараларга салбий таъсир этишидан огоҳлантирган.

Хитой ТИВ ҳам ҲАМАС етакчисининг ўлдирилишини кескин қоралаган. Пекинга кўра, бу ҳодиса минтақадаги беқарорликни янада кучайтириши мумкин. ТИВ расмий вакили Линь Цзянь Ғазода доимий оташкесимга эришиш муҳимлигини ҳам таъкидлаган.

Эрон ва ҲАМАС Исмоил Ҳаниянинг ўлимида Исроилни айблади. Тель-Авив ҳукумати бу масалада ҳозирча расмий муносабат билдиргани йўқ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг