Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Исроил разведкасининг собиқ раҳбари «ёпиғлиқ қозон»ни очди

Исроил разведкасининг собиқ раҳбари «ёпиғлиқ қозон»ни очди

Йоси Коэн 2016 йил январидан 2021 йил июнига қадар Исроил разведкасига раҳбарлик қилди.

Телеинтервьюдан олинган скриншот

Исроил разведкаси — «Моссад»нинг ўтган ҳафта истеъфога чиққан раҳбари Йоси Коэн мамлакатнинг «12-телеканал»ига берган интервьюсида кўплаб яширин сирларни очди. Хусусан, у Исроил жосуслик хизмати томонидан сўнгги йилларда Эронга қарши амалга оширилган диверсион операциялар ҳақида илк бор очиқ гапирди.

2020 йил 27 ноябрь куни Теҳрон шаҳри яқинида эронлик таниқли физик олим Муҳсин Фахризоданинг ўлдирилиши шов-шувларга сабаб бўлган эди. Ўшанда Америка ҳукуматининг исми ошкор этилмаган вакили ҳамда махсус хизматнинг икки ходими олимнинг ўлдирилиши ортида Исроил турганини маълум қилган эди. Исроил ҳозирга қадар ушбу масалада очиқ изоҳ бермай келаётган эди. «Моссад»нинг собиқ раҳбари Йоси Коэн телеинтервьюда илк бор мазкур масалани сўзлаган. У Исроил махсус хизматининг Муҳсин Фахризоданинг ўлимига алоқадор эканини на тан олди, на рад этди. Аммо эронлик олим кўп йиллардан буён «Моссад»нинг нишонида бўлгани, чунки унинг ядро физикаси бўйича билимлари хавотир уйғотганини қайд этган. 

«Агар бирор инсон Исроил фуқароларига таҳдид туғдирса, у йўқ қилиниши керак», — деган Коэн. Айни чоғда, у хавф туғдирган шахс ўз фаолият йўналишини ўзгартирса, разведка хизмати рўйхатидан ўчирилиши мумкинлигини таъкидлаган.

Эрон мудофаа вазирлигининг инновация ва тадқиқотлар бўлими раҳбари, Имом Ҳусайн номидаги университет профессори саналган Муҳсин Фахризода кўп йиллар давомида мамлакатнинг ядро соҳасидаги тадқиқотларига бошчилик қилган.

Айрим Ғарб нашрлари Фахризодани Иккинчи жаҳон урушида АҚШда ядро қуролини яратиш лойиҳасига бошчилик қилган Роберт Оппенгеймга муқояса этишади. Фахризода «Эрон ядро соҳасининг отаси» деб ҳам аталиши ҳам бежизга эмас. Эрон билан муросасиз мухолифатда бўлган қўшни давлат махсус хизмати Фахризодани аввал ҳам ўлдиришга урингани, аммо суиқасд муваффақиятсиз якунлангани айтилади.

Телеинтервьюда Эроннинг Натанз ядро объектида рўй берган аварияга Исроилнинг алоқадор эканига ҳам ишора қилинган. 

Аввал хабар берганимиздек, «The New York Times» нашри жорий йил апрель ойида Натанз шаҳрида жойлашган ядро иншоотида рўй берган портлашда Исроилнинг қўли борлигини тахмин қилган эди.

Йоси Коэн Исроил махсус хизмати Эрондан 55 минг саҳифали ядро ҳужжатларини ҳам ўғирлагани ҳақида ҳикоя қилган.

Таҳлилчилар «Моссад» собиқ раҳбарининг интервьюси Ғарб давлатлари ҳамда Эрон ўртасида ядро тадқиқотларига доир музокаралар бошланиши арафасида эълон қилинганига эътибор қаратишган.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг