Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Исроилнинг Фаластин бўйича яна бир махфий режаси ошкор этилди

Исроилнинг Фаластин бўйича яна бир махфий режаси ошкор этилди

Исроил аскари Ғарбий соҳилдаги постда.

Фото: «The New York Times»

Исроил ҳукумати Фаластин ҳудуди саналган Ғарбий соҳилни бутунлай ўз назоратига олиш учун махфий чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Бу ҳақда Исроил молия вазири Бецалель Смотричга тегишли махфий аудиоёзувни қўлга киритган «The New York Times» газетаси хабар берди.  

Жорий йил 9 июнь куни бўлиб ўтган хос бир тадбирда Исроил молия вазири Ғарбий  соҳилдаги бошқарув тизимини буткул ўзгартириш режаси ҳақида гапиради. Бундан кўзланган мақсад халқаро ҳамжамиятда эътироз уйғотмаган ҳолда Ғарбий соҳилда назоратни янада кучайтириш ва Фаластин давлати тузилишига тўсқинлик қилишдан иборатдир. 

Маълумки, Исроил Ғарбий соҳилни 1967 йилда босиб олган. Айни пайтда ҳудуд Исроил ҳарбийлари назоратида. Тель-Авив ҳукумати расман Ғарбий соҳил назорати вақтинчалик эканини айтиб келади. Аммо Смотрич ошкор этган режага мувофиқ, Исроил Ғарбий соҳил назоратини яҳудий ҳарбийларидан фуқаровий тузилмаларга топширишни кўзламоқда. Сўнгги 18 ой давомида айрим маъмурий ваколатлар аллақачон фуқаровий тузилмаларга топширилган. Бу эса Ғарбий соҳилнинг тўлақонли аннексия қилиниши, яъни Исроил ҳудудига мажбуран қўшиб олинишини англатади.  

«Биз дунё аҳли Исроил аннексия қилди деб айбламаслиги учун алоҳида фуқаровий тузилма яратдик», – дейди Смотрич хос йиғинда.

Халқаро ҳамжамиятни чалғитиш учун Исроил ҳукумати мудофаа вазирлиги Ғарбий соҳил бошқарувида иштирок этишига рухсат берган. Амалда эса аксар ваколатлар фуқаровий тузилмаларга берилмоқда.

Смотрич ўз нутқида бош вазир Бинямин Нетаняҳу ҳам ушбу махфий режани қўллаб-қувватлашини қайд этган.

Молия вазири Бецалель Смотрич 2023 йил ноябрь ойида Ғарбий соҳилда яҳудий уйларини қуриш учун маблағ кўпайтирилишини маълум қилган эди.

https://xabar.uz/xqwl

Исроилдаги «Peace Now» инсон ҳуқуқлар ташкилоти Нетаняҳу ҳукуматининг ноқонуний тураржойлар қуриш ҳаракатини қоралар экан, бу орқали Ғарбий соҳилни бутунлай ишғол этиш кўзланганидан огоҳлантирган.

Исроил томонидан Фаластиннинг босиб олинган ҳудудларида ноқонуний уйлар қурилиши халқаро ҳамжамият томонидан танқид қилиб келинади. Буни ҳатто Исроилнинг энг яқин иттифоқчиси АҚШ ҳам номақбул деб билади. Негаки, бу халқаро ҳуқуқ ҳамда Фаластин давлатчилигининг намойишкорона поймол этилишидир.

Фаластин аҳлига нисбатан радикал муносабати билан отнинг қашқасидек танилган Смотрич аввалроқ Ғазо секторида 100-200 минг чоғли фаластинликни қолдириб, у ерга икки миллион яҳудийни кўчириш лозимлиги ҳақида баёнот берганди.

Маълумот ўрнида «The New York Times» газетаси яқинда Исроил ҳукумати Ғазо секторида олиб бораётган уруш юзасидан АҚШ жамоатчилигининг хайрихоҳлигини кучайтириш мақсадида пропаганда ва дезинформация кампаниясини ўтказаётгани ҳақида хабар берганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг