Исроил АҚШда амалга оширган махфий кампания ошкор бўлди
Исроил давлатининг диаспора масалалари бўйича вазирлиги АҚШ қонун чиқарувчилари ва жамоатчилиги орасида пропаганда кампаниясини ўтказиш учун 2 миллион доллар ажратди. Бу ҳақда “The New York Times” газетаси хабар берган.
Дунё давлатларида яшовчи яҳудийлар ва Исроил давлати ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга масъул саналган вазирлик сиёсий тарғибот учун “Stoic” фирмасини ёллаган.
Ушбу кампания доирасида Исроил 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазо секторида олиб бораётган уруш юзасидан АҚШ жамоатчилигининг хайрихоҳлигини кучайтириш мақсад қилинган.
Шу мақсадда X, Facebook, Instagram каби ижтимоий тармоқларда сохта аккаунтлар очиш ва Тель-Авивнинг Ғазодаги ҳаракатларини дастакловчи, Вашингтоннинг Тель-Авивга ҳарбий кўмагини кучайтиришга тарғиб этувчи постлар чоп этиш кўзда тутилган. Матбуот хабарига кўра, “Stoic” фирмаси сохта янгиликлар сайтларини ҳам яратган.
Вашингтон анъанавий равишда Исроилни молиявий, ҳарбий ва сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келади. Айни пайтда давом этаётган ҲАМАСга қарши урушда ҳам Қўшма Штатлар яҳудий давлатини яқиндан дастакламоқда. Аммо Ғазода ўн минглаб тинч аҳоли вакиллари ўлдирилиши ортидан Қўшма Штатларда Исроилни қўллаб-қувватлашни бас қилиш талаби тобора баландроқ овозда янграмоқда.
АҚШдаги таниқли сиёсатчилардан бири, сенатор Берни Сандерс Исроил Ғазода тинч аҳоли вакиллари ўлими сабабли дунё ҳамжамияти кўз ўнгида обрўсини йўқотаётганини айтиб, президент Жо Байдендан Исроил раҳбариятига тинч аҳоли вакилларини ўлдирмаслик борасида шарт қўйишни талаб қилган.
АҚШ президентлигига номзод, яҳудий миллатига мансуб Жилл Стайн Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни Ғазо секторида геноцид ва ҳарбий жиноятлар содир этишда айблаган. Стайн АҚШнинг амалдаги президенти Байденни Ғазодаги хунрезликларга шерик эканини қайд этган.
2023 йил октябрь ойида АҚШ давлат департаментининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича бюроси директори Жош Пол Вашингтоннинг Исроилга ҳарбий кўмакни ошириш ҳақидаги қарорига норозилик ифодаси сифатида ўз ихтиёри билан истеъфога чиққан.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter