Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Иссиқ об-ҳаводан сақланиш учун фойдали тавсиялар

Иссиқ об-ҳаводан сақланиш учун фойдали тавсиялар

Фото: «yandex.ru»

Жазирамада аксарият одамларнинг меҳнат қобилияти пасаяди, уйқуси бузилади, аҳволи ёмонлашади. Нима учун?

«Ички ҳароратни пасайтириш учун, организм тер ажратишни кучайтиради, бу эса кўпгина нохушликларга сабаб бўлади, — дейди профилактика бўйича мутахассис, профессор Роза Цаллагова. — Тер билан бирга организмдан туз (калий ва натрий) чиқиб кетади, бу мушаклар озиқланишини издан чиқаради (шу боис жазирама иссиқликда одамнинг қимирлагиси келмайди). Сувсизланиш муқаррарлиги боис қон қуюқлашади, тромблар юзага келиш эҳтимоли ортади (натижада инфаркт ва инсульт хавфи пайдо бўлади). Қон қуюқлашиши туфайли барча аъзолар, жумладан, юрак ва бош миянинг қон билан таъминланиши ёмонлашади. Бу эса юрак хуружлари, бош айланиши ва бош оғриқларини келтириб чиқаради».

Йўқолган суюқлик ўрнини қоплаш учун биз кўп сув ичамиз. Организмда айланаётган сув ҳажми кўпайиб, юрак ва буйрак ишини баттар қийинлаштиради.

Жазирама ҳаво қон томирларга ҳам таъсир кўрсатади. Шу боис вегетатив кризлар ҳатто ёшларда ва соппа-соғ одамларда ҳам кузатилиши мумкин. Иссиқ об-ҳаво қанча узоқ давом этса, организмга шунча қийин бўлади. Шу боис ҳаддан ташқари иссиқлик кўпинча сурункали касалликларнинг зўрайишига олиб келади.

Дарвоқе, шамоллашга оид касалликлар жазирама ёзда ҳам қаҳратон қишдагидан кўра кам кузатилмайди. Кондиционер, елвизак, салқин душ, музлаткичдаги газланган ичимликлар организмнинг совиб кетишига сабаб бўлади. Натижада сурункали инфекция ўчоқлари фаоллашади, микроблар кўпаяди ва яллиғланувчи жараёнлар бошланади.

Иссиқ ҳавода аҳволни қандай яхшилаш мумкин?

Кўпроқ дам олинг

«Биринчи навбатда — гарчи жазирамада бу тавсияга амал қилиш осон бўлмаса-да, тўйиб ухлашга ҳаракат қилинг, — дейди шифокор-эндокринолог, нутрициолог, диетолог Алексей Калинчев. — Дим ҳавода тўлақонли ухлаб бўлмайди (сифатли уйқу учун ҳаво ҳарорати 20 даражадан ошмаслиги зарур). Уйқуга тўймаганда эркакларда тестостерон даражаси ва ўсиш гормони пасаяди.

Иккинчидан, ишлаб чиқаришдаги рекордларни кузга қолдириб турганингиз маъқул. Ёзда кўпчилик таътилга чиқишни хоҳлаши бежизга эмас. Иссиқ ҳавода ишлаш ниҳоятда мушкул.

Спорт билан шуғулланмаганингиз маъқул. Жазирама ҳавода спорт ёқмайди одамга. Зинҳор ўзингизни мажбурламанг. Акс ҳолда машғулот кардиореанимация билан тугаши ҳеч гап эмас».

Салқинлатувчи маҳсулотларни истеъмол қилинг

Иссиқ ҳаво туфайли организм деярли ҳамма қувватни танани керакли ҳарорат билан таъминлашга сарфлайди. Ошқозон-ичак йўлининг қон билан таъминланиши камаяди, бу иштаҳа пасайишига олиб келади. Ўзингизни зўрламанг. Таом миқдорини камайтиринг, енгил, ёғсиз таомларни тановул қилинг. «Қиздирувчи» аччиқ егуликлардан нафсингизни тийинг — уларнинг ўрнига мева-сабзавотлардан кўпроқ истеъмол қилинг.

Шўр егуликлардан бош тортинг. Улар қон босимини оширади: бу эса аҳволни баттар ёмонлаштиради.

Тез-тез суюқлик истеъмол қилинг

Аслида ҳар қандай салқин ичимлик бўлаверади, газланмаган сув бўлса, яна-да яхши. Уйдан ташқарига сувсиз чиқмаган маъқул — тана сувсизланишига олиб келиши мумкин.

Газланган ширин сув, қадоқланган шарбат, шишадаги кваслар чанқоқни қондирмайди, аксинча, кучайтиради. Бундай ичимликлар таркибида қанд кўплигидан қонни яна-да қуюқлаштиради.

Жазирамада спиртли ичимлик истеъмол қилишдан ёмони йўқ. Алкоголь организмдан суюқликни чиқариб юборади ва сувсизланишни кучайтиради.

Таркибида кофеин бўлган ичимликлар ҳам яхши эмас (уларга нафақат қаҳва, балки чой ҳам киради). Улар пешоб ҳайдовчи хусусиятга эга бўлиб, иссиқ ҳавода жуда зарур бўлган суюқликни организмдан чиқариб юборади.

Иссиқ ҳавога мос кийининг

Ёпишиб турувчи синтетик кийимларни унутинг. Фақат табиий матолардан тикилган эркин кийимларни танланг: зиғир, пахта, ипак. Ҳатто, сизга қора рангли кийимлар ярашса ҳам, жазирама ёзда уларни киймай туринг. Қора ранг қуёш нурини ўзига тортади, бу эса танани қиздириб юборади.

Сайр қилиш вақтини ўзгартиринг

Тонгда (иложи борича эртароқ) ва кечаси (қуёш ботгандан сўнг) сайр қилинг. Иссиқ пайтда хонадан чиқмасликка ҳаракат қилинг. Деразаси жанубга қараганлар бундан мустасно. Бундай уйларда кундузи қолиб бўлмайди (кондиционер ва шамоллатишнинг иложи бўлмаса). Айни қизиган вақтда соя-салқин жойларда бўлиш айни муддао.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг