Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жазоирда «табассумлар инқилоби»нинг олтинчи жумаси бошланди

Жазоирда «табассумлар инқилоби»нинг олтинчи жумаси бошланди

Фото: «Reuters»

Бугун, жума 29 март куни навбатдаги оммавий намойишга чиққан жазоирликлар нафақат президент Абдулазиз Бутефлика, балки бутун ҳукумат тўлиқ алмашишини талаб қилишяпти. Бу ҳақда «РИА Новости» Жазоирда чоп этиладиган «Ал-Ватан» газетасига асосланиб хабар бермоқда.

«Бу «табассумлар инқилоби» (Жазоирдаги намойишларни кўпинча жаҳон оммавий ахборот воситалари шундай атамоқда)нинг олтинчи жумасидир», деб ёзмоқда нашр.

Жазоир қуролли кучлари бош штаби раҳбари Аҳмад Гаид Солиҳ 26 март куни конституциянинг 102-моддасини ишга солишни илгари сурди. Бу моддада давлат бошлиғи саломатлиги туфайли ўз вазифасини бажара олмай қолган тақдирда, президентлик лавозими вакант деб эълон қилиниши кўзда тутилган.

«Халқ амалдаги конституцияни, жумладан, 102-моддани ҳам тан олишни истамайди. Халқ ҳукумат тўлиқ алмашишини, тизим алмашишини хоҳламоқда. Ва бу иш амалга ошмагунча намойишини давом эттиради», — нашр мухолифатчи Социал-демократик ҳаракат етакчиларидан бири Воҳид Бенҳалланинг сўзларидан иқтибос келтирган.

Намойишлар тўхтамаётганига жавобан мамлакат раҳбари Абдулазиз Бутефлика янги президентлик сайловига номзодини қўймаслигини маълум қилиб, ҳукумат истеъфосини қабул қилган ҳамда 18 апрелга белгиланган сайлов муддатини кечиктирганди. У янги конституция лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича миллий анжуман чақириш ва ислоҳотлар ўтказишга ваъда берганди. Барча сиёсий кучлар, жамоат арбоблари чақириладиган бу анжуман бўлғуси сайлов муддатини ҳам белгилаб бериши керак.

Бироқ аксарият намойишчилар ва мухолифатчи сиёсатчилар Бутефлика маъмуриятининг қарорларига ишончсизлик билан қарашяпти ва мамлакатда ҳукумат сўзсиз ва тўлиқ алмашишини талаб қилишмоқда.

Бутефликанинг президентлик ваколати муддати апрель охирида ниҳоясига етади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг