Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жинси матосига талаб юқори, аммо унинг экологияга зарари ундан ҳам катта

Жинси матосига талаб юқори, аммо унинг экологияга зарари ундан ҳам катта

фото: интернет, очиқ манба

Инсон томонидан табиатга таҳдид солинаётгани сир эмас. Саноат чиқиндилари, озон қатламини емирувчи аэрозоллар, 100 йилдаям чиримайдиган елим идишлар, заҳарли бактареялар – буларнинг барчасида инсониятнинг яхшигина ҳиссаси бор. Энди биз жинси матони ушбу рўйхатга ишонч билан қўшишимиз мумкин, яъни маълум бўлишича, ушбу мато экологиянинг бузилишига катта улуш қўшади.

Дунёдаги энг қиммат, энг кучли ва заҳарли автомобил – Bugatti Chiron. 1500 от кучига эга улов босиб ўтган ҳар бир километрда 516 грамм CО2, яъни атроф-муҳит учун зарарли бўлган газ ишлаб чиқаради. Жинси матосини ишлаб чиқариш эса худди шу машинанинг 26 километрга тенг миқдордаги заҳарли газдек атроф-муҳитга зарар келтиради.

Фақат бир дона классик жинси шим ишлаб чиқарилаётганда ҳавога 13 кг карбонат ангидрид тарқалади. Катта дарахтнинг CО2 дан қутулиши учун 4,5 ой керак бўлади. Энди тасаввур қилинг-а, ҳар йили инсоният 4 миллиард жуфт жинси шимлар ишлаб чиқаради, бу эса ҳавога 52 миллион тонна CО2 чиқишини англатади.

Лекин бу ҳаммаси эмас. Бундай маҳсулотларнинг атиги бир донасини ишлаб чиқариш учун ишлаб чиқарувчи 10 килограммгача кимёвий бўёқ ва 8 минг литр сув сарфлайди.

Жинсилар билан боғлиқ энг катта муаммо – улар учун етиштириладиган пахта. Бу қишлоқ хўжалиги экинлари жуда кўп сув истеъмол қилади ва катта майдонни эгаллайди. Маълумотларга кўра, сайёрамизнинг 150 миллион гектарини пахта эгаллайди. Масалан, Ҳиндистонда 1 кг пахта етиштириш учун 22,5 минг литр сув сарфланади.  

Жинси матосидан кийим ишлаб чиқариш билан боғлиқ иккинчи глобал муаммо – бу бўёқлар. Қанчалик ғалати туюлмасин, матоларни бўяш технологияси 150 йил давомида ўзгармаган ва ҳали ҳам жуда кўп миқдорда сув, кўп миқдорда заҳарли моддалардан ташкил топган бўёқларни талаб қилади.

Мато гидроксид бирикмалар ёрдамида оқартирилади ва конвеер бўйлаб ҳаракатланаётганда ипларнинг ишқаланишини камайтирадиган махсус бирикма билан ишланади. Бу ҳолда ҳатто битта ипнинг узилиши ҳақиқий фалокатга айланади – тахминан 700 метр матони ўз ичига олган рулон яроқсиз бўлиб чиқади.

Матодаги тола ичига бўёқ яхши кириши учун гидросульфат эритмаси ишлатилади – бу бўёқ зарралари ҳажмини камайтиради.  52 метрли матони бўяш учун 95 минг литр сув кетади.

Машҳур жинси матоси ишлаб чиқарадиган баъзи компаниялар қайта ишланган сувдан фойдаланадилар, уни махсус қурилмалар билан тозалайдилар. Аммо барча ишлаб чиқарувчилар бундай ускунани сотиб олишга қодир эмас. Энг арзон жинси шимлар ишлаб чиқарадиган компаниялар, шунингдек, қалбаки маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича кўплаб устахоналар кўк бўёқли сувни энг яқин дарёга тўкиб ташлашади. Машҳур брендларнинг заводларидан сув бутунлай хавфсиз бўлиб қолади, деб айтиш ҳам мумкин эмас – у техник, ичиш ва суғориш учун яроқсиз бўлиб қолади.

Тўғри янги, хавфсиз бўяш технологияси Испанияда яратилди. Яъни Tejidos Royo  компанияси атиги 8 метр узунликдаги ва дақиқада 36 литр сув сарфлайдиган ноёб бўяш линиясини ишлаб чиқди. Шу билан бирга, техника бу вақт ичида 19 эмас, балки 27 метргача жинси матони бўяш имконини беради. Қуруқ бўяш одатдагидан фарқ қилади. Технология бошқа кимёвий моддалардан, жумладан, хавфли водород сульфатдан фойдаланмайди. Бу нафақат атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ёрдам беради, балки ишлаб чиқарувчиларга катта миқдорда пул тежайди.

Ушу матонинг ишлаб чиқарилишида яна бир муаммо – чиқиндилар. Биргина Америкада ҳар йили камида 13 миллион тонна кийим-кечак чиқиндихоналарга юборилади, уларнинг аксарияти жинси матодан қилинган. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, пахта буюмлари ва чиқиндиларининг 95 фоизигача қайта фойдаланиш мумкин, бу атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиради.

Ечим: лазер ва озон

2017-2018 йилларда бир нечта компаниялар жинси шимларни якуний қайта ишлаш учун янги технологияларни жорий қилдилар. Тошлар билан ювиш ўрнига лазер ишлатила бошланди, бу нафақат сувнинг кимёвий ифлосланишини йўқ қилади, балки жараённи тезлаштиради, бу эса ишлаб чиқарувчиларнинг пулини тежайди. Илгари 20-30 дақиқа давом этган ювиш 90 сонияли лазер билан ишлов бериш билан алмаштирилди.

Кимёвий моддалар билан дағаллиги йўқотиладиган жинси матони озон билан юпқалаштириш йўлга қўйилди. Бу эса ювиш учун ишлатиладиган сув ҳажмини 50-60 фоизга камайтиради.

Бундан ташқари, Туркиядан Покистонгача кучли тўқимачилик саноатига эга бўлган ривожланаётган мамлакатларнинг мода брендлари ҳам экологик технологияларни татбиқ эта бошлади. Ниҳоят, пемза ўрнига синтетик тошлардан ювиш жараёнида тобора кўпроқ фойдаланилмоқда, улар сувни ифлослантирмайди.

Юқорида санаб ўтилган технологияларнинг аксарияти аллақачон барча глобал ишлаб чиқарувчилар томонидан фаол фойдаланилмоқда. Сиз сифатли жинси шимлар сотиб олсангиз органик ва қайта ишланган пахта аралашмасидан тайёрланган, озон билан ювилган ва лазер билан ишқаланадиган экологик тоза маҳсулотга эга бўласиз.

Буларнинг барчаси миллионлаб литр сувни тежаш, юз минглаб тонна кимёвий моддаларсиз ишлаш, энергия сарфини камайтириш ва ишчиларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш имконини беради. Саноат гигантлари ишлаб чиқаришни қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтказиб, CО2 эмиссиясини камайтиради.

Аммо қувонишга ҳали эрта. Чунки жинси матосига талаб ҳеч қачон сусаймаган. Ривожланган технологиялар бир тараф, қалбаки, сифатсиз мато ишлаб чиқарадиган компаниялар бир тараф. Қолаверса аҳоли сони ҳам йилдан йилга ошиб бормоқда. Демак ушбу матога талаб юқори экан, пахта етиштириш майдонлари ҳали вери қисқармайди. Бу дегани 1 кг. пахта етиштириш учун 20 минг литрдан ортиқ, битта шим ишлаб чиқариш учун 8 минг литр сув исроф бўлаяпти, дегани. Олимлар эса муаммонинг ечимини иккинчи қўл бозорини ривожлантиришда кўрмоқда. Яъни бир жуфт жинси шим 120 марта ёки  ундан кўпроқ кийилса атроф-муҳитга зарари камроқ бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг