Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жонзотни ўлдириш учун фақат битта шар етарли – 30 минг шар эса… (видео)

Бундан бир ой олдин Ашхобод сайилгоҳида Наврўз байрами муносабати билан ўтказиладиган шоуда 20 минг шар учирилиши маълум қилинди. Экофаол Наргис Қосимова томонидан ижтимоий тармоқларга ва Ekolog.uz cайтига қўйилган эътирозли хабар сабабли биз ҳам ўз сайтимизда мақола эълон қилган эдик.

Мақола Наргис Қосимованинг мана шундай эътирози билан бошланган эди: «Шоу бизнес вакилларимиз пул ишлаш учун ҳамма нарсага тайёр. Қўпол қилиб айтганда, эртага табиатга зарар етадими, учирган шарлардан ҳайвону қушлар ўлиб кетадими, фарқи йўқ, пул бўлса бўлди. Уч кун давом этадиган байрам арафасида Ашхобод чархпалагидан 20 мингта шарни ташлашар экан. Ёпиқ бино бўлса ҳам майли, уларни йиғиштириб олиш мумкин, аммо у очиқ жой. Шарлар бир пасда учиб кетиб, юзлаб чақирим жойни ифлослантиради. Шарлар пластик ва латекс аралашмасидан тайёрланади, улар парчаланмайди. Бир дақиқалик томоша деб атроф-муҳитга қанча зарар етишини тасаввур қиляпсизми? Ҳаммани ўзига қаратиб томошага чорлаётганларни тўхтатадиганлар борми? Экопартия, Экология вазирлиги бу масалага бефарқ бўлмайди деган умиддаман».

Биз мақолани чоп этгач, ижтимоий тармоқларда анчагина баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Афсуски, бу ёзганларимиз шар каби осмонларга учиб кетди. Яъни мақола сарлавҳасида айтилганидек, осмонга учирилган қувноқ шарлар қайғули воқеаларга сабаб бўлмоқда. Бугун яна ҳамкасбимизнинг facebook саҳифасида худди шундай постига кўзим тушди. Ва бу хабар экологиянинг етакчи нашрларидан бўлган  Ekolog.uz  сайтига ҳам жойланган: «15 май куни Андижон шаҳридаги «Наврўз» савдо марказининг 3 йиллигини нишонлаш мақсадида 30 мингта шарни ҳавога учиришмоқчи экан. Шундай шоу ўтказишни Тошкентдаги «Ашхобод»  сайилгоҳи бошлаб берганди. Шарларни ҳавога учиришнинг салбий оқибатлари ҳақида огоҳлантирган эдик, ҳатто хориждаги ўтказилган шоулар мисолида.

«Наврўз» савдо маркази, одамларнинг кайфиятини кўтаришни истаса, одамлар учун бирор ерда ўша шарларга кетадиган пулга 30 дона дарахт экиб берсин. Дарахтлар ҳам кўкариб, катта бўлиб кетса одамларга яхши кайфият беради. Одамлар соя салқинида дам олганда эслаб юрсин. Эртага Андижондан кейин эстафетани ким давом эттиради экан? Биз Андижон вилоят Экология бошқармаси ва вилоят экология партияси раҳбариятидан ушбу ҳолат билан жиддий шуғулланишларини сўраймиз».

Экофаол жон куйдираётганидек, савдо марказининг 10 йиллигида 100 мингта шар учириладими, келгусида? Ахир шарларни осмонга учириш қанчалик қимматга тушишини наҳотки англаб етишмаётган бўлишса?

Замонавий латекс шарлар 100% биологик парчаланадиган сифатида сотилади, чунки улар резина дарахтларнинг шарбатидан тайёрланади. Бу мутлақо тўғри эмас – гарчи латекс синтетик пластмассалар ёки аввалги шарлардан тезроқ парчаланишига қарамай, улар бир қатор салбий оқибатларга олиб келиши учун етарлича узоқ вақт сақланиб қолади – парчаланиши учун ойлар ёки йиллар керак бўлади.

Денгизларни муҳофаза қилиш жамияти маълумотларига кўра, сўнгги 10 йил ичида Буюк Британия пляжларида топилган шарлар ва ҳаво шарлари сони уч баравар кўпайган. Хавфли томони шундаки, денгиз ҳайвонлари кўпинча бу қолдиқларни озиқ-овқат деб адашиши мумкин, бу эса ошқозон ва ичакларда ички тиқилиб қолишга олиб келади, натижада очлик ва ўлимга олиб келади. Ичакларини тўсиб қўйган шар қолдиқлари билан топилган китлар, дельфинлар, тошбақалар ва акулалар бунга мисол. Айниқса, тошбақалар азобланади, чунки шар қолдиқлари тошбақалар учун асосий ўлжа бўлган сувдаги медуза каби кўриниши мумкин. Айниқса қушлар, шунингдек, каучукни ютиб юбориши ёки ипга ўралиши ва очликдан ёки ипдан инфекцияланган жароҳатлардан даҳшатли узоқ давом этадиган ўлим туфайли шарлардан жабрланади. Австралиялик биологнинг айтишича, у текширган ҳар 20 денгиз қушининг 1 таси ўлимига шар сабаб бўлган.

Ҳар бир шар денгиз ва қуруқликдаги ёввойи табиат учун потенциал ўлим тузоғидир. Бу, шунингдек, бир сўз билан айтганда, чиқинди. Яхши хабар шундаки, кўпроқ одамлар ҳаво шарларини ишлаб чиқариш хавфидан хабардор бўлишмоқда, бу афсуски бизда эмас хорижда.  

Бутун дунёда шарлар хавфи тобора кўпроқ эътироф этилмоқда.

«Россия жамоат ташаббуси» платформаси бир йили осмонга ҳаво шарларини оммавий учиришни тақиқлаш учун имзо тўплашган. Экологларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ўтган йилларда 9 май арафасида Тюмен мактаблари осмонга ўртача 80 мингта ҳаво шарини учирган. Сочида экологик фаол Олга Бойка ЛEД шарларини сотишни қисман тақиқлашга эришди. АҚШнинг бир қанча штатларида оммавий ҳаво шарларини учириш аллақачон тақиқланган.

Германия, Буюк Британия ва Американинг бир қатор штатларида қоидабузарларга жарима солинади. Тинч океани соҳилида жойлашган Американинг Лагуна-Бич шаҳри маъмурлари ҳаво шарларини сотиш ва улардан фойдаланишга тақиқ жорий қилган. Американинг бошқа штатларида – Мериленд, Виржиния ва Гавайида – бу чора аллақачон кучга кирди. У ерда жарима 500 долларгача. Шунга ўхшаш қонунлар Нью-Йорк ва Флоридада кўриб чиқилмоқда. Италияда эса шарлар Феррара шаҳри мери назоратига ўтди. У ерда уларни осмонга чиқариш тақиқланган. Қоидани бузган фуқаролар 125 евро миқдорида маъмурий жаримага тортилиши мумкин.

Биз-чи, биз қачон тадбир излаймиз. Экофаол Наргис Қосимова одамларни хурсанд қилмоқчи бўлсангиз 30 та дарахт экинг, дея мурожаат қилмоқда, биз эса қушлар учун 30 мингта эмас 30 дона уй қуринг, деб айтмоқчимиз. Эсингизда бўлсин – бирон жонзотнинг ҳаётини тўхтатиш учун фақат битта шар етарли...

Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг