«Кимдир катта миқдорда «сабзи» сотмоқчими ё?» – Жамоат транспортида тиббий қўлқоп мажбурий қилиниши кескин қарши олинди
19 октябрь санасидан Тошкент шаҳар жамоат транспорти (автобус, метро, йўналишли такси) хизматидан фойдаланганда йўловчиларнинг тиббий ниқоб билан биргаликда тиббий қўлқопда бўлиши шарт этиб белгилангани ҳақида Транспорт вазирлиги хабар тарқатди.
Хабарга кўра, махсус ишчи гуруҳи томонидан транспорт инфратузилма объектлари ва жамоат транспортида кучайтирилган тартибда назорат тадбирлари ўтказилади.
Ушбу қарор ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
«Кеча туни билан бундан кўзланган мантиқий мақсадни ўйлаб, ўйимга ета олмадим, – деб ёзади блогер Хушнудбек Худойдердиев. – Биринчидан, бунинг қандай фойдаси бор? Кимдир аниқ кафолат бера оладими бу қарор фойдали эканлигига. Илмий изланишлар олиб борилганми? Аниқ тадқиқотларнинг хулосаси борми? Ёки шунчаки қайсидир коттаконнинг хаёлига келди, тамомми? Дезинфекция туннелларидан сабоқ чиқармадикми?
Иккинчидан, Транспорт вазирлигининг бунақа қарор қабул қилишга ваколати борми ўзи? Фуқароларга яна қўшимча харажат қилдирадиган мажбурий талабни қўйишга ким уларга ҳуқуқ берди? Ёки текин қўлқоп тарқатишадими ҳамма йўловчиларга?
Ҳа, айтганча, бу ҳали ҳаммаси эмас. Эндиликда Транспорт вазирлигининг инспекторлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳи транспорт объектлари ва жамоат транспортида кучайтирилган тартибда назорат тадбирлари ўтказар экан, яъни ниқоб ҳамда қўлқоп тақмаган фуқароларни аниқлаб, жарима солишса керак-да ҳойнаҳой.
Хуллас, бу қарорни ўқиб, аввалроқ каналимда ёзган латифа яна эсимга тушиб кетди. Кимдир телефон қилган шекилли, "акалар, сабзимиз кетмаяпти, сабзини айтинглар" деб...».
«Транспорт вазирлиги, нима қиляпсилар эй? – деб ёзади блогер Шаҳноза. – Бир ярим минг сўмлик автобусга чиқиш учун яна беш минг харажат қиладими одамлар? Бир марталик қўлқоп уч минг, ниқоб икки минг турса. Таксида юрмай, автобусга чиқар экан, ўша бир марталик қўлқопни титилиб кетгунича киймаслигига, қўлқопи орқали вирусни янада кўпроқ тарқатмаслигига кафолат борми? Ундан кўра қўлини тез-тез ювиб юргани яхши-ку. Хушнуд айтмоқчи, кимдир катта миқдорда “сабзи” сотмоқчими ё?».
«...Москвада 16 октябрдан метро ва автобусларга қўлқоп ва маскасиз киритиш тўхтатилган эди. Ўзларига қулай пайти ўзимизники, ўзларига керак пайти хорижникини маъқуллашнинг яққол намунаси бу. Айниқса, русларнинг хатти-ҳаракатларини такрорлаш бўйича устамиз.
Дарвоқе, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус юқтиришнинг олдини олиш мақсадида қўлқоп тақиб юришни тавсия қилмайди. Қўлқоп тақиш аксинча инфекцияни юқтириб олиш эҳтимолини оширади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига ҳам ўзимизга маъқул пайти амал қиламиз, одатда.
Руслар вирус юқтириш бўйича янги рекордларни кўрсатаяпти, бизда агар расмий статистикага ишониладиган бўлса, вазият анча барқарорлашиб қолган. Расмий статистикага ишонсак, албатта» – қайд этади «Davletovuz».
Жамоат транспортида тиббий қўлқопнинг мажбурий қилиниши турли ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан ҳам кескин қарши олинмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter