Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Коронавируснинг янги белгиси аниқланди

Коронавируснинг янги белгиси аниқланди

Фото: «Reuters»

Ҳид ва таъм билиш қобилиятининг сусайиши коронавирус инфекциясининг муҳим аломатларидан бири саналади. Британия отоларингологлар уюшмаси ўнлаб беморларни ўрганиб шундай хулосага келган.

Жанубий Корея, Хитой ҳамда Италияда COVID-19 инфекциясини юқтирганларнинг чорак қисмида айнан ҳид ва таъм билиш сезгиси кескин сусайган. 

Германияда ҳам бедаво вирусга чалинган ҳар уч бемордан икки нафари ис сезиш қобилиятини йўқотган. Коронавирус билан оғриган франциялик таниқли баскетболчи Руди Гобер ҳам айнан ҳид ва таъм сезгиси ғойиб бўлганидан арз қилган.

Мазкур аломат нисбатан ёшроқ беморларда кўпроқ қайд этилган.

Италиялик шифокор Марко Метра шахсий кузатувларига таяниб инглиз ҳамкасблари хулосасини тасдиқлаган. 

Мутахассисларга кўра, ҳид ва таъм сезгисининг йўқолиши нафақат COVID-19 вируси, балки нафас йўлларига дахл қилувчи бошқа юқумли хасталикларга ҳам хосдир.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти хулосасига кўра, иситма, қуруқ йўтал, бош ва мушакларда оғриқ, ҳолсизлик ҳамда чарчоқ коронавируснинг асосий аломатлари сирасига киради. Аммо кейинги пайтларда COVID-19 инфекциясини юқтирган кўп сонли беморларда мазкур аломатларнинг бирортаси кузатилмай, фақат ҳид ва таъм сезгиси йўқолиши рўй бермоқда. Эрон, АҚШ, Францияда шундай ҳолат кўпайган.  

Ҳид ва таъм сезгисининг йўқолиши коронавируснинг ҳали кўпчиликка маълум бўлмаган белгиси саналади. Шу боис кўп ҳолларда бундай беморлар вирусни ён-атрофдаги ўнлаб одамга юқтириши хавфи ошади. Шунга кўра, британиялик шифокорлар ҳид ва таъм сезгисини йўқотган касалларни жамоат жойларига чиқмай, уйда ўз-ўзини карантин қилишга ундамоқда. Айни чоқда, улар ҳамкасбларига ҳам ҳид ва таъм сезгиси сусайган беморларни шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланган ҳолда кўрикдан ўтказиш лозимлигини уқтирмоқдалар.

Инглиз шифокорларининг хавотири бежиз эмас. Буюк Британияда отоларингологларнинг коронавирусга чалиниши ҳолати аллақачон қайд этилди. Хитойда ҳам кўп сонли отоларинголог ҳамда кўз шифокорлари вирус юқтириб олган ва улардан айримлари вафот этган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг