Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Куёвчак» туркумидан. Ўн саккизинчи баҳорни кўрмаган қиз

«Куёвчак» туркумидан. Ўн саккизинчи баҳорни кўрмаган қиз

Фото: «Augustnews.ru»

Ўтган йилнинг сентаябрь ойлари эди. Ишхонада ўтирсам телефон жиринглаб қолди. Олсам бир қиз экан. Ўзини таништириб рақамимни ҳамкасбим Саида опадан олганини айтди.

— Бир маслаҳатингиз керак эди, — дея сўзини давом эттирди у.

— Майли қўлимдан келса бемалол, — дедим.

— Жияним бор, акамнинг қизи. 17 ёшда. Юраги хаста. Шифокорлар фақат жарроҳлик амалиёти ёрдам беради, дейишаяпти. Сиз бир юрак жарроҳи ҳақида очерк ёзган экансиз. Жиянимни ўша шифокорнинг кўриги ва маслаҳатига олиб бормоқчи эдик.

— Жуда яхши ўйлабсизлар, — дедим. — Агар лозим бўлса мен ҳам бирга бораман. Имкон қадар масаланинг ижобий ечимини топишга ҳаракат қиламиз. Қачон бормоқчисизлар?

— Ҳозир эмас, — деди суҳбатдошим. — Акам тўнғич қизини унаштириб қўйган. Бир ойдан кейин тўй. Биласиз, тўйнинг ўзи бўлмайди. Ўзига яраша ташвишлари, сарф-ҳаражатлари бор. Мебел, сеп-сарпо олиш керак. Куёв томоннинг талабларини бажариш дегандек. Ҳаммамиз шу юмушлар билан бандмиз.

— Жиянингизнинг аҳволи тузукми? — сўрадим унинг гапидан ҳафсалам пир бўлиб.

— Анча яхши. Уч кун аввал касалхонадан олиб келдик. Муолажаларни уйда давом эттираяпти. Тўй ўтсин бироз маблағ тўплангач, ўзим сизга яна қўнғироқ қиламан, — деди қиз.

Хайрлашдик. Негадир кўз ўнгимдан юзлари заъфарон, дарддан толиқиб қолган қизнинг маъюс чеҳраси намоён бўлди. Шу дамда қизгинанинг опаси турмушга чиқаётган куёвчакдан ҳам нафратландим.

Ҳаёт ташвишлари билан бўлиб бу гап-сўзларни унутиб юборибман. Яқинда телефон дафтарим чеккасидаги рақам ёнига битилган «юраги хаста қизнинг аммаси» деган ёзувни ўқиб суҳбат ёдимга тушди. Рақамни тердим. Гўшакни ўша қиз олди. Ўзимни таништирдим. Жиянини суриштирдим. У негадир анча пайт жим қолди.

— Нима гап, тинчликми? — сўрадим алланечук хавотирланиб.

— Жияним икки ой аввал ҳаётдан кўз юмди, — деди у ўкинч оҳангида.

— Нега, ахир, соғлиғи яхши деган эдингизку?

— Биз ҳам ғафлатда қолдик. Аввалига тўй ўтишини кутдик. Тўйдан кейинги йиғинлару тадбирларни ўтказиб олайлик, дедик. Жиянимнинг эса ҳаёт шами сўниб бораётганини ҳам пайқамабмиз. Охирги марта тоби қочиб қолганида шифохонага олиб борганимизда шифокорлар «аттанг, фурсатни бой берибсизлар», дейишди. Шундан бир ҳафта ўтиб у вафот этди.

Унинг гапларини тинглар эканман, бўғзимга нимадир тиқилгандек бўлди. Гарчи танимасам ҳам, кўрмаган бўлсам-да, бевақт хазон бўлган қизгинани ўйлаб кўзимдан ёш чиқиб кетди. «Эҳ, сиз нодонлар, ғофил бандалар. Ахир тўй кутиб турарди-ку. Инсон ҳаётини ҳал қиладиган, жисмига жон ато этиб турган юрак эса ҳеч қачон кутиб турмаслигини наҳот билмас эдингиз? Агар энг биринчи навбатда ҳеч қандай мол-дунёга ҳам топилмайдиган саломатликни ўйлаганингизда бугун бир маъсума қиз орамизда бўлар, шоду хуррамликда ўн саккизинчи баҳорни қарши олар эди. Эҳ, ҳавойи орзу-ҳавас бандалари. Энди ўз вақтида қизгинанинг соғлиғи ҳақида қайғурмаганингиз учун, бемаъни ҳою ҳавасларга андармон бўлиб ҳамма маблағингиз ва фурсатингизни «куёвчак»нинг «бахт йўли»га сарфлаганингиз учун бир умр виждон азобида қийналасиз. Сўнгги пушаймондан эса ҳеч қандай фойда йўқ», дея ҳайқиргим келди. Лекин энди кеч, жуда кеч…

Ҳидоят Жўраева

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг