Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Лола Ҳотамова: «27 йилдан кейин зангори экранга қайтдим»

Лола Ҳотамова: «27 йилдан кейин зангори экранга қайтдим»

АҚШда анча йиллар ижтимоий ҳимояга муҳтож одамларга кўмак берувчи ташкилотда координатор бўлиб ишладим.

Фото: Лола Ҳотамова шахсий архиви.

Лола Ҳотамова! Бу исм тилга олиниши билан катта авлод вакиллари кўз олдига сиёсат оламидаги воқеа-ҳодисаларни маҳорат билан шарҳлаган, бир неча тилда равон гапира оладиган тележурналистнинг самимий қиёфаси намоён бўлади. Баъзи сабабларга кўра Ўзбекистондан чиқиб кетган, айни пайтда АҚШда истиқомат қилаётган бу ҳамюртимиз бугун саҳифамиз қаҳрамони. Лола Ҳотамова ҳақида кўпчиликни қизиқтирган саволларга суҳбатимиз давомида жавоб олишингиз мумкин.

— Ватанга хуш келибсиз, Лола опа. Сизни Ўзбекистонда кўрганимиздан хурсандмиз. Қадрдон телевидение сизни қучоқ очиб кутиб олганини эшитиб қувондик.

— Раҳмат. Мен ҳам келганимдан жуда хурсандман. Телевидение ишининг тупроғи оғир бўлади, одам ундан узилиб кетиши қийин, қўмсаб туради. Талабалик давримдан бери эфирга чиқиб юрганим учун 1991 йили ҳеч қандай сабабсиз эфирга чиқармай қўйишгани менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Одам яхши кўрган ишидан жудо бўлса қийин экан. Бошқа ишларни қилиб кўрдим, лекин барибир телевидениедан кўнгил узолмадим. Ҳатто тушларимда ҳам микрофон ушлаб, камера қаршисида турганимни кўрардим, роса хумори тутарди. Мана, 27 йилдан кейин яна зангори экран орқали мухлислар билан учрашиш насиб этди. Лекин, очиғи, роса ҳаяжон босди, ҳатто овозим ҳам ўзгарди, бу ўзимга ҳам сезилди (кўзига ёш олади). Албатта, хурсандлигимнинг чек-чегараси йўқ. Айниқса, мени унутишмагани, ҳали ҳам мухлисларим борлигидан қувондим.

Фото: Лола Ҳотамова шахсий архиви.

Шунча йил кўринмаганимдан кейин одамларнинг эсидан ҳам чиқиб кетган бўлсам керак деб ўйлагандим. «Фейсбук»да баъзи танишлар «сизни кўриб онам йиғлаб юборди» деб ёзишди. Одамларнинг қалбида шунчалик ҳиссиётлар уйғота олганимдан ўзимни жуда бахтиёр ҳис қилдим. Чунки ҳаётда энг муҳими яхши ном қолдириш деб ўйлайман. Телевидениеда бир пайтлар бирга ишлаган одамлар билан яна учрашиб, жуда хурсанд бўлдим. Алишер Хўжаев мен учун вақт ажратиб, телевидениенинг янги биноси — телемарказни бирга айланиб, экскурсия қилдирди.

— Агар сизга телевидениеда яна бир бор кўрсатув тайёрлаш топширилса, қандай дастур ва мавзуга қўл урган бўлардингиз?

— Назаримда, ҳозир ҳам муаллифлик кўрсатуви тайёрлаш қўлимдан келади. Чунки илгарига қараганда ҳозир ўзимни анча мушоҳадали журналист сифатида тасаввур қиламан. Масалан, «Оламда нима гап?»да фақат телетайпда ўқиган хабарларим асосида гапирган бўлсам, энди ўз кўзим билан кўрган, гувоҳ бўлган воқеалар ҳақида гапира оламан. Менимча, туризм билан ёки халқаро аҳвол билан боғлиқ кўрсатувлар мавзуларини ҳам ёрита оламан.

Фото: Лола Ҳотамова шахсий архиви.

— Саёҳатни яхши кўришингиздан хабаримиз бор...

— Жуда яхши кўраман. Ёшлигимда биз мактаб ўқувчиларини уч ой Москвага пионер лагерига юборишганди. Ўшанда менда саёҳатга ҳавас уйғонган. Ҳиндистонда ўн ой ўқидим, круизларида бўлганман. Австралия, Фижи ороли, Малайзия, Сингапур, Доминикан... Американинг 28 та штатида бўлдим, қолган 22 штатини ҳам кўриш ниятим бор. Биласизми, янги давлатларга борсам кайфиятим кўтарилади. Янги жойларни кўриш асносида ўша ернинг одамлари, урф-одатларини кузатаман, ўрганаман. Саёҳатлардан чарчамайман.

— Телевидениемизда айни дамда қандай кўрсатувлар етишмаяпти деб ўйлайсиз?

— Иложи бўлса, жонли кўрсатувлар кўпайтирилса. Ҳаддан ташқари танқидга ҳам берилиб кетмаслик лозим, бор нарсани борича кўрсатиш керак. Ҳамма дастурда танқид бўлиши шартмас. Яхши нарсаларга ҳам тўғри баҳо бера билиш лозим. Ўзим жонли кўрсатувларни яхши кўрардим. Илгари телекўприклар бўларди. Ёзиб олинган кўрсатувлардан кўра тўғридан-тўғри эфирга узатиладиган кўрсатувлар табиийроқ чиқади.

— Ёш журналистларга қандай тавсиялар беришни истайсиз?

— Улар ҳаётга яқинроқ бўлишлари керак. Журналистлар амалдорлар ва халқ ўртасида кўприк, одамларнинг ўй-хаёллари, манфаатлари, эҳтиёжлари ҳақида хабар бериб туришлари лозим. Кейин кўпроқ тил ўрганишларини истайман. Рус, инглиз тилларини билишлари керак.

— Америкада телевидение ёки радиода ишлаш учун ҳаракат қилиб кўрмадингизми?

— Албатта ҳаракат қилдим. Лекин у ерда маҳаллий дипломга эътибор катта. Америкада ўқиб диплом олишга эса имконим бўлмади. Мен икки фарзандим учун ҳам ота, ҳам она бўлиб ишлаб, уларни оёққа қўйишим керак эди. Ишга берилиб кетдим. Агар имконим бўлганида уч-тўрт йил ишламасдан ўқиганимда эди, Америкада ҳам ўзим истаган соҳада ишлаган бўлармидим...

— Оилангизда ўзбекона урф-одатлардан қайсиларини сақлаб қолгансиз?

— Биринчидан, иккала қизим билан ҳам уйда ўзбек тилида гаплашамиз. Куёвим америкалик бўлса-да, набирамга Ширин деб исм қўйдик. Қизим ҳам фарзанди билан асосан ўзбек тилида гаплашади. Ота-онага ҳурмат, катталарни иззат қилиш одатларини сақлаб қолганмиз, ўзбекча таомлар, кўпинча ош қиламиз. Биз ҳозир яшайдиган жойда ўзбеклар кам, асосан америкаликлар яшайди. Лекин биз Флоридада, ўз уйимизда «кичик Ўзбекистон» яратиб шундан баҳраманд бўлиб юрибмиз.

— Бегона юртларда ватан соғинчини қандай енгасиз?

— Бу борада менга ҳар доим китоб ёрдам берган. Ота-онамга раҳмат, мени китобга дўст қилиб тарбиялашгани учун. Америкада ўз кутубхонам бор, ҳар гал Ўзбекистонга келганимда китоб олиб кетаман. Рашод Нури Гунтекиннинг «Чолиқуши» асари энг севимли китобим. Ҳар ўқиганимда ўзим учун янги бир нарса кашф этаман. Ўтган йили келганимда ҳам янги нашридан олиб кетдим. Рус ва инглиз тилларида электрон китобларни кўп ўқийман. Соғинчни енгиб ўтишга энг яхши ёрдам берадиган нарса — инсон ўзини илм билан банд этиши ва китоб ўқиш деб ўйлайман.

— Ҳаётда ҳар хил вазиятлар бўлади? Машаққатларга бардош бериш, уларни енгиб ўтиш бўйича ўзингиз яратган қандайдир формулангиз борми?

— Менга доим оилам ёрдам берган. Онам жуда доно аёл бўлган, 88 ёшида ҳам хотиралари бутун бўлган. Телефон орқали менга доим яхши маслаҳатлар бериб турарди. Қийин вазиятларда ҳам кўнглим чўкиб, тушкунликка тушиб қолмадим. Ҳаёт давом этади дейишади-ку. Одам ўзида куч топа билиши керак. Ота-она берган тарбия, олган илми, касб-ҳунари шунақа пайтда асқотаркан. Юрганга йўл очилади деб бежиз айтишмайди. Одам қанча олдинга интилса, шунча куч келади.

Фото: Лола Ҳотамова шахсий архиви.

— Охирги марта Тошкентга қачон келгандингиз ва бу давр ичида юртимизда қандай ўзгаришларни сездингиз?

— Бир йил бўлди. Лекин шу бир йилда жуда катта ўзгаришлар бўлгани сезилди. Одамларнинг ҳаёти яхшиланиб, руҳи тетиклашганини сезаяпман. Кўчалар чиройли, йўллар кенгайтирилиб, янги уйлар, кўприклар қурилаяпти. Янаги йил келганимда Тошкентни танимасам керак. Телевидениеда чиқишимнинг ўзи ҳам ўзгаришлардан далолат-да. Бўлар-бўлмас гаплар ҳам бир кишининг ҳаётини ҳал қилиши мумкин экан. Мен моддий манфаат қидириб кетиб қолганим йўқ хорижга. Қадримга йиғлаб кетдим... Лекин ҳақиқат эгилади, букилади, синмайди дейишгани рост экан. Мана ҳозир ҳаммаси изига тушди.

— Фарзандларингиз, у ердаги фаолиятингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз.

— Америкага икки фарзандим билан кетдим. Катта қизим роман-герман факултетини контракт асосида ўқиб тугатди. Тил билгани учун қийналмади, ҳозир Нью-Жерси штатида оиласи билан яшайди, банкда ишлайди. Кичик қизим Флорида штатида яшайди. Компютер йўналиши бўйича фаолият юритади. Иккаласи ҳам мустақил, иши, уй-жойи бор. Ўзим анча йиллар ижтимоий ҳимояга муҳтож одамларга кўмак берувчи ташкилотда координатор бўлиб ишладим. Уч йилдан бери Флоридада риэлтор бўлиб уй олди-сотдиси, ижараси билан шуғулланадиган компанияда ишлайман. Бунинг учун махсус курсларда ўқиб, диплом, лицензия олганман. Кўпчилик пенсияга чиққан америкаликлар кексайганда Флорида каби иссиқ штатларга кўчиб ўтишади. Шунинг учун бу штатда уй олди-сотдиси яхши йўлга қўйилган.

— Дунё кўрган аёл сифатида аёлларимизга қандай тавсиялар берасиз?

— Ўзбек аёли бўлиш осон эмас, буни мен ўз мисолимда ҳам кўрганман. Қанчалик яхши оилада тарбия кўрган бўлманг, тушган оилангизга мослашишингиз керак. Бўлмаса қийин. Қиз бола яхши оилага тушса-ку, хўп-хўп. Масалан, ўзим тўйим куни «тузукроқ мебел қилишмабди-да» деган гапни эшитиб, жуда ранжиганман.

— Ўша пайтда ҳам бормиди бу гап?

— Ҳа, қирқ йиллар олдинги гап бу. Бўлмаса, сарпомга немисларнинг мебелини қўшиб беришган. Шу одатимиз жуда ёмон. Бир қизни ўқитиб, ҳунарли қилиб бошқа бир оилага узатасизу, яна ҳамма жиҳозини олиб бериш керак. Куёв ётадиган кароватдан тортиб, кийим-кечагигача. Президентимиз ҳам бекорга куйиниб «бешта қизи бор ота нима қилсин, ўзини оссинми?» демади-да. Шу сабабли, назаримда, икки томон келишиб, муроса-ю мадора билан иш қилиши керак. Қизлар эса биринчи навбатда ҳунар, касб, билим эгаллаши лозим. Яхши-ёмонни ажратиб турмушга чиққани маъқул. Қайнона билан келин ўртасида эса дипломатия бўлиши керак. Бир гапдан қолган одам кам бўлмайди. Бир пайтлар Америкада ажрашишлар кўп эди, ҳозир афсуски, ўзимизда ҳам бироз кўпайган.

— Кўплаб сиёсий арбоблар билан суҳбатлашгансиз, улар орасидан энг эсда қоларли суҳбат ким билан бўлган?

— Ҳиндистоннинг ўша пайтдаги бош вазири Нарасимха Раодан интервю олганман. Кейин Ҳиндистоннинг юртимиздаги элчиси билан ҳам суҳбатлашганман. Лекин сиёсий арбоблардан Шароф Рашидов билан бўлган суҳбат катта таассурот қолдирган. Жуда меҳрибон, хушмуомала, адолатли, халқпарвар раҳбар эди.

— Лола опа, сизни ҳамон унутмаган мухлисларингизга тилакларингиз?

— Юртдошларимиз соғ-омон бўлишсин. Мен Ўзбекистоннинг ҳақиқий фаровон мамлакат бўлишини истайман. Ватанимиз бой, ҳамма нарсамиз бор. Ўзбекистон дунёга фақат яхши ном билан чиқишини хоҳлайман. Тарихда буюк сиймоларни берган халқ яна шундай қадрга муносиб.

— Мароқли суҳбатингиз учун ташаккур.

Дилфуза Собирова суҳбатлашди.

«Даракчи» газетасидан олинди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг