Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мажлис, бошлиқ ва ўринбосар (ҳажвия)

Мажлис, бошлиқ ва ўринбосар (ҳажвия)

– Олинг энди, қўлни қайтарманг. Ошдан олдин бир пиёла ҳеч нарса қилмайди.

Соли Валиевичнинг «иш вақтида ичмайман», деб ўз-ўзига берган ваъдаси миясида чарх уриб турган бўлса-да, ароқ узатаётган илҳақ қўлни қайтаришга раъйи бўлмай турарди. Шундай бўлса-да, ичмасликка охирги бор уриниб кўрди:

– Тушдан сўнг бир йиғилишга боришим керак, ичиб бориш ноқулай.

– Ўша йиғилишга биз ҳам айтилганмиз, – пиёла узатаётган киши бўш келмади. – Мажлисга ўринбосарни юборасиз. Сизни бир оз мазаси йўқ дейди. Ахир ўринбосар нима учун керак? Раҳбар ҳам одам, дам олишга ҳаққи борми, йўқми? Нима дединглар?

Ўтирганлар бараварига «албатта, албатта» деб бу гапни маъқуллашди.

Далдалардан бир оз хотиржам бўлган Соли Валиевич кўнглини орзиқтириб юборган ароқ тўла пиёлани олдига қўяркан, мулоҳаза юритди: «Ҳақиқатан ўринбосарни йиғилишга юбориш мумкин-ку! Нима гаплар бўлганини келиб айтади».

У ўйлаган ўйидан қаноат ҳосил қилиб ишхонага сим қоқди. Бир оз мазаси йўқлиги, ўрнига ўринбосар йиғилишга бориши кераклигини котибага қаттиқ тайинлади.

«Ошнинг тагида қоладигани»дан сўнг, «жуфт бўлсин» ҳам олиниб, орқасидан анча вақт чойхўрлик қилинди. Соли Валиевичнинг нигоҳидаги хавотир аломати кетмаган эди.

– Янги раҳбарсиз. Ҳар нарсага юрак ҳовучлаб туриш ярамайди, – унинг ҳолатини кўрган каттагина корхона раҳбари тинчлантирган бўлди. – Ҳали ўрганиб кетасиз. Одам фақат ишни эмас, ўзини ҳам ўйлаши керак, ука. Эрта ош навбати бизники, албатта келинг. Бу таклиф ҳаммага тааллуқли.

Иш вақти тугашига бир соат қолганда кайфи бир оз тарқаган Соли Валиевич ишхонага қайтиб, ўринбосарини чақиртирди.

– Нима гап? Йиғилишга бормаганим учун гапиришмадими?

– Йўқ. Йиғилишни ўринбосар ўтказди. Раҳбарнинг мазалари бўлмабди.

Соли Валиевич стол устидаги хатларни кўздан кечирар экан, эртага бўладиган мажлиснинг таклиф қоғозини ўринбосарга узатди.

– Шу йиғилишда сиз иштирок этинг. Мабодо мени сўраб қолишса, вазирликка кетган деб айтинг.

– Хўп бўлади, Соли Валиевич!..

Хуршид Нуруллаев

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг