Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Официантликдан президентликка қадар (1-қисм)

Официантликдан президентликка қадар (1-қисм)

Фото: «112.ua»

АҚШда президентлик сайловлари 2020 йил ноябрда бўлиб ўтади. Аммо унгача ҳар икки етакчи партия ўзининг ягона номзодини эълон қилиши керак.

Трамп республикачилар партиясидан ўз номзодини иккинчи муддатга илгари суришини билдирган бўлса, демократларнинг ўнга яқин вакиллари ягона битта вакилни саралаб-аниқлаб олишлари лозим. Демократлар ҳозир республикачиларга қараганда сиёсий ҳаракатларни анча фаол олиб боришмоқда.

Элизабет Уоррен хоним АҚШ президентлигига демократлар орасидан ички курашларда қатнашаётган яна бир номзоддир. Унинг номи ва обрўси партия сафида Жо Байден ва Берни Сандерс каби машҳур ва кучли.

У 1949 йилда туғилган. Айни пайтда 69 ёшда. Ишчилар оиласи вакиласи бўлиб, 12 ёшга тўлганида отаси юрак хуружига учрайди ва меҳнатга қобилиятсиз бўлиб қолгани сабабли ўз иш жойини йўқотади. Шундан кейин ёш қиз оиласига ёрдам бериш мақсадида мексика таомлари ресторанида официант бўлиб ишлай бошлайди.

Илмга бўлган интилиши туфайли Хьюстон ва Ратгер университетларини юридик соҳа бўйича тамомлади. Ушбу олийгоҳларда қолиб, талабаларга таълим ҳам берган. Ҳуқуқ соҳаси профессоридир.

2013 йил 3 январдан Массачусетс штати сенатори сифатида ушбу муҳим лавозимга мазкур штатдан ўтган илк аёл бўлди.


Мавзуга оид: Президентлик пойгаси. АҚШда катта жанг бошланди


Эътиборли томони, у 1996 йилга қадар Республикачилар партияси таркибида эди. 1996 йилдан Демократлар сафига қўшилди ва партиянинг тараққийпарвар қаноти етакчиларидан бирига айланди. 2015 йилда Блумберг версияси бўйича жаҳоннинг энг таъсирли одамлари рўйхатида 19-ўринни эгаллади.

Икки бор турмуш қурган. Биринчи қайлиғи НАСА муҳандиси Жим Уоррендан бир қиз ва бир ўғил фарзанди бор. 1980 йилда Гарвард университети профессори Брюс Манн билан оила қурган.

Ядро зарбаси беришга қарши

Ядро қуроли бўйича. У АҚШ ташқи сиёсатда тинчликпарвар сиёсат олиб бориши тарафдори бўлмоқда. Конгресс Қуйи палатаси қуролли ишлар бўйича қўмитаси раҳбари Адам Смит билан биргаликда АҚШ Қуролли кучларига ядро қуролидан биринчи бўлиб фойдаланишни тақиқловчи қонун лойиҳасини киритди.

«Бизнинг ядровий стратегиямиз нафақат эскирган, балки жуда хавфли ҳамдир. Агар қонун лойиҳамиз қабул қилинса, АҚШ Қуролли кучлари ядро қуролини биринчи бўлиб қўллаш имкониятидан маҳрум бўлади. Шу тариқа АҚШнинг халқаро майдондаги обрўси ортади. Тийиб туриш – ядро қуролининг ягона мақсадидир.

Қонун лойиҳаси ядро соҳасидаги янглишиш имкониятларини камайтиради. АҚШнинг дунёдаги маънавий ва дипломатик етакчилигини сақлаб қолади», дейди хоним мазкур лойиҳанинг аҳамияти ҳақида гапирар экан. 

Элизавет ҳарбийларни Россия билан имзоланган ўрта ва яқин масофадаги ракеталар бўйича келишувни сақлаш қолиш масаласи бўйича қайта ўйлаб кўришга чақирмоқда. Чунки «бу келишувдан чиқиш хавфли ва қимматга тушадиган қуролланиш пойгасига сабаб бўлади», деб ҳисоблайди.

Гигантлар монополиясига қарши. Корпорацияларга нисбатан қаттиққўллик билан сиёсат олиб боришни ёқламоқда.

Шунингдек, у йирик технологик компаниялар, жумладан Кремний водийси гигантлари – «Facebook», «Google» ва «Amazon»ни бўлиб ташлаш ниятида. Чунки бу глобал интернет компаниялари ўз эҳтимолий рақобатчиларини ўйиндан чиқариш ва уларни сотиб олиш учун улкан ресурсларга эга бўлиб олишган.

Хонимнинг фикрига кўра, улар «хизматлар учун платформа» мақомини олишлари зарур ва бу платформадаги ҳар қандай фойдаланувчиларга бир вақтнинг ўзида эгалик қилишини тақиқлаб қўйиш керак.


Мавзуга оид: «Энг жозибали прокурор» энди президентликка даъвогар


Қолаверса, улар рақобатга қарши бўлгани учун компанияларнинг технологик қўшилишларига барҳам бериш керак. Кичик корхоналар ҳам «Амазон» каби гигантларга қарши бозорда рақобат қила олиши, улар ҳам ўз бизнесини сиқиб-эзиб қўйилишидан қўрқмасдан, маҳсулотларини интернет-компаниялари савдо майдончаларида сота олиш имкониятига эга бўлиши лозим.

«Facebook» ҳам ўз фойдаланувчилари ҳақидаги маълумотлар махфийлигини ҳурмат қилиши керак. «Google» ҳам излаш чоғида ўз рақиблари ҳақидаги маълумотларни энг қуйига тушириб юбормаслиги даркор.

«Демократиямизда кучлар мувозанатини тиклаш, рақобатга имкон яратиш, келгуси авлодларга технологик инновацияларни етказиб беришимиз учун биз албатта шундай ишларни қилишимиз керак. Замонавий дунёда технологик компаниялар иқтисодиёт, жамият ва демократяга таъсир кўрсатиш учун жуда катта ҳокимиятга эга бўлиб олишди. Бунга йўл қўйиб бўлмайди», дейди хоним куйиниб.

Бойлар солиқ тўлаши керак...

У 2014 йилда «Тараққиёт учун 11 қоида»сини эълон қилган эди. Унда корпорацияларни қатъий тартибга солиш, таълимдан фойдаланиш, илм-фанга сармоя киритиш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, тармоқлар  нейтралитети, ойлик иш ҳақларини ошириш, меҳнатга тенг ҳақ тўлаш, жамоавий музокаралар ҳуқуқи, ижтимоий ҳимоя, иммиграция ислоҳотлари, репродуктив саломатлик каби масалаларини илгари сурган.

Сайловолди кампаниясида меҳнаткашлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, иш ҳақини ошириш, АҚШ фуқаролари учун тиббий хизматдан фойдаланишни кенгайтириш унинг асосий йўналишларига киради.

«Америкада ҳар бир инсон қонун бўйича ишлаш, ўзи севган инсонлари ҳақида ғамхўрлик қилиш шароитларига эга бўлиши керак. Мана мен нима учун курашаяпман. Шу сабабли мен сайловларга тайёргарлик қўмитасини туздим», дейди хоним.

«Коррупция демократияни заҳарламоқда. Суғурта компаниялари беморлар ҳаётини сақлаб қолишдан воз кечмоқда, йирик банклар мижозларни таламоқда, нефть компаниялари сайёрамизни йўқ қилмоқда. Шундай бир шароитда сиёсатчилар бошқа томонларга қарамоқда, – дейди у. – Америкада ўрта қатлам хавф остида қолмоқда. Миллиардерлар ва корпорациялар ҳар доим пирогнинг катта қисмини уриб қолиш пайида. Биз ўрта қатлам учун, ўртача ойлик иш ҳақини ошириш ва улар манфаатлари учун курашамиз», дейди у.

Элизабет Уоррен агар сайланса бойларга нисбатан синфий курашни бошлаши мумкин. Чунки ҳақиқатда АҚШда бойлар ва камбағаллар ўртасидаги фарқ ниҳоятда катталашиб кетди, амалдаги сиёсий ядро улар манфаатларига хизмат қилиш билан банд.


Мавзуга оид: Гавайилик қаҳрамон АҚШни ўзгартирмоқчи. Президентлик пойгасига яна бир хоним қўшилди


Ҳозирда мамлакат аҳолисининг 0,1 фоизини бойлар ташкил қилса-да, миллий бойликларнинг 20 фоизи улар қўлида жамланган. Ваҳоланки, бу кўрсаткич ўтган асрнинг 70-йилларида 8 фоиздан ошмас эди.

Хоним бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тавофутни қисқартириш мақсадида йиллик даромади 50 миллион доллардан ошган шахсларга бадавлатлик солиғини жорий қилиш таклифи билан чиқмоқда.

2018 йил августда сенатор Элизабет Уоррен АҚШда қонунчиликка ўзгартириш киритиш бўйича лойиҳани ҳам эълон қилган эди. Унга мувофиқ йирик корпорациялар ўз директорлар кенгаши 40 фоизигача бўлган таркибини ходимлар орасидан сайлаб олиши керак бўлади.

Аммо экспертлар бу интилишни «инсоният тарихидаги хусусий мулкка энг йирик ҳужум» деб баҳолади. Аммо факт шундаки, АҚШда корпоратив лобби жуда кучли. Шу билан бирга, аҳоли орасида Америка учун анъанавий акциядорлар манфаатларига қаратилган корпоратив бошқарув моделини ўзгартириш кайфияти кучаймоқда.  

Элизабет Уоррен бу ташаббуслар орқали чуқур стратегияга ҳам эгадир, яъни электоратнинг кўп сонли ўртаҳол аҳоли қатламига таянмоқда.

Хоним Президент Д.Трампнинг Хитойга нисбатан иқтисодий чеклов чораларини ҳам танқид қилди.

У 2018 йил апрелда Пекинга сафари чоғида АҚШнинг Хитойга нисбатан барча сиёсати хато бўлаётганини очиқ айтди. «Биз ҳаётга тўғри келмайдиган ишларни қилаяпмиз. АҚШда сиёсатчилар ўзини янада тажовузкор тута бошлади», дейди.

А.Ҳасан ўғли, журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг