Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Она-бола Кюрилар муваффақияти ва фожиаси

Она-бола Кюрилар муваффақияти ва фожиаси

фото: интернет, очиқ манба

Варшавалик Бронислав Склодовский гимназияда физика фанидан сабоқ берарди. Турмуш ўртоғи Владислава эса гимназия директори вазифасида ишларди. Уларнинг беш нафар фарзанди бўлиб, ҳаммаси қиз эди. Бундан аҳён-аҳёнда эр-хотиннинг дили ўксир, «Вақти-соати етгач, қизларимиз турмушга чиқиб, уйли-жойли бўлиб кетишар. Хўш, биз-чи?.. Кексайган чоғимизда ҳолимиз не кечади, бизга ким суянчиқ бўлади?» дея, хавотирга тушишарди.

Хайриятки, дилбандлари меҳр-оқибатли бўлиб улғайишди. Ота-онани ҳаргиз ранжитишмади, ҳамиша ҳурматларини жойига қўйишди. 1867 йил 7 ноябрда туғилган кенжа қиз Мария эса ота-онаси ва оиласига шон-шуҳрат келтирди. Дунё илм-фан ривожига беқиёс улуш қўшиб, асрларга татигулик обрў-эътибор қозонди.

Қизиғи шундаки, ёш қизалоқдаги ноёб иқтидорни ота-онасидан кўра шу оиланинг яқин дўсти, рус кимёгари ва педагоги Дмитрий Иванович Менделеев олдинроқ илғади. У илмий хизмат сафари билан Польшада бўлган кезлари лабораторияда отасига кўмаклашаётган Марияни учратиб қолди. Қизнинг ишини кузатиб, илм билан шуғулланса, келажаги порлоқ бўлишини башорат қилди.

Улуғ олимнинг далдаси қизалоқни эзгу мақсадлар сари чорлади. Уларга эришиш учун, биринчи навбатда, олий маълумотли бўлиши лозим эди. Аммо ўша кезлари Варшава университетига хотин-қизлар ўқишга қабул қилинмасди. Хорижда таҳсил кўриш учун эса катта сармоя керак эди. Уни топишга Складовскийлар оиласининг қурби етмасди.

Ана шундай танг вазиятда опа-сингил Мария ва Броня ўзаро маслаҳатлашиб, оқилона режа тузишди. Унга кўра, дастлаб Мария ишлаб пул топди. Эвазига опаси Парижда ўқиб, шифокорлик касбини эгаллади. Сўнгра тескариси бўлди – Броня синглисининг корига яради...

Мария 1893 йили Париж университетининг табиий фанлар факультетини тугатиб, Сорбон университетининг физика фани бўйича магистрига айланди. Ҳеч қанча ўтмай математика йўналишида ҳам шундай даражага эришди. Айнан ўша кезлари маҳаллий ҳокимиятга қарашли кимё ва физика саноати мактабининг лаборатория мудири Пьер Кюри билан танишди. Магнетизим сирларини очиш борасида икковлон ҳамкорликда изланишлар олиб бораётган кезлари унга турмушга чиқди. 1898 йил бошида эса, уранни ўрганишга киришди. Бу ишда ҳам унга кристаллар хусусиятларини тадқиқ қилаётган умр йўлдоши яқиндан кўмаклашди. Пировардида эр-хотин иккита янги кимёвий элемент кашф этди. Уларнинг бирига «радий», иккинчисига эса Мариянинг туғилиб ўсган ватани – Польша шарафига «полоний» номини беришди.

1903 йил июнида Мариянинг докторлик иши Сорбон университетига тақдим қилинди. У олиб борган тадқиқот натижалари университет илмий кенгаши томонидан холисона ва муносиб баҳоланди. Ўша йили декабрда Мария Кюри дунё аёллари орасида биринчи бўлиб, Нобель мукофотига муносиб деб топилди. Сал кейинроқ Сорбон университетиниг илк аёл профессори сифатида рўйхатга олинди. Маълум муддат ўтгач, кимё соҳасидаги янги кашфиётлари учун иккинчи бор Нобель мукофоти билан тақдирланди. Аммо...

«Фалокат оёқ остида!» деганлари рост экан. 1906 йили Кюрилар оиласи оғир жудоликка учради – Пьер автоҳалокат туфайли оламдан ўтди. Шундан сўнг Мария бор диққат-эътиборини фарзандларининг таълим-тарбиясига қаратди. Улар илмли ва маданиятли инсонлар бўлиб вояга етишлари учун оналик меҳр-муҳаббатини аямади.

Самараси чакки бўлмади. Кенжа қизи Ева моҳир пианиночи сифатида мусиқа шайдолари қалбини забт этди. Тўнғичи Ирен она касбини танлади. Турмуш ўртоғи ва ҳамкасби Федерико Жолио билан ҳамжиҳатликда иш юритиб, кимёгарларнинг азалий орзусини рўёбга чиқарди. Аниқроғи, алфа-заррали нурлар ёрдамида бир кимёвий моддани бошқасига айлантириш усулларини яратди. Эришган ютуқлари эвазига 1935 йили Нобель мукофотига лойиқ кўрилди. Аммо радиоактив элементлар билан ишлаш жараёнида у юқори кучланишли нурланиш олгани туфайли «лейкемия» дардига мубтало бўлиб, вафот этди.

Мана, ўшандан буён орадан неча ёзу неча қиш ўтди. Лекин аҳли башар она-бола Мария Склодовская-Кюри ва Ирен Жолио-Кюри номларини унутгани йўқ. Чунки улар том маънода ақл-заковат соҳибалари эдилар. Бор умрларини илмга бахшида этиб, кимё фани ривожига улкан ҳисса қўшдилар. Бебаҳо кашфиёт-ихтиролари ила ўзларига ўзлари ҳайкал қўйиб кетдилар.

А.Ҳайдаров

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг