Онлайн кредит фирибгарлиги қурбонларидан қарз ундириш тўхтатилади
Онлайн кредит олиш жараёнида фирибгарликка учраган фуқаролардан кредит ва у билан боғлиқ фоизларни ундириш вақтинча тўхтатилади.
Адлия вазирлиги Марказий банк билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Кредит ва тўлов ташкилотлари ҳамда тўлов тизими операторлари томонидан жисмоний шахсларга масофадан молиявий хизматлар кўрсатишда ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш, фрод ҳолатларининг олдини олиш бўйича минимал талаблар тўғрисида”ги низом давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами — 3759, 2026 йил 21 январь).
Низомга мувофиқ, агар фуқаро номига онлайн кредит фирибгарлик йўли билан расмийлаштирилган бўлса ва у суриштирувчи, терговчи, прокурор қарори ёки суд ажрими асосида жабрланувчи деб эътироф этилса, кредит ташкилоти мазкур онлайн кредит бўйича қарз ва фоизларни ҳисоблаш ҳамда ундиришни тўхтатади.
Шу билан бирга, кредит ташкилоти фрод ҳолатини содир этган шахсдан етказилган моддий зарарни регресс тартибида ундириш ҳуқуқига эга.
Агар кредит ташкилоти онлайн кредит расмийлаштириш жараёнида фрод ҳолатига шубҳа қилса, қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли органларга шикоят киритиши мумкин.
Маълум қилинишича, суриштирув, дастлабки тергов ёки суд қарорлари асосида фрод ҳолати тасдиқланмаса, кредит ташкилоти онлайн кредит ва унга тегишли фоизларни ҳисоблаш ҳамда ундиришни давом эттиради.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter