Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўқитувчи дарди

Ўқитувчи дарди

Фото: «Yvision»

Кечқурун дарсдан қайтаётган аёлга безори учраб, тунамоқчи бўлибди. Тақинчоқларини, сумкасини олгач, соатига ёпишибди. Шунда ўқитувчи: «Нима олсанг олгину, лекин соатимга тегма», — дебди. Бу ҳазилнамо латифада қанчалик аччиқ ҳақиқат яширинганини пайқаган бўлсангиз керак.

Дарс соатидан бошқа ҳеч қандай даромади бўлмаган, эри иш тополмай четга кетиб қийналаётган ўқитувчи аёлларимиз ёхуд мажбурликдан ишлаётган эркак ўқитувчиларимиздан «Аҳволинг қалай?» деб сўраш ўрнига кунда-кунора мактабга гоҳ у соҳадан, гоҳ бу соҳадан комиссия келиши ортиқча эмасми?!

Президент халқ таълими амалдорларига «пастга туш, қара, ёрдам бер» деса, улар ўз қаричи билан ўлчаб, текшир-текширлари болалаб, кўз очтирмай қўяяпти.

«Бечорани урма, сўкма, чопонини йирт» дегани шу бўлса керак-да.

Ўқитувчи — ижодкор, тадбиркор эмас. Уни текшир-текшир қилиб, қоғозбозликка кўмиб, ҳеч қачон натижага эришиб бўлмайди. Унинг ҳам оиласи, бола-чақаси бор, лекин кунда-кунора жарақ-жарақ даромад келтирадиган корхонаси йўқ.

Комиссия келади деб оёғи қалтирайдиган ўқитувчи дарс ўтолмаслигидан эмас, баъзи ҳужжатбозликлари чала эканлигидан чўчийди. Чала бўлган ҳужжатлар учун баъзан маошидан жарима ҳам тўлайди. Оладиган ойлигининг 20 фоизи уй тўловлари, 20 фоизи йўлкира ва тушлик, 20 фоизи мактабдаги айрим харажатларга сарф бўлаётган ўқитувчи учун комиссияни хурсанд қилишга ажратиладиган пул ортиқчалик қилмайдими?!

Ҳеч кўрганмисиз мактабга келган жаноб текширувчининг ўқитувчига камчилигини кўрсатгани-ю билмаганини ўргатганини?!

Президент таълим соҳаси мутасаддиларига ўқитувчининг аҳволини ўрганинглар деса, акси бўлаяпти. Бу нима, айтилганнинг тескарисини қилиш деганими?!

Устозларимиз: «Болага бола деб қараманг, улар эртага катта одам бўлади, йигирма йилдан кейин ҳам сизнинг қандай дарс берганингизни айтади», — дейишган. Шунинг ўзи виждонли, иймонли ўқитувчилар учун етарли эмасми?!

Тўғри, гуруч кўрмаксиз бўлмайди деганларидек, ичимизда 45 минут гапирмасдан, эснаб ўтирадиган ўқитувчилар ҳам бор. Улар юқоридаги гаплардан хулоса чиқариб олишмасмикан?!

Ўқитувчи учун энг олий ҳакам — ўқувчи. Ҳеч қандай текширувчи ҳам, ўқитувчи ҳам, ҳатто ота-она ҳам ўқувчичалик баҳо бера олмайди. Бунинг учун ўқитувчини текшир-текшир қилиш, тирноқ остидан кир қидириш шарт эмас, унга ёрдам бериш керак холос.

Бекхўжа

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг