Ўқувчини бир мактабдан бошқасига ўтказиш тартиби қандай?
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг 2015 йил 2 июндаги «Ўқувчиларни синфдан синфга ва бир умумий ўрта таълим муассасасидан бошқасига ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низомга асосан, ота-оналар ўз хоҳишига кўра ўқув йили давомида ёки у тугаганидан сўнг фарзандини бир мактабдан бошқасига ўтказиш ҳуқуқига эга.
Ота-оналар фарзандини бир мактабдан бошқасига ўтказиш учун унинг сабабларини кўрсатган ҳолда ўқувчи таълим олаётган мактаб директори номига ариза билан мурожаат қилади.
Ариза мактаб директори томонидан бир иш куни ичида кўриб чиқилади ва ўқишни давом эттириш учун танланган мактабга тақдим этиш учун ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда мактабдан кетиш талони берилади.
Ота-оналар фарзанди ўқишни давом эттириши учун танланган мактаб директорига ўқишга қабул қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади. Аризага мактабдан кетиш талони ва яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган маълумотнома илова қилинади.
Ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб директори ариза ва мактабдан кетиш талонини қабул қилиб олгач, шу куннинг ўзида ота-оналарга ўқувчи таълим олаётган мактабга тақдим этиш учун ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда мактабга келиш талонини беради.
Ўқувчи таълим олаётган мактаб директори мактабга келиш талонини қабул қилиб олгач, шу куннинг ўзида ўқувчини мактаб ўқувчилари сафидан чиқариш тўғрисида буйруқ қабул қилади. Мактаб директори мазкур буйруқ билан ота-оналарни таништиргани тўғрисида имзо қўйдириб, уларга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади ва ҳужжатлар берилгани тўғрисида тилхат олади:
— ўқувчининг мактаб ўқувчилари сафидан чиқарилгани тўғрисидаги буйруқдан кўчирма;
— ўқувчининг баҳолар (ўзлаштириш) табели;
— ўқувчининг тиббий картаси.
Ота-оналарнинг ҳужжатларни олгани ҳақидаги тилхати, келиш талони ва ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб директорининг ўқувчининг ўқишга қабул қилингани тўғрисидаги буйруғидан кўчирма ўқувчининг мактабда сақланадиган шахсий ҳужжатлар йиғмажилдига тикиб қўйилади.
Ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб директори бошқа мактабдан ўтказилаётган ўқувчининг ўқув жараёнларидан четда қолиб кетмаслигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўриши шарт.
Ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб директори мазкур Низомнинг 16-бандида белгиланган ҳужжатларни қабул қилиб олгач, шу куннинг ўзида ўқувчини мактаб ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради.
Мактаб директори мазкур буйруқдан кўчирмани бир иш куни ичида ўқувчи илгари таълим олган мактабга маълумот учун юборади.
Ўқувчини ўқувчилар сафидан чиқариш тўғрисида ёки мактаб ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилгач, уч кун муддатда синф журнали ва ўқувчилар ҳаракати дафтарига тегишли ёзув киритилади.
Ўқишни давом эттириш учун танланган мактабга ўтказилган ўқувчи ўн кун ичида сабабсиз ёки мактаб раҳбарияти ва синф раҳбарини хабардор қилмасдан дарс машғулотларига келмаса, мактаб директори бу ҳақда ота-оналарни, ўқувчининг яшаш жойидаги туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияни ҳамда ўқувчи илгари таълим олган мактаб директорини ёзма равишда огоҳлантиради ва бир вақтнинг ўзида ўқувчининг дарсларга келмагани сабабларини аниқлаш ва уни дарс машғулотларига жалб этиш чораларини кўради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter