Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

Ўзбек-қирғиз чегарасида рўй берган ҳодисанинг видеоси ҳақиқийми?

Ўзбек-қирғиз чегарасида рўй берган ҳодисанинг видеоси ҳақиқийми?

Иллюстратив сурат.

Фото: «Xabar.uz»

Ҳаммаси 7 апрелда бошланди. Шу куни Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида қирғизистонлик фуқаро Ф.М. ўзбекистонлик чегарачилар томонидан отиб қўйилгани ҳақида Қирғизистон Давлат чегара хизмати хабар берди. Хабарда фуқаро олган тан жароҳати сабабли Кербен шаҳридаги шифохоналардан бирида вафот этганлиги билдирилган. Аммо шундан кейин бир-бирига зид ахборотлар тарқала бошлади. Айниқса, ижтимоий тармоқларни яшин тезлигида айланиб чиққан видеолавҳа ва ундаги аянчли тасвирлар ортидан бу масалага қизиқиш янада кучайди.

Натижа кўп куттирмади — бугунги кунга келиб, очиқ айтиш керакки, шахси номаълум бўлган ўзбек чегарачиси виртуал оламда айбдорга айлантирилди. Лекин эҳтиросларни четга суриб, аниқ фактларга таянадиган бўлсак, қандай манзарага дуч келамиз?

Қирғизистон Давлат чегара хизмати хабаридан сўнг Ўзбекистон ҳукуматидаги манбалар оммавий ахборот воситаларига воқеалар ривожи бошқача кечганини маълум қилишди. Унга кўра 1984 йилда туғилган Қирғизистон фуқароси Ф.М. дастлаб Ўзбекистон ҳудудида бўлган. Чегарачилар уни тўхтатишга уринган, лекин қирғизистонлик фуқаро буйруққа бўйсунмаган ҳамда қочишга тушган. Сўнг чегарачилар аввал ҳавога ўқ узишган, яна ҳаракат тўхтамагач, Ф.М.га нисбатан қуролли ҳаракат бўлган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги 7 апрель куни ўзбек-қирғиз чегарасида юз берган воқеа муносабати билан Ўзбекистонга нота ҳам йўллади.

8 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Қирғизистон Республикаси Бош вазири Сапар Исаков билан телефонда суҳбатлашишди. Ҳукумат портали хабарига кўра, икки давлат бош вазирлари ўзбек-қирғиз чегарасида Қирғизистон Республикаси фуқаросининг ўлими билан якунланган воқеани муҳокама қилишган.

Кўриниб турибдики, ҳар икки томондан масалага жиддий ёндашилмоқда, икки тарафлама тузилган махсус комиссия вазиятни ўрганмоқда.

Келинг, шу ўринда чегара тушунчасига тўхталсак. Чегара – қуруқлик, сув ёки ҳаводаги аниқ ҳудудни белгиловчи чизиқ (линия) бўлиб, бу чизиқдан сўнг ёки олдин у ёки бу давлатнинг суверенитети ва қонунчилиги амал қилади*. Одатда давлатлар орасида аниқ чегаралар ўрнатилганидан сўнг икки давлат ўртасида нейтрал ҳудуд қолдирилади ва икки томондан чегара чизиқлари тортилади.

Ҳар бир давлатнинг аниқ ва деярли барча давлатларнинг қисман ноаниқ, яъни баҳсли чегаралари бор. Собиқ иттифоқ даврида республикалар ўртасидаги чегаралар нисбий тушунчалар бўлганлиги учун бу мавзу кўтарилмаган. Аммо республикалар бирин-кетин мустақиллик мақомини олишгач, чегараларнинг аниқлиги бўйича муаммолар келиб чиқа бошлади. Хусусан, айнан бугунги мавзумизга асос бўлган Қирғизистон билан чегара бўйича ҳам баҳсли ҳудудлар бўлса-да, кўп йиллар давомида бу масала ёпиқлигича қолди.

Президентимиз ўз фаолиятини бошлаганидан сўнг дастлабки амалга оширган ишларидан бири қўшни давлатлар билан муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш, хусусан, чегараларнинг делимитацияси (музокаралар йўли билан икки давлат томонидан тан олиниши) ва демаркацияси (аниқлиги ва махсус белгилар қўйилиши) масаласи устида муайян ишлар олиб борилди. Ўзаро чегарада ҳамон баҳсли ҳудудлар мавжуд бўлса-да, асосий қисми делимитацияси якунланди.

Чегара пунктлари очилди, янгилари ишга туширилди, ўзаро ўтиб қайтишда қатор енгилликлар берилди. Ҳозирда ҳар икки томондан ўртача ўн минг киши чегарадан қонуний равишда ўтиб қайтмоқда.

Аммо шунча имкониятлар яратилганига қарамай, ҳануз қонунбузарлар учраб турибди, зиддиятли ҳолатлар келиб чиқмоқда, чегарани бузиш, ноқонуний кесиб ўтиш қайд этилмоқда.

Муҳокамага сабаб бўлаётган Қирғизистон фуқаросининг ўлими ҳам айнан шундай ҳолатлар сабабли юзага келган.

Энди тарқалган видеолавҳага эътибор қаратамиз.

Биринчи эътибор қилиш керак бўлган жиҳат — тасвирда аниқ чегара чизиғидан асар ҳам йўқ. Агар икки қаричли ариқни орографик (табиий) чегара чизиғи деб ҳисоблайдиган бўлсак, одамлар ундан бемалол ҳатлаб юришибди ва табиийки қонунбузарликка йўл қўйишмоқда.

Иккинчи жиҳат — Ўзбекистон чегарачиси дея таъкидланаётган аскарнинг ҳарбий либосига назар ташлаймиз. Бу либослар Ўзбекистон Республикаси чегара қўшинлари аскарларининг либосларидан фарқланади. Қолаверса, икки аскарнинг либослари икки хил, бу ҳол ҳам шубҳага сабаб бўлади.

Учинчи жиҳат — қуролланган чегарачининг шундай мураккаб вазиятда, одамлар жаҳл отига миниб турган бир пайтда уларнинг олдидан кетмаслиги, одамлардан бири чегарачини урса-да, индамай туравериши ғалати. Қуролланган чегарачи ўз олдига бегона ҳеч кимни сабабсиз яқинлаштирмайди.

Тўртинчи ва энг муҳим жиҳат — чегарачи аскар ҳеч кимни сабабсиз бирданига отиб ташламайди! Чунки у бунинг учун ўта жиддий жавобгарлик борлигини яхши ҳис қилади.

Агар бу видео ҳақиқий бўлса (аввало буни аниқлаш лозим), чегарачи чиндан ҳам Қирғизистон фуқаросини отиб ташлаб, яна воқеа жойида узоқлашмай турган экан бунинг асосли сабаблари бўлиши керак. Айнан мана шу сабабларни аниқлаш учун икки томонлама комиссия ишламоқда ва биз бу комиссия хулосасини ҳамда ДХХ Чегара қўшинлари бошқармасининг расмий баёнотини кутишни афзал биламиз.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ижтимоий тармоқларда зўр бериб тарқатилаётган видео қачон ва ким томонидан тасвирга олингани маълум эмас. Назаримизда, кимлардир юзага келган вазиятдан устамонлик билан фойдаланишга, икки давлатнинг кундан-кунга илиқлашаётган муносабатларига рахна солишга уринаётгандек. Ҳар ҳолда юқоридаги мушоҳадалар ана шундай хулосага олиб келмоқда.

Шошилиб хулосалар чиқариш, тергов-суриштирув якунига етмасдан юзаки маълумотларга асосланиб эҳтиросларга берилиш, энг муҳими, суд ҳукми ўқилмагунча кимнидир айбдор қилиш амалдаги қонунчиликларга ҳам, инсонийликка ҳам тўғри келмайди.

Энг муҳими, провокацион характердаги бу маълумотлар ва уларга қолдирилаётган изоҳлар икки давлат орасидаги янги босқичга чиққан муносабатларга ва қардош халқлар орасига совуқчилик туширишидан эҳтиёт бўлиш шарт.  

* Бу чегара тушунчасининг энг оддий шакли бўлиб, турли давлатлар ва махсус хизматларда янада кенгроқ талқинлар, тушунтиришлар берилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг