Ўзбекистон Афғонистонга 57 та ҳарбий вертолётни қайтаради – ОАВ

Афғонистон Ислом Амирлиги ҳукумати яқин кунларда 2021 йилда Ғарб қўллаб-қувватлаган ҳукумат ағдарилиши пайтида мамлакатдан чиқариб кетилган бир неча ўнлаб вертолётларни Тошкентдан қайтариб олиши мумкин. Бу ҳақда Afghanistan International манбаларига таяниб хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, собиқ Афғонистон армиясига тегишли 57 та вертолёт ортга қайтарилади. 2021 йил август ойида республика ҳукумати ағдарилгандан сўнг, афғон ҳарбий учувчилари бир қатор вертолёт ва самолётларни Ўзбекистон ҳамда Тожикистонга олиб ўтган эди.
Пентагон аввалроқ маълум қилганидек, жами 46 та ҳаво кемаси Ўзбекистонга, яна 18 таси Тожикистонга қўнган. Улар орасида Ми-17 ва UH-60 вертолётлари, шунингдек PC-12, C-208, AC-208 ва A-29 турдаги самолётлар ҳам бўлган.
Толибон ҳукумати бир неча бор ушбу техникани қайтаришни талаб қилган, аммо Тошкент ва Душанбе расмийлари бу талаблар юзасидан очиқ изоҳ бермаган.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси аввалроқ маълум қилишича, мамлакатга қўнган 46 та учувчи аппарат янги келишув асосида Ўзбекистон назоратида қолади. Шу билан бирга, АҚШнинг Афғонистон бўйича элчихонаси Тожикистонга самолётларни Толибонга топширмагани учун миннатдорлик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг февралида «Америка овози» нашри 7 та вертолётнинг Ўзбекистондан АҚШга ўтказилганига оид хабар тарқатган ва «Толибон» ҳукуматининг Мудофаа вазирлиги буни қоралаган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter