Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда учувчи автомобиллар: 300 та Switchblade сотиш бўйича келишув имзоланди

Ўзбекистонда учувчи автомобиллар: 300 та Switchblade сотиш бўйича келишув имзоланди

АҚШнинг Samson Sky компанияси раҳбари Сэм Боусфилд Ўзбекистоннинг AIR Tashkent компанияси билан ҳамкорлик меморандумини имзолади. Ҳужжатга кўра, Switchblade номли учувчи автомобилни Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон бозорига олиб кириш режалаштирилмоқда. 

Келишув AIR Tashkent’нинг Easy to Fly Academy авиация академияси очилиш маросимида имзоланган. Академия янги авлод авиация мутахассисларини тайёрлашга ихтисослашади.

Меморандумга кўра, AIR Tashkent Ўзбекистонда камида 300 та Switchblade учувчи автомобилини сотишга кўмаклашади. Лойиҳанинг умумий қиймати 60 миллион доллардан ортиқ деб баҳоланмоқда.

AIR Tashkent ушбу автомобилларнинг бир қисмини учувчиларни тайёрлаш ва хусусий ёки тижорат парвозлари учун харид қилишни режалаштирмоқда.

Samson Sky компанияси эса учувчиларни учиш симуляторлари орқали тайёрлашга кўмаклашади ҳамда техник мутахассислар учун механиклар тайёрлаш дастурини йўлга қўяди. Шунингдек, Switchblade’ни Ўзбекистонда йўлда ҳаракатланиш ва парвоз қилиш учун сертификатлаш бўйича ҳукумат билан ҳамкорлик қилади.

Хабарда айтилишича, Samson Sky элчиси ва собиқ учувчи Анна В. Гребенщикова икки компанияни ҳамкорликка олиб келган асосий шахс бўлган.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда хусусий авиацияни ривожлантириш ғояси 2024 йилда пайдо бўлган.

Маълумот учун, Switchblade — гибрид электр двигателига эга учувчи автомобил бўлиб, у 97 км/соат тезликка 5 сонияда чиқади, ердаги максимал тезлиги эса 201 км/соат. Ҳаводаги крейсер тезлиги 257 км/соат ва бир бак ёқилғи билан 805 км.гача парвоз қила олади.

Автомобиль оддий гаражга сиғади, йўл орқали аэропортга бориб, 3 дақиқа ичида учиш режимига ўтади.

Switchblade биринчи марта 2023 йил ноябрида АҚШда синов парвозини муваффақиятли амалга оширган ва ҳозир ишлаб чиқариш босқичига тайёрланмоқда.

AIR Tashkent раҳбариятига кўра, ушбу ҳамкорлик умумий авиация соҳасида янги технологик босқичга олиб чиқиши ва АҚШ ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги технологик алоқаларни мустаҳкамлаши мумкин. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг