Ўзбекистонлик киноижодкорлар яратган филм Каннда юксак эътирофга сазовор бўлди
Франциянинг Канн шаҳрида бўлиб ўтаётган машҳур "Cannes Film Festival" кинофестивали даврида ўтказилган ENTRE DEUX CANNES 17-халқаро инклюзив кинофестивалида Ўзбекистон киноижодкорларининг “Қадам. Қуёш боласи Юсуф” номли қисқа метражли филми энг олий мукофотга муносиб деб топилди.
Гарчи бу лойиҳа асосий Канн кинофестивалининг расмий танлов дастурига кирмаса-да, лекин у билан бир вақтда ва параллел тарзда Канн шаҳрида ўтказиладиган мустақил инклюзив кинофестивалдир.
Фестивалда дунёнинг турли мамлакатлари, жумладан, Африка, Америка, Европа ва Осиё давлатларидан киноижодкорлар иштирок этиб, турли жанрдаги бадиий, қисқа метражли ҳамда ҳужжатли филмлар намойиш этилмоқда. 2026 йилги Канн кино мавсуми учун 600 дан ортиқ филм аризалари қабул қилинган бўлиб, улардан 20 дан ортиқ филм ҳакамлар ҳайъати томонидан саралаб олинган. Сараланган филмлар орасида “Қадам. Қуёш боласи Юсуф” қисқа метражли филми ҳакамлар ҳайъати томонидан Гран-при мукофотига лойиқ деб топилди.
Ўзбекистон филми фестивалнинг энг олий мукофотига сазовор бўлгани миллий кинематография учун муҳим ютуқ сифатида қайд этилмоқда. “Қадам. Қуёш боласи Юсуф” филми ўз мазмуни, бадиий ифодаси ва таъсирчан ғояси билан халқаро экспертлар эътиборини қозонган.
Филм қаҳрамони Юсуф — Даун синдроми билан туғилган бола. Аммо унинг қалбида чексиз нур, мусиқага муҳаббат ва ҳаётга ишонч яшайди. Онаси Зилола эса фарзандининг жамиятда ўз ўрнига эга эканини исботлаш учун курашади. Филм томошабинни инсон қадрини ҳис қилишга, меҳр ва бағрикенгликка чорлайди.
Маълумот ўрнида, 17-Халқаро “ENTRE DEUX CANNES” — бу халқаро инклюзив кинофестивал ҳисобланади. Фестивал Франциянинг Канн шаҳрида, машҳур "Cannes Film Festival" даврида ўтказилади. Мазкур фестивалнинг асосий йўналиши — ногиронлиги бўлган инсонлар, инклюзия, инсонийлик, турли ҳаётий синовлар ва жамиятдаги тенглик мавзуларини ёритувчи бадиий ҳамда ҳужжатли филмларни қўллаб-қувватлашдир. Фестивалда қисқа метражли, тўлиқ метражли, ҳужжатли ва анимацион филмлар намойиш этилади. Фестивалнинг мақсади: инклюзив кино ривожига ҳисса қўшиш, ногиронлиги бўлган инсонлар ҳақидаги стереотипларни камайтириш, кино орқали инсоний қадриятларни тарғиб қилиш, турли мамлакат киноижодкорларини бир платформада бирлаштиришдан иборат. Фестивал ҳакамлар ҳайъати таркибида ҳам ногиронлиги бўлган ва бўлмаган мутахассислар биргаликда фаолият юритади. Ғолибларга “DOM d’Or”, “DOM d’Argent” ва “DOM de Bronze” мукофотлари топширилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter