Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Пахтачида ота-болани ўлдирган шахс қўлга олинди

Пахтачида ота-болани ўлдирган шахс қўлга олинди

Иллюстратив фото

Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида қотиллик содир бўлгани, номаълум шахс ота-болани ўлдириб кетганига оид ўз манбамиздан маълумот келганди. Ҳолатга ойдинлик киритиш учун зудликда Бош прокуратура билан боғланилди.

Маҳкама матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов «Xabar.uz»га қотиллик юз берганини тасдиқлар экан, мазкур мудҳиш жиноят саноқли кунларда фош этилганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, содир этилган жиноят ва унинг фош этилишига доир тафсилотларни қонун изн берган даражада очиқлади.

Унга кўра, 2020 йил 8 октябрь куни Пахтачи туман «Қарнобота» маҳалласида истиқомат қилувчи С. П. (1975 йилда туғилган, тадбиркор) ва унинг 19 яшар ўғли С. Ў.нинг жасади ўз хонадонида қотиллик аломатлари билан топилган. Ҳолат юзасидан ўша куннинг ўзидаёқ Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а», «и» (икки ёки ундан ортиқ шахсни таъмагирлик ниятида қасддан ўлдириш) бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошлаб юборилган. Чунки, қотиллик юз берган хонадон кўздан кечирилганда 48 млн. сўм, 1.400 АҚШ доллари, 2 дона узук, 3 жуфт сирға, 1 дона занжир каби тақинчоқлар ҳамда 1 дона «Redmi» русумли уяли телефон аппаратини талон-торож қилингани ҳам аниқланади.

Тергов ва тезкор қидирув тадбирларининг олтинчи куни (2020 йил 14 октябрь куни) фожиа юз берган уйга қўшни бўлган хонадоннинг томидан 1 дона «Redmi» русумли уяли алоқа телефон аппарати топилади. Яхшигина шикаст етган мазкур телефон аппарати марҳумларнинг бирига тегишли экани ойдинлашгач, ашёвий далил тариқасида олинади.

Телефон аппарати судга оид дактилоскопия экспертизасидан ўтказилганда унда фуқаро О. О.нинг (1976 йилда туғилган, икки нафар фарзанди бор, вақтинча ишсиз) бармоқ излари мавжудлигини тасдиқлади. Шундан сўнг ушбу ашёвий далил топилган ҳудуддаги хонадонларнинг том қисмлари кўздан кечирилади ва яна бир қўшнининг тандирхонаси томидан қон доғлари ва соч толалари мавжуд бўлган темир болға топилиб, у ҳам ашёвий далил тариқасида олинди.

Воқеалар ривожида асосий гумон фуқаро О.О.га тушгач, унинг уйда тинтув ўтказилади. Мазкур жараёнда марҳумларнинг хонадонидан олиб чиқиб кетилган 2 дона тилло узук, 3 жуфт сирға, 1 дона занжир, 29 млн. 900 минг сўм пул, шунингдек, қон доғлари мавжуд бўлган (О.О.га тегишли) шим, куртка, оёқ кийими, уйнинг тандирхонаси томидаги шифер остидан 1000 АҚШ доллари топилади.

Топилган моддий қийматликлар марҳумнинг турмуш ўртоғига кўрсатилганда улар ўзлариники эканини тасдиқлайди (дарвоқе, ўша мудҳиш кеча марҳумнинг аёли уйида бўлмаган).

Инкор этиб бўлмас далилар олдида ожиз қолган О.О. айбига иқрор бўлди. Тан олишича, у қўшниси С.П. ўлдириб, пул маблағларини қўлга киритиш ва шу тариқа бошқалардан бўлган қарзларидан қутилиш учун 2020 йил 8 октябрь куни кечаси (темир болға билан қуролланиб) хонадонга бостириб киради. Ва хонадон эгаси С.П. ва унинг ўғлини (болға билан бош қисмига уриб) қасддан ўлдиради.

Воқеа жойидан яшириниш пайтида эса марҳумга тегишли телефон ва темир болғани яқин атрофдаги уйлар томига улоқтириб юборади.

Айни пайтда О.О. ҳибсга олинган. Жиноят иши назоратда. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг