Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент боғча тарбиячилари учун муҳим янгиликни айтди

Президент боғча тарбиячилари учун муҳим янгиликни айтди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент ўқитувчи ва мураббийлар билан мулоқотда таъкидлашича, ислоҳотларнинг илк босқичидаёқ мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга катта эътибор қаратилди.

2017 йилда 4 мингдан ортиқ маҳаллада бирорта ҳам боғча йўқ эди, қамров 27 фоиздан ошмасди. Бугунги кунда боғчалар сони 38 мингдан, қамрови эса 78 фоиздан ошди.

Яқинда таълим соҳасида эълон қилинган янги имтиёз ва имкониятлар ҳисобига боғча кириб бормаган бирорта маҳалла қолмаслиги, қамров ҳам 80 фоиздан кам бўлмаслиги таъкидланди.

Боғчада тарбиячилар маоши мактаб ўқитувчиларига тенглаштирилди. Шу ойдан боғча мудиралари ҳам мактаб директори ўринбосари билан бир хил ойлик оладиган бўлди. Бир сўз билан айтганда, боғчадаги раҳбар ва педагоглар ойлиги қарийб 2 карра ошди.

Эндиликда хусусий боғчалардаги тарбиячилар ойлиги ва бола харажатининг бир қисми ҳам бюджетдан қоплаб бериладиган тизим жорий этилади.

Ҳозирда 7 мингдан ортиқ давлат боғчаларида 120 мингга яқин педагоглар бўлгани билан уларнинг атиги 34 фоизи олий маълумотга эга. Лекин ҳозирда тарбиячиларнинг мактаб ўқитувчилари каби тоифа олиши учун олийгоҳ дипломи талаб этилади. Шу сабабли олий маълумотли билан ўрта маълумотли тарбиячининг ойлигида фарқ бор.

Шу боис, давлат ва хусусий боғча тарбиячиларини ишдан ажралмаган ҳолда олийгоҳларда ўқитиш йўлга қўйилиб, йилига 10 минг тарбиячи олий маълумотли қилинади.

Яна бир янгилик. Худди Президент мактаблари каби ҳар бир вилоятда «Янги авлод» боғчалари ташкил қилиниб, уларда тарбиячилар илғор педагогик технологияларни ўрганади.

Энг муҳими, янги методикаларни ўрганиш учун бу масканларнинг эшиги хусусий боғча тарбиячиларига ҳам доимо очиқ бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг