Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент Ўзбекистон Қаҳрамони Аҳмад Нарзуллаев вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Президент Ўзбекистон Қаҳрамони Аҳмад Нарзуллаев вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қаҳрамони Аҳмад Нарзуллаев вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

Бутун ҳаёти ва меҳнат фаолиятини қишлоқ хўжалиги ривожига бағишлаган таниқли фермер, Ўзбекистон Қаҳрамони Аҳмад Нарзуллаев шу йил 1 ноябрь куни 68 ёшида вафот этган эди.

А.Нарзуллаев 1956 йили Денов туманида туғилган. Меҳнат фаолиятини тумандаги «Сурхонозиқовқатсаноати» акциядорлик жамиятида бошлади. Кейинчалик Тошкент политехника институтини тамомлаб, «Шарғун» ғишт заводида, Денов туманидаги 37-механизациялашган кўчма колонна ва экспериментал ишлаб чиқариш бирлашмасида турли вазифаларда ишлади. 1991 йилдан «Лочин» фермер хўжалиги раҳбари сифатида фидокорона меҳнат қилган.

«А.Нарзуллаев 50 йилдан зиёд давом этган иш фаолияти мобайнида бой билим ва ҳаётий тажрибасини, куч-ғайратини эл-юрт ишига бағишлади. Ўзини ер илмининг ҳақиқий билимдони, замонавий агротехнологиялар ва хўжалик юритиш усулларини пухта эгаллаган ташкилотчи раҳбар, меҳнатсевар, камтарин ва ватанпарвар инсон сифатида намоён этиб, республикамизда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшди.

У кўп йиллар Сурхондарё вилояти ва Денов тумани халқ депутатлари кенгашларининг аъзоси сифатида ушбу ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва юксалтириш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, таълим, тиббиёт, маданият масканлари қуриш ва обод қилиш, янги боғ ва хиёбонлар барпо этиш, ёшларни она юртга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда жонбозлик кўрсатди.

Тажрибали фермер ўнлаб иқтидорли шогирдлар тайёрлаб, қишлоқ хўжалиги соҳасини малакали кадрлар билан таъминлаш борасида ҳам ибрат намунасини кўрсатди.

Аҳмад Нарзуллаевнинг кўп йиллик самарали меҳнати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони ва «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган эди.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасининг етук намояндаси, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Аҳмад Нарзуллаевнинг ёрқин хотираси қалбимизда ҳамиша сақланиб қолади», – дейилади таъзияномада. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг