Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент қарори: халқ табобати аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг қўшимча усули этиб белгиланди

Президент қарори: халқ табобати аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг қўшимча усули этиб белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Қарор матни «ЎзА»да эълон қилинди.

Қарорга кўра, халқ табобати фаолиятини тартибга солиш, тўпланган тажриба ва салоҳиятдан самарали фойдаланиш, ушбу соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш ҳамда халқ табобатининг усуллари ва ютуқларидан самарали ва хавфсиз фойдаланиш учун шарт-шароит яратиш мақсадида:

- халқ табобати аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг қўшимча усули сифатида эътироф этилади; 

- халқ табобати усулида хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тиббий фаолиятни лицензиялаш учун белгиланган тартибда (тиббий таълим маълумоти мавжудлиги талаби бундан мустасно) амалга оширилади; 

- халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатувчи шахслар ўз фаолиятининг натижалари бўйича тиббиёт ходимлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳажмда жавобгар ҳисобланадилар; 

- тиббий хизмат кўрсатишга нисбатан қўйилган талаблар халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш билан шуғулланадиган шахсларга ҳам татбиқ этилади;

- Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги халқ табобати усулларини қўллаган ҳолда тиббий фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган талабларни, шунингдек, хизмат кўрсатиш ҳажми ва тартибини белгиловчи ваколатли орган ҳисобланади. 

Халқ табобатини ривожлантириш мақсадида халқ табобати соҳасидаги фаолиятни тартибга солиш ва назорат қилишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий база шакллантирилади ҳамда халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатувчи шахсларнинг ҳуқуқий мақоми ва улар томонидан кўрсатилган хизматлар оқибати учун жавобгарлик белгиланади.

Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва мутахассислар, уларнинг иш тажрибаси, кўрсатадиган хизмат турлари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган ягона маълумотлар базасини шакллантирилади.

Халқ табобати соҳасида етакчи маҳаллий ва чет эл тиббиёт муассасалари ҳамда соғломлаштириш амалиёт марказлари билан яқин ҳамкорлик қилиш асосида халқ табобати мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими яратилади. 

Шунингдек, қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантиришнинг устувор чора-тадбирлари дастури тасдиқланади. 

Республика тиббиёт олий ўқув юртларининг “Даволаш иши”, “Педиатрия иши”, “Тиббиёт-педагогика иши” бакалавриат йўналишларидаги ўқув дастурларига халқ табобати бўйича махсус ўқув цикли жорий этилади. 

Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида халқ табобати кафедраси ва “Халқ табобати” йўналиши бўйича малака ошириш курси ташкил қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш бўйича махсус комиссия ташкил этилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг