Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Принстон университети 133 йиллик қоидани ўзгартиришга мажбур бўлди — СИ сабабчи

Принстон университети 133 йиллик қоидани ўзгартиришга мажбур бўлди — СИ сабабчи

Фото: Magnific.com

Принстон университети (АҚШ) 1893 йилда тасдиқланган «Шараф кодекси»га ўзгартиришлар киритди, бунга сунъий интеллект ривожланиб ва оммалашиб бораётгани сабаб бўлди. The Daily Princetonian талабалар портали хабар беришича, 1 июлдан бошлаб барча имтиҳонлар ўқитувчилар назорати остида ўтказилади.

Принстондаги имтиҳонлар 133 йил давомида педагоглар назоратисиз ўтказиб келинган. Университетнинг «Шараф кодекси» талабаларнинг ҳалоллик тамойилига риоя этиши ва кўчирмачилик қилмаслигини, агар қоидаларни бузсалар, бунга ўзлари иқрор бўлишларини назарда тутади. Ҳар бир имтиҳонда, эссе ёки бошқа ишларни ёзишда талабалар «Шараф кодекси»ни бузмаганликлари ҳақида ёзма равишда қасамёд қилишга мажбурдирлар. Бундан ташқари, улар бошқа талабалар томонидан қоидалар бузилгани ҳақида ҳам хабар беришлари керак.

«Шараф кодекси»нинг бузилишига доир ишларни кўриб чиқиш ва текшириш билан махсус комиссиялар шуғулланади. Қоидабузарлик учун ҳайфсан, синов муддати тайинлаш, дарслардан четлаштириш ёки агар талаба биринчи марта ёлғон гапирмаётган бўлса, университетдан ҳайдаш каби жазолар қўлланилади.

2025 йилда Принстонда сўровнома ўтказилган, унга кўра, талабаларнинг 29,9 фоизи кўчирмачилик қилганини тан олган. Респондентларнинг атиги 0,4 фоизи «Шараф кодекси» бузилгани ҳақида ўз ихтиёри билан хабар берганини айтган.

Университет раҳбарияти «Шараф кодекси» тез-тез бузилаётган, сунъий интеллект ва кўчирмачилик учун мўлжалланган бошқа технологиялар кенг тарқалаётган бир шароитда қоидаларни қатъийлаштириш зарурати бўйича овоз бериш жараёнини ўтказди. Бир ўқитувчини ҳисобга олмаганда, барча педагоглар ўзгартириш киритиш кераклигига рози бўлишди. 1 июлдан бошлаб педагоглар имтиҳонларни «бевосита кузатувчи гувоҳ сифатида» қатнашадилар, бироқ уларнинг имтиҳонга аралашиши тақиқланади. Ўқитувчилар ўзларини шубҳалантирган нарсаларни ёзиб олишлари ва Шараф қўмитасига топширишлари шарт.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг