Прокуратура «зўравон ИИБ ходимига оид» ҳолатга изоҳ берди. Бироқ саволлар кўп...
Андижонда ички ишлар ходими томонидан фуқаро калтакланганига оид хабар ва лавҳалар тарқалганидан хабарингиз бор. Айни воқелик прокуратура томонидан ўрганилаётгани хабарини ҳам бергандик.
Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов «Xabar.uz»га ҳолат юзасидан атрофлича ахборот тақдим этар экан, тарқалган хабарларнинг айрим нуқталарига эътирози борлигини алоҳида қайд этди.
Аввал воқеликни яна бир бор эсласак.
Ички ишлар ходими томонидан калтаклангани айтилган Жасур Ҳамроқуловга кўра, 2019 йилнинг 11 сентябрь куни Андижон шаҳридаги кафеларнинг бирида танишининг туғилган кунини нишонлашган. Кетар пайти кафедаги мижозлардан бири (аёл киши) билан ўртасида низо (жанжал) чиқади. Мижоз (аёл) ҳам, у ҳам ўша пайтда спиртли ичимлик таъсирида (таъсир даражаси юқори бўлмаганининг эҳтимоли катта) бўлгани инкор этилмайди. Ўзаро келишмовчилик натижасида Ж. Ҳамроқулов мижознинг (аёл) юзига тарсаки тортиб юборади. Бироқ кўп ўтмай томонлар келишиб олгани айтилади. Бироқ бу билан ҳаммаси жой-жойига тушмайди. Негаки, бу пайтда ички ишлар ходимлари кафега етиб келган, энди Ж. Ҳамроқулов улар билан «тортишиб» кетади. «Тортишув»га ИИБ ходимларининг қўпол муомаласи сабаб бўлганига аввалги хабарларда алоҳида урғу берилганидан хабардорсиз.
Воқеларнинг кейинги ривожи шуки, «Дамас»га босиб, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 6-сон ИИБ бўлинмасига олиб борилган Ж. Ҳамроқуловни ўша жойда профилактика инспектори С.Абдуманнапов томонидан калтакланади. Айни жараён кузатув камерасига муҳланган, ҳозирга келиб, тасвирлардаги аянчли манзараларга кенг жамоатчилик гувоҳ бўлиб улгурди.
Бош прокуратура ахборотида кузатув камерасига муҳрланган манзаралар инкор этилмайди, аксинча, далил сифатида жиноят иши материалларига қўшилгани айтилади. Жиноят ишики, Ж. Ҳамрақуловга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 219-моддаси 1-қисми («хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига фаол қаршилик кўрсатиш») билан қўзғатилган?!
Ахборотда жиноят иши қўзғатилишига «...2019 йил 11 сентябрь куни соат тахминан 22-00 ларда Андижон шаҳар ИИО ФМБ 6-сонли ИИБ бўлинмаси профилактика инспектори С.Абдуманнапов тунги хизматни олиб бораётган вақтида унга телефон орқали «Камелот» кафесида шовқин-сурон бўлаётгани ҳақида (кафенинг) юқори қаватида яшовчи фуқаролардан хабар келгани, шу асосида у ерга етиб борганида фуқаро Ж. Ҳамроқулов маст ҳолда фуқаро О.Б. билан жанжаллашиб, унинг юзига бир мушт урганлиги сабабли, уларни тинчлантириш учун кафе биносидан ташқарига олиб чиқиб, ушбу ер жамоат жойи эканлигини, фуқароларнинг тинчлигини бузмаслиги кераклигини тушунтирганида (Ж.Ҳамроқулов) унга бўйсунмай, қонуний талабларини бажаришдан бўйин товлаб, фаол қаршилик кўрсатишидан ташқари ходимнинг эгнида бўлган хизмат кийимига осилиб, погонини юлиб олгани асос бўлгани» айтилади. Шунингдек, суд-тиббий экспертизаси хулосасида ИИБ ходимининг бурун, бўйин, ўнг қўл кафтига ва чап қўл елкасига тан жароҳати етказилгани ҳам қайд этилади.
Бош прокуратура эътирози шундаки, тарқалган хабарларда 2019 йилнинг 11 сентябрь куни содир бўлган воқелик юзасидан 2020 йил фервралига келибгина жиноят иши қўзғатилгани ҳақида тасаввур пайдо бўлади. Ваҳоланки, «иш» кўп ўтмай, аниқроғи, 2019 йилнинг 10 октябрь куни қўзғатилган. Шу йилнинг 9 январига келиб эса Ж.Ҳамроқуловга нисбатан айб эълон қилинган. Ва тергов ҳаракатлари аллақчон тугаб, салкам бир ой аввал, яъни 11 январдаёқ «дело» мазмунан кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судига юборилган. Бу билан дейилмоқчики, прокуратура жиноят иши «босиб» ўтирилгани йўқ, барча процессуал нормаларга риоя қилинган ҳолда тергов ҳаракатлари олиб борилиб, судга оширилган.
Албатта, жиноят ишидаги ҳар бир ҳолат суд тергови давомида яна бир карра аниқланиб, ҳуқуқий баҳо берилади. Бироқ ҳолат юзасидан жиноят иши фуқарога нисбатан очилиб, ички ишлар ходими «оппоқ» бўлиб қолгани барибир шубҳа ўйғотмасдан қолмайди. Маълумотларга қараганда, Ж.Хамроқуловга нисбатан ҳам ўз вақтида суд-тиббий экспертизаси тайинлаган. Эксперт хулосасига кўра, у «...ёпиқ бош мия шикасти, бош мия чайқалиши, бурун суягини ёпиқ силжиб синиши, бош, юз ва кўкрак қафаси юмшоқ тўқималарини лат ейиши, пешона соха ўртада қонталаш, бурун каншари ўнг ва чапда шилинма, пастки лаб ички шиллиқ қаватига қон қуйилишда ифодаланган тан жароҳатлари олгани" аниқланган. Мазкур тан жароҳатлари соғлиқнинг бузилишига олиб келган енгил тан жароҳатлари туркумига кирар экан. Энг қизиғи, шу-унча жароҳатларни у «... маст ҳолатда ерга йиқилиши орқали олганлиги» айтилади! Бундай важлар курак тугул, тувакда турмайди, рости. Кузатув камерасидаги тасвирларда Ж. Ҳамроқулов «маст ҳолда йиқиб тушмагани», аксинча, ИИБ ходими кучи билан йиқитиб калтаклагани, йигитни унинг чангалидан тўрт-беш чоғли одамлар аранг қутқариб олгани яққол кўринмаяптими?
Маҳкама матбуот хизмати раҳбарига кўра, айни саволга суддан кейин жавоб бериш мумкин. Тасвирлар жиноят ишига далил сифатида қўшилган. Агар суд ушбу далилга ҳуқуқий баҳо бериб, жиноят ишининг Андижон шаҳар ИИБ ходими С.Абдуманнаповга тегишли қисмини тугатиш ҳақидаги терговчи қарорини асоссиз деб топиб, иш материалларини прокуратурага қайтарса, тегишли тергов ҳаракатлари олиб борилишида муаммо йўқ.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter