Путин урушни тугатиш шартини айтди, Украина жавоб қайтарди
Россия президенти Владимир Путин Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти билан учрашувда Украина билан тинчлик музокараларини бошлашнинг асосий шартларини айтиб ўтди: унга кўра Украина қўшинлари Донецк, Луганск, Запорожье ва Херсон вилоятларидан чиқиб кетиши ва Киев НАТОга киришдан бош тортиши лозим.
«Киев бунга тайёр эканлигини эълон қилиши ва қўшинларни олиб чиқишга киришиши, шунингдек, НАТОга қўшилишдан бош тортишини эълон қилиши биланоқ биз дарҳол ўт очишни тўхтатишга буйруқ берамиз ва музокараларни бошлаймиз. Биз Украина бўлинмаларининг хавфсиз олиб чиқиб кетилишини кафолатлаймиз», — деди у (РИА Новостидан иқтибос).
Путин таъкидлаганидек, бу можарони музлатиш ҳақида эмас, балки уни якуний якунлаш, Украина Қуролли кучларига қўшинларни хавфсиз олиб чиқиб кетиш кафолатланиши ҳақида.
«Тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича асосий келишувлар халқаро шартномалар билан белгиланиши табиий, Россияга қарши санкциялар ҳам бекор қилиниши кутилмоқда», - дея қўшимча қилди у.
Путин, шунингдек, келишувнинг бир қисми сифатида Россия Украинада «рус тилида сўзлашувчиларнинг ҳуқуқларини таъминлашни» талаб қилишини айтди.
Украина президенти девони маслаҳатчиси Михаил Подоляк Путиннинг мазкур талабларига жавоб бериб, Киев уни қабул қила олмаслигини айтган.
Эслатиб ўтамиз, Украина томони 1991 йилги чегаралар тикланган ҳолдагина музокараларга киришишини таъкидлаб келади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter