Путиннинг баҳсли фармонига Молдова президенти муносабат билдирди
Президент Владимир Путиннинг Днестрбўйи аҳолисига Россия фуқаролигини осонлаштирилган тартибга беришга доир фармони ҳудуд аҳолисини Украинага қарши урушга сафарбар этиш мақсадида қабул қилинган. Молдова президенти Майя Санду ана шундай деб ҳисоблайди.
«Уларга (Россияга – таҳр.) шунчаки Украина урушига юбориш учун кўпроқ одам керак», – деган Молдова президенти Politico мухбири билан суҳбатда.
Сандунинг фикрича, ушбу фармон билан Россия Днестрбўйини қайта интеграция қилишга уринаётган Молдова ҳукуматига босим ўтказишга ҳам уринмоқда.
Қайд этилишича, Украинага қарши кенг кўламли уруш бошлангач, Днестрбўйининг аксар аҳолиси хавфсизлик важидан Молдова паспортини олишни маъқул кўрган.
Молдова бош вазири Александр Мунтян ҳам шундай мазмунда фикр билдирган.
«Охирги вақтларда аскар йиғиш суръати пасайиб кетгани инобатга олинса, Кремлнинг ушбу қарори замирида фронтга кўпроқ аскар тўплаш мақсади ётибди», – деган бош вазир.
Украина президенти Владимир Зеленский ҳам Молдова раҳбарияти билан ҳамфикр.
«Россия шу тариқа янги аскарлар топмоқчи. Негаки, фуқаролик ҳарбий хизматга мажбурлик демакдир. Бу билан Россия Днестрбўйини ўз ҳудуди деб даъво ҳам қилмоқда», – деган Украина етакчиси.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 15 май куни Путин Днестрбўйи аҳолисининг Россия фуқаролигини олишини осонлаштирувчи фармонга имзо чекди.
Путин маъқуллаган фармон Днестрбўйи аҳолисига рус тили ва Россия тарихи бўйича имтиҳон топширмасдан ҳам РФ фуқаролигини олиш имконини беради.
Днестрбўйи – Молдова Республикаси таркибидаги сепаратистик кайфиятдаги ҳудуд. 1990 йилда Днестрбўйи Молдова Республикаси тузилгани эълон қилинган эди. Аммо бу республикани дунё давлатлари ва БМТ тан олмаган.
Днестрбўйида 1500 нафар россиялик аскар мавжуд. Молдова раҳбарияти кўп йиллардан буён ҳудуддан рус қўшини олиб чиқиб кетилишини талаб қилиб келади.
Президент Майя Санду Кремль Молдовада давлат тўнтариши ва қўпорувчилик ҳаракатларига ҳозирлик кўраётгани ҳақида ҳам баёнот бергани маълум.
Россия қутбидан чиқиб, эркин дунё сари интилаётган Молдова аллақачон МДҲни тарк этиш йўлида амалий қадамлар ташлади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter