Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Сабрия» сериали бўйича экспертиза хулосаси эълон қилинди

«Сабрия» сериали бўйича экспертиза хулосаси эълон қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан Sevimli телеканалида эфирга узатилган «Сабрия» номли миллий телесериалида ахлоқсизлик саҳналари юзасидан экспертиза хулосаси эълон қилинди.

«Ўзбекистонда сўз ва ижод эркинлиги кафолатланган, ҳар бир таҳририят ўз касбий фаолиятида мустақилдир, албатта. Бироқ катта аудиторияга эга оммавий ахборот воситалари томонидан аҳолига бадиий ижод маҳсулотларини тақдим этишда амалдаги қонун ҳужжатлари талаблари ва одоб-ахлоқ меъёрларига тўлақонли риоя этилмаётгани оқибатида фуқароларнинг асосли эътирозлари юзага келмоқда.

Экспертиза давомида телесериалнинг 2021 йил 29 декабрь кунги қисмида Арслон исмли қаҳрамоннинг меҳмонхонада бегона аёл билан ётгани, 2022 йил 4 январь кунги қисмида бир аёлнинг маст ҳолатдаги турмуш ўртоғини уни хўрлагани учун ухлаб ётган вақтида пичоқлаб ўлдиргани, бундан ташқари, 14 январь кунги қисмида эса уч нафар безорининг гиёҳванд моддаларни истеъмол қилгани ва уларнинг битта хонадонга бостириб киргани, йигитлардан бири уйдаги аёлга зўрлик ишлатгани тасвирланган сюжетлар ўрганилди.

Экспертлар қуйидаги хулосага келишди:

  • лавҳа сюжетидаги ўғрининг аёлга қилган хатти-ҳаракатлари куч ишлатиш йўли билан номусига тегишга уриниш саҳнаси сифатида баҳоланди. Бундай телесериалларнинг намойиш этилиши ёшлар ўртасида хотин-қизларга нисбатан куч ишлатишга мойилликни оширишга хизмат қилади;
  • бадиий фильм ва телесериал жамиятдаги қарашларни, ёшларнинг тарбиясини шакллантирадиган муҳим воситалардан бири эканини ҳисобга олиб, оммага тақдим этилаётган ҳар бир сюжет, сўз ва ҳаракат учун масъулиятли бўлиш керак;
  • аёлларнинг обрўйига жиддий путур етказаётган саёз «ижод намуналари» эфирга узатилишининг олдини олиш, гендер тенглиги ва бошқа умуминсоний қадриятлар, миллий менталитетни ҳисобга олиб, этика нуқтаи назаридан телесериалларни телеканалларнинг бадиий таҳлилидан ўтказилгандан сўнггина намойиш қилиш мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, аёлга тўғридан-тўғри тажовуз тасвири акс этган ушбу лавҳа ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан кескин танқид қилиниб, салбий фикр-мулоҳазалар ифода этилишига, шу жумладан, айрим фуқаролар, масъул ходимларнинг обрўсизланишига сабаб бўлди.

«Сабрия» номли миллий телесериал бўйича тайёрланган экспертиза хулосаси ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш ва ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага жўнатилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг