Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шуҳратбек Само: Томошабин ҳақиқий ҳаётий фильм кутмоқда!

Шуҳратбек Само: Томошабин ҳақиқий ҳаётий фильм кутмоқда!

фото: Xabar.uz

Шуҳратбек Самони ижтимоий тармоқ Facebook орқали танийман. Саҳифасида машҳур инсонлар, кинофильмлар, болалик ностальгияси ҳақида фикрлар ва суратлар билан таништириб боради. Танидингизми, эсладингизми... ҳа аксарият ҳолларда постлари шундай бошланади.

Шуҳратбек Ҳожиев Қирғизистон Республикаси Ўш области Аравон қишлоғида туғилган. Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтининг ўзбек ва қозоқ филологияси факультетида таҳсил олган ва  мактабларда ўзбек тили ва адабиётидан дарс берган, олий тоифали ўқитувчи. 1987 йилдан эса Аравон туманида ўзбек тилида газета нашр этила бошлагач, фаолиятини газетада давом эттирди мухбир, махсус мухбир, фотомухбир, масъул котиб, айни пайтда эса бош муҳаррир. Ҳамкасбимиз биз билан кино мухлис, томошабин, журналист сифатида фильм ва сериаллар хусусида ўз фикрларини ўртоқлашди.

– Инсоннинг ўз устида ишлашида, ривожланишида кино санъатининг  ўрни қай даражада?  

Кино шахс ўзини ва бошқаларни ўрганиши, воқеалардаги хатолардан сабоқ, ютуқлардан ибрат олишида катта аҳамиятга эга. Фақат томошабин кинодан тўғри хулоса чиқариши керак. Афсуски, фикримча ҳозир инсонни мушоҳада қилишга, ибратли хулоса чиқаришга ундовчи миллий фильмлар деярли йўқ. Борлари ҳам кўпчиликка манзур эмас. Сабаби, аксарият томошабинларнинг диди енгил-елпи, олди-очди, «хонтахта» фильмларга мослашиб бўлди.

– Кўпинча саҳифангизда «эсладингизми, танидингизми», деган мазмундаги мавзулар – эски кинолар ва актёрларни эслайсиз. Аввал яратилган ўзбек кинолари ва улар ҳозирги асарлардан қандай фарқ қилади?

Собиқ Иттифоқ даврида «Ўзбекфильм» мамлакатнинг етакчи киностудияларидан эди. Шунингдек, ўзбек киноактёрлари ҳам том маънода санъат дарғалари, усталари эди. Бахтга қарши ҳозир ўша даврда яратилган аксар фильмлар намойиш этилмагани боис, актёрларни бугунги ўрта ва кичик авлод мутлақо танимайди. Катта авлод вакиллари ҳам фильмнинг номини, сюжетини билгани билан, кўпчилиги исми шарифини билмайди, маълумотга эга эмас. Мен «Эсладингизми, танидингизми?» рукнида уларни ёдга оламан. Мухлислар эса уларни эсга олади, билган маълумотларини ўртага ташлайди. Бу билан постларни ўқиганлар ниманидир хотирлайди, ўрганади. Қолдирилган изоҳлардан, шахсийга ёзилган фикрлардан бу рукн дўстларимга манзур бўлаётганидан хурсандман.

Эски фильмларда сюжет, ижро, актёрлар ансамбли, диалоглар, матн,  тасвир…хуллас фильмдаги инсоний туйғулар, ҳиссиётлар, чиқариладиган хулосалар ҳамма-ҳаммаси томошабинларни зериктирмасди. Шу сабаб уларни қайта-қайта кўрсангиз ҳам меъдага урмасди. 

Ҳозирги деярли 90 фоиз фильмларда диалоглар пойма-пой, актёрлар ролга тушмаган, сценарий бачкана ёки савияси паст. Бир марта кўрса кўрилади, бўлмаса йўқ.

Яъни аввал яратилган фильмларда режиссура кучли бўлган. Сценарий пухта ёзилган, ғализликлар деярли йўқ. Бош роллардан тортиб, эпизодик ролларгача актёрлар мос тушган. Шу боис эпизодик роль ижрочилари ҳам томошабин ёдидан чиқмайди.  Фильмларда ижодий муҳитга талаб ва эътибор кучли бўлган деб айта оламан. Масалан СССР халқ артисти Лутфихоним Саримсоқовани олайлик. «Сен етим эмассан» фильмидаги Фотима опа билан «Фарзандлар» фильмидаги телба аёл образини кўринг. Ёки «Маҳаллада дув-дув гап» фильмидаги Меҳри хола билан «Паранжи сирлари» фильм-спектаклидаги Мастура сатангни битта актриса ижро этганига ишониш қийин. Биттаси етимларнинг бошини силаган меҳрибон она роли бўлса, иккинчисида турмуш машаққатлари туфайли ақлдан озган аёлни кўрамиз. Меҳри хола тимсолидаги ҳаммамизга таниш меҳрли, айни қаҳрли, фарзанди камоли учун куйиб-ёнган ўзбек аёлини кўриб қувонамиз, аразларини ҳам тўғри қабул қиламиз. Шу актриса қаҳри қаттиқ, инсон тақдирини писта пўчоғичалик кўрмайдиган, одамийликдан бойликни, пулни устун кўрадиган Мастура сатанг ролини ижро этганига ишонолмайсиз. Бу актрисанинг образга кириши, касбига масъулияти юксаклиги, фидойилигидан дарак.

Яқинда ўзбек сериалларини танқид қилган постларингиз кўпайди...

Ҳозир телеканалларда деярли ҳар куни янги сериаллар, теленовеллалар намойиш қилиняпти. Аввал ишланган видеофильмлар, миллий сериалларнинг ҳозиргилари билан ер ва осмончалик фарқи бор. «Қисмат», «Улуғбек хазинаси», «Бобур» видеофильмлари, «Қайтар дунё», «Туташ тақдирлар», «Опа-сингиллар» каби сериаллар пухта ишланган. Шу сабабдан ҳам томошабин уларни жуда яхши эслайди.

Кейинги пайтда яратилаётган сериалларнинг аксариятида сюжет сифати ҳам талаб даражасида эмас. Давлат буюртмаси асосида ишланаётган сериалларни  қисман, ҳа қисман савияли дейиш мумкин. Аммо хусусий телеканалларда яратилаётганлари ҳақида бундай фикр билдиролмайман. Яна бир афсусланарлиси бутун бошли 40, 50, 100 қисмли сериаллар сценарий ёзилмасдан бир-икки ҳафтада, нари борса бир ойда суратга олинаётгани менимча, мутахассиларни ҳам ташвишга солмай қўйди.

Актёрларнинг импровизация орқали роль ижро этишлари натижасида айтилаётган гап-сўзлар томошабинларнинг эътирозига, танқидига, энг ачинарлиси кулгисига сабаб бўляпти, аксар сериаллардаги актёрлар, актрисалар деярли профессионал эмас. Ижро ҳам шунга яраша. Актриса йиғлайди, кўзида томчи ёш йўқ, қувонч ва бахтиёрликдан порлаб туради. Атрофимиз фақат маиший бузуқ, енгилтак аёлларга тўлиб кетганми, аксарият роллардаги аёллар бировнинг эрини йўлдан урган, эрини бир тийинга олмайдиган, сал нарсага 102 қиладиган келинлар сериаллар ва новеллаларнинг бош қаҳрамонларига айланиб қолмоқда. Бу нима дегани? Ҳаётимизда шунақа инсонлар кўпми? Ёки томошабинлар сонини кўпайтириб, рейтингни ошириш учун бунақа томошалар яратиляптими? Очиғини айтиш керак, ҳаётимизда учраётган нохуш ҳолатларнинг юзага келишига кўп ҳолларда сериаллар сабаб.

«Ёқмаса кўрма! Телевизорни ўчир!» дейдиган «ақлли»лар кўп. Тўғри, мен ёки сиз кўрмаслигимиз, телевизорни ўчиришимиз мумкин. Ёки биз кўрсак ҳам тўғри хулоса чиқарадиган ёшдамиз. Лекин томошабин фақат биз эмасмиз-да. Қанча ёшлар буларни томоша қиляпти! Ҳаммаси ҳам тўғри хулоса чиқаряпти деб бўлмайди.

Яна бир оғриқли муаммо. Барча телеканалларда адабий тил қоидаларига риоя қилинмайди. Ёки улар адабий тил сифатида Тошкент шевасини тасаввур қилишадими? Ҳамма кўрсатувлар Тошкент шевасида олиб борилади. Ҳатто вилоятдан келганлар ҳам ўхшаса-ўхшамаса «вотти»лашади. Яна бир кулгили томони, оиладаги она «вотти»ласа, фарзандларининг бири «опти»лайди, бошқаси «япти»лайди. Шунақаси ҳам бўладими?

Яна бир ачинарли кўриниш: қамоқдаги, очликдан, муҳтожликдан қийналган, касалхонада ойлаб ўлим тўшагида ётган аёлларнинг тирноқлари ўстирилган, бўялган, қош-кўзи, юзи макияж қилинган. Нима ўлим тўшагида ётган аёлнинг кўнглига ясаниш сиғадими?

Сиз айтаётган ўша танқидий постларим, фикрларим кимгадир етиб борса, ўқиса ва ё «тўғри» ёки «нотўғри»,  «лоақал билмаган нарсага аралашма!» деб жавоб қайтарса эди...

– Киноларимизнинг аксариятида юқорида айтганингиздек, қайнона-келин яъни маиший муаммолар кўтарилишини нима билан изоҳлайсиз?

– Телеканаллардаги тарбиявий-маиший мазудаги ҳар хил кўрсатувларда намойиш қилинаётган теленовеллар, сериалларнинг номларига эътибор қаратинг-а, мен айримларини санаб ўтаман:

«Иқрор» рукнидаги кўрсатувлар: «Янги келин келганда...», «Келиннинг маоши кимники?», «Телба келин», «Инстаграмчи келин», «Келинимнинг боласи бор экан», «Гумондор келин»...

Тақдирлар рукнидаги кўрсатувлар: «Шаҳарлик келинимнинг қилиқларидан дод», «Дугонасини куйдириб хор бўлган келин», «Чимилдиқдаги келин ноласи», «Фарзандларини энагага бериб, меҳр бермаган келин», «Келиним тунги клубда»...

«Тугун» рукнидаги кўрсатувлар: «Ногирон эрини ташлаб чет элга кетган келин», «Бойликка учиб фотиҳасини бузган келин», «Бойлик сабаб оиласидан айрилган шифокор келин»...

«Оталар сўзи-ақлнинг кўзи» рукнидаги кўрсатувлар: «Эрини кредит олишга мажбурлаган келин», «Оқибатсиз келинлар», «Дангаса келиннинг ҳийласи»

«Ҳикматли дунё» ва «Одамлар орасида» рукнидаги кўрсатувлар:«Шаҳарлик келин», «Беномус келин», «Келинчак», «Бақироқ келинлар», «Дангаса келинлар»...

Кино ва сериаллар: «Паҳмоқ келин», «Вайсақи келин», «Модница» келин», «Жангчи келинлар»...

Худди жамиятимизда келинлардан бошқа ташвиш ва муаммо қолмагандек. Тарбиявий-маърифий кўрсатувларнинг келинлар мавзуси томошабинларга қай даражада тарбиявий таъсир кўрсатаётганининг ўзи янаям қизиқ.  

Саволингизга келсак, бир томондан канал ижодкорларининг бу позицияси  тўғридай – тинч, ғалвасиз мавзу.

Киноижодкорлар қайнона (ролга тайёр актрисалар ёмонига Саида Раметова, сал эзилганига Раъно Ярашевалар бор, кастингнинг кераги йўқ), келинлар (ҳар қанақасини ёш актрисалар қойиллатади), қайноталар (ҳар қанақа характердаги қайнотани қойиллатиб юборадиган актёрлар кўп), куёвлар... мавзусини шундоққина ёритса тинчроқ бўлади.

Бечоралар бошқа мавзуга қўл урса, негативлар шунақа кўп ёғилади. Бирпасда ҳамма санъатшунос, кинотанқидчи, тарихчига айланади. Уруш ёки босмачилар мавзуси ёзилса, баъзи тарихчилар қаердандир эшитган, ҳа ўқиган эмас, эшитган сафсатасини айтиб, сценарист ва режиссёрни халқ душманига чиқаради. Шу сабабдан ҳам бизда фақат комедия, маиший мавзулардаги фильмлар («Маҳаллада дув-дув гап», «Суюнчи», «Келинлар қўзғолони», «Чимилдиқ», «Тўйлар муборак» кабилар) машҳур.

«101 рейс» ва «Қўқон шамоли» фильмлари ҳақида ижобий фикр билдирсам, дарров салбий фикрлари билан «танқидчилар» етиб келишди. Танқид асосли бўлсаю, хўп. Лекин одатдагидек «у унақа, бу бунақа» дегандек оддий гаплар.

Қани эди бизда ҳам «Солдат отаси», «Ҳур қизлар»дек фильмлар ишланса... Афсуски бугун биз ўзбек театр ва кино санъатининг дарғалари, афсоналаридан фойдалана олмаяпмиз. Эркин Комилов, Ёдгор Саъдиев, Наима Пўлатова, Гулчеҳра Жамилова, Теша Мўминов каби актёрларимиз ҳам ҳатто маиший мавзулар билан чекланиб қоляпти.

Бир кучли режиссёр чиқсаю, Ўткир Ҳошимовнинг «Икки эшик ораси» асарини экранлаштирса... Ориф оқсоқол образини Эркин Комилов, Умар Закунчи ролини Ҳамид Тошпўлатов ижро этса деб орзу қиламан.

Шулар қаторида оз бўлса-да ижтимоий ёки тарихий мавзудаги фильмларимиздан муваффақиятлиларини кўрасизми? Агар бор бўлса, улар нима учун яхши қабул қилинган ва шу муваффақият сабаблари нимада деб ҳисоблайсиз?

Кино ёки сериалларимизни бутунлай қоралаш фикридан йироқман. Юқорида айтганимдек, кейинги йилларда яратилган «101 рейс», «Қўқон шамоли», «Илхақ», «Судья» каби фильмларни кўпчиликка ёққан, муваффақиятли чиққан фильмлар деб ҳисоблайман. Бунинг сабаби, актёрлар ансамбли, роль ижрочилари тўғри танланган. Улар ўзларига берилган образларни ишонарли, тўлақонли яратиб беришган.

Негадир бизда режиссёрлар изланишни, ролга мос тушадиган актёрларни қидиришни хоҳлашмайди. Қайнона ролига тайёр 3-4та актрисалар бор. Улар ҳам бошини қотириб ўтирмайди. Шартта кўйлак, рўмолини алмаштириб бир пайтда бир нечта сериалда, новеллада ўйнаб ташлайверади. Шанғилласа, йиғламсираса, бақирса бўлди роль тайёр. Битта актрисани бир вақтнинг ўзида бир нечта томошада кўрган томошабинлар сериал номларни, бошқа ижрочиларни ҳам адаштириб юборади. Шунақа муштумзўр, шилқим, енгилтабиат, суюқоёқ шахслар ролига ҳам навбатчи санъаткорлар тайёр.

Хуллас, енгилтаклик, жазосиз қолаётган одам савдоси, жиноятчилик, гиёҳвандликни намойиш қиладиган савиясиз сериаллар яратиш борасида турк ва Лотин Америкаси, Италия ижодкорларини ҳам ортда қолдирдик.

Бугун талаб шу, тарихий ёки драматик сериаллар, воқеаларни томошабин кўрмайди дейиш нотўғри. Томошабин бачкана вайн, тик-ток, пранк, сериаллардан зерикди. Улар жиддийликни хоҳлашади. Бунга сериаллар, постларга қолдирилган изоҳларни ўқиб, амин бўлмоқдаман.

Эндиги мақсад эзгуликка чорлаш, яхшиликни, меҳр-оқибатни тарғиб қилиш бўлиш керак. Олинаётган фильм ва сериаллар ҳаётий бўлсин!

Суҳбатни Барно Султонова тайёрлади

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг