Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Саудия уч қитъани боғловчи авиаширкат ташкил этмоқчи

Саудия уч қитъани боғловчи авиаширкат ташкил этмоқчи

12 март куни Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон «Riyadh Air» компанияси таъсис этилишини маълум қилди. Давлат сармоя жамғармасига тегишли авиаширкат мамлакат ЯИМга 20 миллиард доллар қўшимча даромад келтириши ва қарийб 200 минг янги иш ўрни яратиши кутилмоқда.

«Янги миллий авиаташувчи Саудия Арабистонининг стратегик жуғрофий жойлашуви – Осиё, Африка ва Европа қитъалари ўртасида кўприк эканидан фойдаланган ҳолда, пойтахт Риёз шаҳрини дунё дарвозаси, транспорт, савдо ва туризм бўйича глобал марказга айлантиради», – дейилади Саудия давлат ахборот агентлиги хабарида.

«Riyadh Air» ширкати фаолиятига Давлат сармоя жамғармаси бошқарувчиси Ёсир Ал-Румайян умумий раҳбарлик қилади. Авиация, транспорт ва нақлиёт тизимида 40 йиллик тажрибага эга Тони Дуглас эса компания бош директори этиб тайинланган.

Илғор халқаро стандартларга жавоб бериши белгиланган «Riyadh Air» 2030 йилга бориб 100 дан зиёд манзилларни боғлайди.

Ўтган йил ноябрь ойида Саудия пойтахти Риёз шаҳрида янги аэропорт қурилиши режаси эълон қилинган эди. Ҳозирги ҳаво бандаргоҳи 35 миллион йўловчига хизмат кўрсата олади. Янги аэропорт эса 2030 йилга бориб 120 миллион сайёҳни қабул қилиши режалаштирилган. 

Подшоҳлик  «Нигоҳ–2030» стратегиясига мувофиқ иқтисодиётни диверсификация қилиш, энергетикадан бошқа йўналишларни тараққий эттиришга эътибор қаратмоқда. Саудия расмийларига кўра, янги авиаширкат ва аэропорт «Нигоҳ–2030»да белгиланган глобал рақобатбардошлик мақсадларига мос келади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг