Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев грант маблағларидан самарали фойдаланиш масаласида йиғилиш ўтказди

Шавкат Мирзиёев грант маблағларидан самарали фойдаланиш масаласида йиғилиш ўтказди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 декабрь куни грант маблағларини фаол жалб этиш ва улардан самарали фойдаланиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда давлатимиз раҳбарининг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётини яхшилаш, шу мақсадда грантлар, техник кўмак ва бошқа ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб этиш, хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва жамғармалар билан алоқаларни ривожлантириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10 октябрдаги «Ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб этиш механизмларини ва донорлар билан ишлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида бу борада янги вертикал тизим яратилди. Грантларни координация ва мониторинг қилиш, донорлар билан ишлаш бўйича Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ваколатли орган этиб белгиланди, вазирликда янги департамент ташкил этилди.

Йиғилишда ҳозиргача мавжуд бўлган камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Масалан, ҳозирда республика бўйича 667 миллион доллар грант ҳисобига 160 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Лекин ушбу лойиҳалар ҳолати, маблағларни ўзлаштириш самарасини баҳолаш, мақсадли ишлатиш устидан назорат механизми йўқ. Грантлар ҳисобига ишга туширилган объектлар ва ускуналардан, лойиҳалар доирасида орттирилган тажрибадан самарали фойдаланилмаяпти. Илм-фан, инновация, экология каби соҳаларга грантлар кам жалб этилаяпти.

Шу боис грант маблағларини фаол жалб этиш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича навбатдаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

Ҳар бир устувор соҳа ва тармоқ бўйича янги грант маблағларини жалб этиш бўйича топшириқлар берилди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Молия вазирлигига грантлар ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳаларнинг натижадорлигини баҳолаш бўйича янги тизим яратиш вазифаси қўйилди.

Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига хориждаги ваколатхоналар билан биргаликда халқаро донор ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича топшириқлар берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2020 йилда грантлар жалб этиш бўйича «йўл хариталари» ишлаб чиқиши, бу маблағлар устувор мақсадларга ва аниқ лойиҳаларга йўналтирилиши зарурлиги таъкидланди. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг