Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Коронавирусдан тузалганлар сони шиддат билан ошмоқда

Коронавирусдан тузалганлар сони шиддат билан ошмоқда

Фото: Xabar.uz

Пойтахтимиздаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасидан 2 нафар, Хоразм вилояти юқумли касалликлар шифохонасида 16 нафар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар бутунлай соғайди. Улар республика ва вилоят соғлиқни сақлаш соҳаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар қилишича, эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида соғайганлардан 1 нафари (4 ёшли бола) Тошкент шаҳридан бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Яна 1 нафари (40 ёшли эркак) Бухоро вилоятидан бўлиб, Россиядан чартер рейсда келган. Ушбу клиникада шу пайтга қадар 68 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 70 нафарга етди.

Хоразм вилоятида соғайганларнинг 15 нафари жорий йил 22 март куни Россиядан чартер рейс билан келишган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Қолган 1 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Улардан 15 нафари эркак, 1 нафари аёлдир. Беморлар Қорақалпоғистон Республикаси ва Қашқадарё вилоятидан 3 нафардан, Тошкент, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 2 нафардан, Наманган, Бухоро, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларидан 1 нафардан. Улар орасида энг ёши каттаси 54 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 22 ёшда.

Хоразм вилоятидан айни пайтга қадар 45 нафар бемор буткул соғайган бўлса, эндиликда улар 61 нафарга етди.

Шундай қилиб, бугун айни пайтга қадар 86 нафар бемор тузалиб, мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайган беморлар 707 нафарни ташкил этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг