Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Соғлиқни сақлаш вазирлиги калтакланган шифокор масаласига муносабат билдирди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги калтакланган шифокор масаласига муносабат билдирди

Фото:«ЎзА»

2018 йилнинг 3 август куни Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани шифокор калтаклангани натижасида хушини йўқотгани ҳақида хабарлар тарқатилганди. Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги калтакланган шифокор масаласига расмий муносабат билдирди.

«Полосон қишлоғида яшовчи 1949 йилда туғилган Мирзажалил Ҳакимовнинг бехуш ётганлиги тўғрисида қариндошлари томонидан туман марказий тез тиббий ёрдамига мурожаат келиб тушган. 

Навбатчи врач тез тиббий ёрдами машинасидан тушиб беморни кўриш учун шошиб кириб кетаётган пайтида беморнинг набираси шифокорни ҳақорат қилиб, бесабаб дўппослаган. Врач Ш. Сирожиддинов бош ва қулоғи аралаш бехосдан тушган кучли зарбадан оғир мия жароҳати олиши ҳисобига ҳушидан кетиб йиқилган. Шундай вазиятда ҳам ўз хизмат вазифасини унутмаган ҳамшира Умидахон Ҳусанова беморни кириб кўрганда бемор аллақачон вафот этганлиги, ҳатто беморнинг қариндошларига хабар берилиб улар етиб келишгaнининг шоҳиди бўлган.

Врач Шуҳратбек Сирожиддинов ҳам бироздан сўнг ҳушига келгач, ўрнидан туриб беморни кўргани кирганида 70 ёшга кирган Мирзожалил Ҳакимовнинг бир неча дақиқа аввал вафот этганлиги, мурда аллақачон совиб бўлганлиги ва ҳатто қариндошлари мурданинг иягини хам боғлаб қўйганлигини кўрган. Врач Шуҳратбек Сирожиддинов ўрнидан тураётганда олган оғир жароҳати ҳисобига яна ҳушидан кетиб йиқилади ва тез тиббий ёрдами машинасида Олтиариқ тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдами бўлимига «Оғир калла мия жароҳати, бош мия чайқалиши, чап қулоқ супраси атрофи юмшоқ тўқималарининг лат ейиши, чап қулоқ пардасининг йиртилиши» ташхиси билан оғир аҳволда ётқизилади. 

Шу ўринда қайд этиш лозимки, шифокорлар томонидан минглаб хонадонларга бориб, беминнат кўрсатган хизматлари учун халқнинг ҳурматини қозониб келган. Лекин баъзи бир юқоридаги каби малакали шифокорларнинг дўппосланиши ва ҳақоратланиши тиббиёт ходимларининг ҳимоясиз эканлигидан далолат бермоқда. Бундай ҳолатлар охирги пайтларда тез-тез учраётгани тажрибали шифокорларнинг бирламчи тизимдан кетиб қолишларига сабаб бўлмоқда. Шу боис ҳар бир тиббиёт ходимининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муносиб рағбатлантиришни кучайтириш борасида ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш юзасидан изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мазкур ҳолат юзасидан қонуний чора кўриш учун Фарғона вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилинди» дейилади вазирлик хабарида.

Маълумот учун, Ш. Сирожиддинов 2016 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган танловда «Тез тиббий ёрдам станциясининг энг малакали шифокори» номинациясида 1-ўринга лойиқ кўрилганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг