Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Солиқ, МИБ, Олий суд ва Марказий банк бирлашганда…

Солиқ, МИБ, Олий суд ва Марказий банк бирлашганда…

Фото: «Хабар.уз»

2018 йил 26 июль куни Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг ташаббуси билан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, Олий суд ва Марказий банк ҳамкорлигида суд ижро ҳужжатлари асосида солиқ қарзини қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишлар, йўл қўйилаётган камчиликлар ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Тадбир Президентимизнинг 2018 йил 17 апрелдаги иқтисодиёт тармоқларида ҳисоб-китоблар тизимини такомиллаштириш, дебитор-кредиторлик, шу жумладан, бюджет олдидаги қарзларни қисқартириш масалалари юзасидан ўтказилган мажлис баёни асосидаги топшириқлардан келиб чиққан ҳолда ташкил этилиб, унда республикамизнинг барча ҳудудларидаги солиқ бошқармалари ва мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бўлимлари масъул ходимлари иштирок этди.

Видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, ҳамкорликдаги тадбирлар натижасида 1121 нафар ходим томонидан қарздорларнинг мол-мулклари хатловга олиш учун жалб этилиб, жорий йилнинг I ярим йиллигида 1,4 трлн. сўм солиқ қарзига эга 54 657 та объектдан 31 751 тасида 892,4 млрд.сўмлик маблағ хатлов жараёнида ундирилди ҳамда бу орқали ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 395,3 млрд. сўмга кўп маблағ ундиришга эришилди.

Шу билан бирга, 5922 та қарздорларнинг 337,7 млрд. сўм қийматидаги мол-мулклари, шу жумладан, 1019 та бино ва иншоот, 1280 та транспорт воситалари ва 9701 та бошқа турдаги мулклар хатланди. Ушбу кўрсаткич ҳам ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3578 тага ёки 117,3 млрд.сўмга кўпайишига эришилди.

Видеоселектор йиғилишида амалга оширилаётган ишларда йўл қўйилаётган камчиликлар танқидий тарзда муҳокама этилиб, Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармасининг Солиқ қарзини ундиришни ташкил этиш бўлими бошлиғи эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган бўлса, Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармасининг масъул раҳбарлари жиддий огоҳлантирилди.

Давлат солиқ қўмитаси томонидан солиқ қарзини кескин қисқартириш мақсадида жорий йилнинг II ярим йиллигида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда 1,1 трлн. сўм миқдоридаги солиқ қарзларини суд ҳужжатлари асосида ундириш бўйича тегишли ишлар бажарилиши белгиланди.

Мухтасар айтганда, солиқ қарзларининг ундирилиши бюджетга тушумлар миқдорининг кўпайишига олиб келиши баробарида мамлакатимизда ҳудудларни ривожлантиришга оид давлат дастурларининг самарали ижросини таъминлаш ҳамда аҳоли даромадлари ва турмуш фаровонлигини янада яхшилаш имконини беради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг