Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Таълим соҳасидаги янги конституциявий нормалар ҳақида баъзи мулоҳазалар

Таълим соҳасидаги янги конституциявий нормалар ҳақида баъзи мулоҳазалар

Фото: «Xabar.uz»

Ўқув-тарбия жараёнларини ҳозирги замон талаблари даражада такомиллаштириш, таълим тизимини ривожлантиришни таъминлаш учун асосий масъул шахслар ўқитувчи-педагоглар эканлиги барчамизга маълум. Белгиланган вазифалар доирасида ўз кундалик фаолиятларини самарали амалга ошириш учун улардан ўз ишларига масъулият билан ёндашиш, касбий малака ва методик маҳоратларини узлуксиз ошириб бориш, замонавий инновацион технологиялар асосида ишлаш талаб килинади.

Бундан ташқари, таълим тизимининг сифати соҳа касб эгаларининг фаолияти, ҳақ-ҳуқуқлари давлат томонидан тегишли қонунлар билан ҳимояланишига ҳам бевосита боғлиқ, албатта. Таълим соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунлар тизими эса Конституциямизда белгиланган ҳуқуқий нормалар асосида такомиллаштирилади.

41-моддага киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар айнан шу нуқтаи назардан амалга оширилмоқда.

Жаҳон тажрибасига кўра, энг ривожланган давлатлар (Япония, Жанубий Корея, Буюк Британия ва б.), Хитой, Беларусь, Эстония каби ривожланаётган мамлакатларда ўқитувчи, педагог мавқеи жуда баланд бўлиб, уларнинг ҳақ-ҳуқуқулари конституцияларида ва миллий қонунчилигида ҳимояланган. Масалан, Японияда ўқитувчига вазирнинг маоши, императорнинг обрўси, депутатнинг дахлсизлиги берилганлиги муболаға эмас. Япония таълим тизимининг мукаммаллиги мамлакатнинг жуда қисқа муддат ичида дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторидан ўрин олишига сабаб бўлган, зеро мактаб – инсон умри давомида оладиган таълим ва тарбиянинг, унинг шахс сифатида шаклланишининг асосидир.

Бизнинг амалдаги қонунчилигимизга кўра, педагог ходим деганда таълим ташкилотларида (боғча, умумтаълим мактаби, академик лицей, касб-ҳунар мактаби, коллеж, техникум, олий ва ундан кейинги таълим муассасалари, малака ошириш ва қайта тайёрлаш муассасалари) педагогик фаолият билан шуғулланувчи жисмоний шахслар тушунилади. Бугунги кунда мамлакатимизда халқ таълими тизимидаги муассасаларда ярим миллиондан ортиқ педагог ходимлар фаолият юритмоқда.

Шунингдек, ушбу таълим муассасаларида 6,5 миллионга яқин ўқувчилар таълим олиб келмоқда. Бу 6,5 миллион болаларимизнинг тақдири маълум даражада шу ярим миллион одамнинг қўлида эканлигини англатади, зеро фарзандларимиз сутканинг талайгина қисмини мактабда, ўқитувчилар билан ўтказадилар.

Педагог фаолиятининг энг мушкул жиҳатларидан бири ўқитиш, дарс бериш билан эмас, айнан ўз ўқувчилари билан муомала қилиш, тарбия бериш билан боғлиқ. Бу қийинчиликларнинг сабаб-важлари турлича. Биз масалаланинг айнан шу жиҳатига ҳам эътибор бериш кераклигига тўхталмоқчимиз.

Биринчидан, ҳозирги замон болалари технологик ривожланиш даври маҳсулоти, десак, муболаға бўлмайди. Улар ўзларини қизиқтирган ҳар қандай маълумотни ўзлари топиб, мулоҳаза қилишлари мумкин. Бундай имконият уларнинг ўзларини мустақил сезишга, ҳеч кимдан ёрдам кутмаган ҳолда «муаммоларни» ҳал қилиш кўникмаларини орттиришига сабаб бўлаяпти. Бу жиҳат ёшларимиз учун яхши, албатта. Лекин бундай мустақиллик ўзбошимчалик ва ўқитувчига ҳурматсизлик кўрсатиш ҳоллари билан ҳам боғлиқ бўляпти. Энг ачинарлиси, кўп ота-оналар ҳам бу вазиятга эътиборсизлик билан қарашмоқда.

Иккинчидан, халқаро ва миллий қонунчилигимизда эътироф этилган инсон ҳуқуқлари, хусусан, болалар ҳуқуқларининг ҳимояланганлиги бир томондан улар учун эркин, бахтли болаликни таъминласа, иккинчи томондан бу ҳуқуқларни тўлақонли, тўғри тушунмаган ҳолда суистеъмол қилинишига олиб келмоқда. Яъни болаларимиз бизга ўқитувчи танбеҳ бермаслиги, ишимизга аралашмаслиги керак, деган фикрларга борадилар ва баъзи ҳолларда ўқитувчидан норизолик ва эътирозларни ота-оналарига етказадилар. Улар эса ўз навбатида ўқитувчидан норозиликни қўпол тарзда, айнан фарзандлар иштирокида билдирадилар. Бундай вазиятнинг оқибатлари ўқитувчи учун қаттиқ психологик стресс бўлсада, ўқувчи учун истиқболли антисамара, яъни болада педагогика ва психология нуқтаи назаридан ёндашганда, жуда негатив хусуятларнинг шаклланишига олиб келиши, бу эса бизнинг миллий қадриятларимизга ҳам зид эканлиги эътиборга олинмайди.

Янги конституциямизда педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслигининг мустаҳкамланиши мазкур ҳолатларнинг олдини олади, деган умиддамиз.

Таълим муассасаларида ўқийдиган болалар ота-оналарининг ҳам педагог меҳнатини, унинг шаъни ва ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилмаган ҳолда ва, аксинча, уйдаги ва мактабдаги тарбия жараёнларини ўзаро интеграциялаш ҳисобидан мукаммал қилишга интилишлари умумий мақсадга, яъни фарзандларимизни комил, ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб етиштириш мақсадига мувофиқ келган бўларди.

Шу ўринда мураббийларимизнинг Конституциямизга киритиладиган нормалар, яъни эътироф этилаётган ва кафоланаётган ҳақ-ҳуқуқлар олдидаги масъулиятлари ҳақида ҳам баъзи мулоҳазаларимизни билдирсак.

Энг аввало, эътироф этиш керакки, педагог, мураббийлик касби ижодий касб. Мураббий 45 дақиқа вақтини дарсликдаги мавзуни нари-бери ўтиб, фақат вақт ўтишини кўзлаб ишга келса, унинг обрўйи ҳам, ҳурмати ҳам бўлмайди ва бундай ўқитувчини ҳурматсизликдан ҳеч нарса асраб қололмайди. Болалар сидқидилликни, меҳрни қалблари билан туядилар. Ўтилаётган дарсларга ижодий ёндашув бўлса, ҳар бир ўқувчига муомала ва мулоқот жараёнида унга нисбатан шахс сифатида ҳурмат сезилса, керакли вазиятда эътироф этиб турилса, бундай педагогнинг ҳурмати, албатта, юксак бўлади ва болалар меҳрига сазовор бўлади.

Бундан ташқари, ҳар бир мураббий фарзандлар бегона бўлмаслигини («меники эмаску» принципидан воз кечиш муҳимлигини), яъни ҳар бир болага ўз фарзандидек муомала қилиши, унга меҳр бериши, хатоларини кўрсатиши, уларнинг олдини олишда, тарбиялаш, танбеҳ беришда уларнинг ҳар бирига нисбатан шахс сифатида ҳурматини, конституциявий ҳуқуқларини поймол қилиш мумкин эмаслигини ёдда сақлаган ҳолда ёндашиш зарурлигини бир дақиқа ҳам унутмаслиги керак. Ўқитувчи-мураббийларимиз қонунлар воситасида ҳуқуқуқий жиҳатдан қанчалик ҳимояланмасин, уларнинг ўз касбларига, болаларга меҳр ва ҳурматлари бўлмаса, бу қонунларнинг амал қилиш механизмлари доимо оқсаши, муаммоли вазиятлар юзага келиши ва уларнинг ечимини топиш, чораларини кўриш асосий стратегик мақсад – ёшларни тўғри тарбиялаш, таълим сифатини яхшилаш мақсадидан чалғитиши табиий.

Бундай принциплар нафақат умумий ўрта таълим муассасаларида, балки олий таълимда ҳам қўлланиши, яъни талабаларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилмаслигида ҳам ўз аксини топиши керак. Зеро олий таълим қамровини кенгайтириш мақсадида ОТМ сонининг кўпайтирилиши, олий таълимдан кейинги таълим босқичларига, илм-фанни ривожлантиришга эътиборнинг кучайтирилиши, бунинг учун давлат томонидан барча шарт-шароитлар яратилиши ҳам янги конституцияда кафолатланади ва мустаҳкамланади.

Янги конституциямизнинг таълим соҳасига оид 41-моддасига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар таълим тизимини янада такомиллаштириш, унинг касб эгалари ижтимоий ҳимоясини кафолатлаш, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашишга йўл қўйилмаслигини мустаҳкамлаш – буларнинг барчаси мамлакатимизда таълимни ривожлантириш жараёнига тўсиқ бўлаётган ҳолатларнинг олдини олади, деган умиддамиз.

Музаффар ЖАЛОЛОВ,

Тошкентдаги ИНҲА университети ректори

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг