Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тарих ва замонавийлик уйғунлиги: Урумчининг шаҳарсозлик музейига саёҳат (фото)

Тарих ва замонавийлик уйғунлиги: Урумчининг шаҳарсозлик музейига саёҳат (фото)

Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси мамлакатимиздан бир гуруҳ журналистлар ва мутахассислар учун Шинжон-Уйғур автоном вилоятига пресс-тур ташкил қилди. Унда Xabar.uz мухбири ҳам иштирок этди.

Хитой ­­­­– улкан мегаполислари, ажойиб архитектураси, бой тарихи ва замонавий қиёфаси, миллий колорити билан миллионлаб сайёҳларни ўзига ром этиб келади. Шинжон-Уйғур автоном вилояти Хитойнинг бошқа ҳудудларига нисбатан иқлими, муҳити билан Ўзбекистонга анча яқин. Бу ерда ҳаводаги намликдан, таомларидан қийналмайсиз. Шинжон ошхонасининг лаззатидан баҳра оласиз.

Ташрифга қадар автоном вилоят маркази ­– Урумчи шаҳрининг замонавий мегаполисга айланиб улгурганини тасаввур қилмаган эдик. Шаҳарнинг аввалги архитектураси, муҳити Тошкентга ҳам ўхшаб кетади. Бироқ сўнгги йилларда кўплаб осмонўпар бинолар қад кўтарган, пойтахтимиз билан таққослаганда, Урумчининг замонавий кўриниши нисбатан тартиб билан, шаҳарнинг бош режасига амал қилинган ҳолда ривожлантирилаётганини илғаш қийин эмас. Бугунги кунда шаҳар аҳолиси сони 4 миллионга етган.

Урумчи қадим замонлардан Буюк Ипак йўлининг Шарқни Ғарб билан боғлаб турган муҳим нуқталаридан бири бўлган. Музейлардаги экспонатларнинг аксар қисми ҳам Буюк Ипак йўли тарихига алоқадор.

Эътиборлиси, айни коронавирус пандемияси ва унинг чекловлари авжига чиққан пайтда шаҳар марказида жуда катта иншоотлар мажмуаси қурилган. Улкан комплекснинг марказий қисмида гул шаклида қад кўтарган минора бўлиб, унинг атрофида олтита иншоот жойлашган. Улардан бири шаҳарсозлик музейи учун ажратилган. Бошқа биноларда миллий театр, тасвирий санъат кўргазмаси, маҳобатли концерт зали ва экспомарказ жой олган. Ташрифимизнинг илк манзили шу ер бўлди.

Шаҳарсозлик музейи ўзига хос экспозицияларга эга. Бу антик даврдан бошланиб, ўрта асрларни қамраб олади ва бугунги кунларимиздан ҳам ҳикоя қилади.

Буюк Ипак йўли ривожланган даврлардаги муҳитни акс эттирувчи мўм ҳайкаллар, либослар ва саҳналар эътиборни тортади. Хитой музейларида тарих ва замонавийлик уйғунлиги яққол сезилади. Музейда тарихий экспонатлар билан бирга, кўнгилочар ҳудудлар, болалар учун қизиқарли интерактив майдонлар, кинотеатрлар, махсус эффектли улкан экранлар мавжуд.

Бу экранлардаги намойишларда гўё ўзингизни шу воқеалар ичида тургандек ҳис қиласиз. Шунинг учун ҳам Хитой музейлари гавжум, ёшларни кўп учратасиз.

Музейда шаҳарсозликка илмий ёндашув борлиги акс этган. Урбанистикага оид жуда катта экспонат ҳам мавжуд. Салкам футбол майдонича келадиган залда шаҳарнинг бутун харитаси макети ясалган.

Бизни ушбу экспонатлар билан таништирган музей ходими айтишича, Урумчи шаҳрининг амалдаги бош режаси 2020 йилда тасдиқланган ва у 2035 йилга қадар амал қилади. Барча қурилишлар шу режа доирасида амалга оширилади. Ҳеч ким шаҳарнинг хоҳлаган қисмидан ерни эгаллаб, ўзи истаган нимадир бузиб, ниманидир қура олмайди.

Шинжоннинг маъмурий маркази шунчаки ўсиб бораётган шаҳар эмас. Сўнгги ўттиз йил ичида у ўз ҳудудини кенгайтириб борди, кўпқаватли бинолар туфайли маҳобатли кўриниш олди. Шу билан бирга, мегаполисда тирбандликлар, жамоат транспортининг бардош бера олмай қолиши, бекатларда йўловчиларнинг узоқ кутиб қолиши каби муаммолар кўп учрамайди.

Музейда шарқ бозорлари ва карвон йўллари ҳақида кўплаб қизиқарли хариталар, макетлар мавжуд. Шунингдек, ипак, чинни, чой, заргарлик буюмларидан экспонатлар ўрин олган. Шинжон Хитойнинг 90 фоиз пахтасини етиштириб беради. Бу ерда етиштириладиган табиий тўқ сариқ рангдаги пахтага талаб жуда юқори экан.

Алоҳида заллар Ипак йўлининг тикланиши ва у қандай замонавий йўлларга эга бўлганига бағишланган. Маълум бўлишича, Урумчи иқтисодий тасманинг олтита транзит ва логистика коридорларидан учтаси кесишган нуқтада жойлашган. Бу дунёнинг кўплаб мамлакатлари билан савдо алоқаларини ўрнатиш учун катта афзалликларни беради. Шинжон ўлкаси сармоядорлари Тожикистон, Туркия ва Вьетнам бозорларида тўқимачилик, шамол станциялари учун ускуналар ва мебел ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни йўлга қўйишган.

Музей биносининг ўзи улкан маданият марказида жойлашгани ҳақида юқорида маълумот бергандик. Олтита маҳобатли бинонинг ўртасида кузатув минораси, қарама-қаршисида эса шаҳар EXPO маркази қад рослаган. Айтишларича, экспомарказнинг тепа қисми ойни эслатади, яқин атрофдаги бинолар эса Тянь-Шань тоғларига ўхшайди.

Саёҳатимизнинг кейинги манзилларидан бири айнан Тянь-Шань тоғ ёнбағирларида жойлашган табиати бетакрор масканга бўлди. Бу ҳақда кейинроқ батафсил ҳикоя қиламиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг