Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ғайрат Йўлдош

Бешикдан қабргача илм изла!

Тожикистонликларни юртимизда нималар ҳайратлантирмоқда?

Тожикистонликларни юртимизда нималар ҳайратлантирмоқда?

Озиқ-овқат ва хўжалик моллари дўконларида ўзимизда тайёрланган маҳсулотларнинг кўплиги ҳам уларни қойил қолдирган.

Фото: «Рrotoday.uz»

Тожикистон билан ўртадаги тўсиқлар олиб ташланиб, икки қардош юрт фуқаролари бир-бирлариникига эмин-эркин бориб келиш имкониятига эга бўлдилар. Тожикистон аҳолиси ҳам, биз ўзбекистонликлар ҳам узоқ йиллар давомида бир-биримизнинг аҳволимиздан бехабар юрдик. Бугунги кунда эса кўплаб тожикистонликлар мамлакатимиз бўйлаб саёҳат қилиб юрибди. Юртдошларимиз ҳам қўшни давлатга саёҳатга бормоқда.

Юртимиз ҳақидаги фикрларини билиш учун тожикистонлик бир нечта меҳмон билан суҳбатлашдим ва Ўзбекистонда уларни нима ажаблантиргани ҳақида сўрадим (улар овозларини ёзиб олишимни хоҳлашмади).

Қуйида мамлакатимизда уларни ажаблантирган ишлар, ҳолатлар билан танишинг:

  1. Озиқ-овқат ва сабзавотларнинг арзонлиги.

Бизнинг бозорларимизда ўзимизнинг буғдойдан тайёрланган уннинг бир қопи 80 минг сўм атрофида сотилаяпти. Тожикистонликларнинг айтишича, уларда энг арзон ун — Россия ва Қозоғистонда тайёрланган иккинчи нав буғдой уни 100-110 минг сўм, биринчи нав ун эса 130-140 минг сўм атрофида. Шунингдек, тухумнинг арзонлиги. Бугун бозорларимизда тухумнинг донаси ўртача 500 сўмдан сотилаяпти. Тожикистонда тухум биздан икки баравар қиммат экан. Яна пиёз, сабзи ва бошқа сабзавотларнинг нархи ҳам бизда Тожикистондагидан анча арзонлиги маълум бўлди.

  1. Бензин ва суюлтирилган газ — пропан нархининг арзонлиги.

Тожикистонликларнинг айтишича, уларда А-80 маркали арзон бензин йўқ, А-91, А-93 ва А-95 маркали бензинлар бор. Уларнинг нархи эса бизнинг сўмда ҳисоблаганда 6500-7500 сўм атрофида. Шунинг учун ҳам мамлакатимизга ўз машинасида ўтган тожикистонликлар машиналарининг бакини биздаги нархи 3800 сўм бўлган А-80 маркали бензинга тўлдириб олишмоқда. Шунингдек ҳозирги кунда бизда турли жойларда литри 1200-1600 сўмга сотилаётган суюлтирилган газ — пропан Тожикистонда литри 3000 сўм атрофида сотилмоқда. Қиш мавсумида эса 4000 сўмгача кўтарилар экан.

  1. Йўлларимиз.

Тожикистонликларни ҳайратга солган яна бир нарса йўлларимизнинг кенглиги ва минглаб километр йўлларда йўлнинг ўртасига бетон тўсиқ ўрнатиб чиқилгани. Уларнинг айтишича, Тожикистонда ўртаси тўсиқ билан ажратилган йўллар йўқ. Шунингдек тўрт полосали йўллар ҳам йўқ ҳисоби.

«Аксарият йўлларимиз яхши асфальт қилиб қўйилган, аммо икки полосали, яъни тор. Йўлларимизда йўл-транспорт ҳодисалари рўй берганда ҳолат анча хавфли кўриниш олади. Сизларда эса ўртада тўсиқ бор, йўллар ҳам кенг. Машиналар бир-бирига халақит бермай бемалол ҳаракатланади. Аммо баъзи жойларда йўллар анча таъмирталаб экан», — дейишди улар.

  1. Вилоят марказлари бўлмиш шаҳарларимиздаги кенг кўламли ободонлаштириш ва қурилиш ишлари.

Меҳмонларнинг айтишига қараганда, улар бу масалада биздан анча йиллар орқада эканлар. «Бизда ҳам ривожланиш бўлаяпти. Аммо Ўзбекистондагидай эмас. Сизларда вилоят марказлари бўлган йирик шаҳарлар янгича кўриниш олиб, анча ўзгариб кетибди. Бизда бу даражада эмас», — дейишди улар.

Шунингдек, озиқ-овқат ва хўжалик моллари дўконларида ўзимизда тайёрланган маҳсулотларнинг кўплиги ҳам уларни қойил қолдирган. Уларнинг айтишича, озиқ-овқат ва хўжалик молларининг аксарияти Тожикистонга Россиядан келтирилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг