Тошкентдан Самарқандга бориш вақти 5 соатдан 2,5 соатга қисқаради
Президент Шавкат Мирзиёев Ўрта Чирчиқ туманида Тошкент – Самарқанд йўналишида қуриладиган янги автомобиль йўлига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди.
Давлат раҳбари кейинги йилларда мамлакат иқтисодиёти уч баравар ўсганини, 2030 йилга қадар унинг ҳажмини 240 миллиард долларга етказиш мақсад қилинганини таъкидлади. Бу мақсадга эришишда транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Таъкидланишича, бугун Ўзбекистон ҳудуди орқали 4 минг километр халқаро транзит йўл ўтади. Ҳозирда халқаро йўлларнинг 30 фоизи тўлиқ қувватда, яна 25 фоизи эса ортиқча юклама билан ишламоқда.
Президентнинг таъкидлашича, «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» ҳамда Трансафғон темир йўллари ишга тушгач, мамлакат Тинч океанидан Европагача бўлган энг қисқа қуруқлик йўлагининг асосий бўғинига айланади.
Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакат йиллик қўшимча 15–20 миллион тонна халқаро транзит юкини қабул қилиши мумкин. Бу эса 400–600 миллион доллар даромад, логистика марказлари ва терминаллар қурилишига 3 миллиард доллар инвестиция ҳамда камида 50 мингта барқарор иш ўрни яратилишини таъминлайди.
Қиймати қарийб 2,2 миллиард доллар бўлган олти полосали автомагистралнинг умумий узунлиги 282 километрни ташкил этади. Лойиҳа доирасида 92 та кўприк, 28 та йўл ўтказгич ва 60 та тоннел туридаги ўтиш йўли барпо этилади.
Йўл оғир юк ташувчи ҳамда юқори тезликда ҳаракатланувчи транспорт воситалари учун мўлжалланган монолит бетон қоплама билан қурилади. Текис ҳудудларда автомобиллар соатига 150 километр тезликда ҳаракатланиши мумкин бўлади.
Янги автомагистрал фойдаланишга топширилгач, Тошкентдан Самарқандга етиб бориш вақти 5 соатдан 2,5 соатгача қисқаради. Йўл бир суткада 60–80 мингта транспорт воситасини қабул қилиши, юк ташиш таннархи эса 20–24 фоизга камайиши кутилмоқда.
Қайд этилишича, янги магистрал Тошкент шаҳри, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ялпи ҳудудий маҳсулотининг 3 фоизга кўпайишига туртки беради. Йўл ўтадиган аҳолиси 2 миллиондан зиёд 13 та туман учун минглаб иш ўринлари ва янги даромад манбалари пайдо бўлади.
Шунингдек, йўл бўйида логистика марказлари, омборлар, саноат ва агросаноат корхоналари, савдо-сервис, меҳмонхона ва туризм обектлари барпо этилади. Қурилишда маҳаллий хизматлар ва қурилиш материалларидан кенг фойдаланиш тадбиркорлар учун йирик буюртмалар ва янги ишлаб чиқариш қувватларини яратади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter