Трамп ва Си Цзиньпин учрашуви: икки давлат бир йиллик савдо битимига эришди
Жанубий Кореядаги Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммити доирасида АҚШ президенти Дональд Трамп ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин учрашуви бўлиб ўтди. Бу икки давлат раҳбарининг 2019 йилдан буёнги илк шахсий мулоқоти бўлди.
Учрашув қарийб 1 соат 40 дақиқа давом этди ва Трамп учрашувни «12 балллик аъло» деб баҳолади. Журналистлар учун матбуот анжумани ўтказилмади, аммо президент Air Force One бортида журналистларга «учрашув жуда самарали ва дўстона ўтганини» билдирди.
Трампнинг маълум қилишича, АҚШ ва Хитой бир йиллик савдо келишувига эришган. У ҳар йили узайтириб борилади. Ҳозирда келишувни имзолаш учун «жиддий тўсиқлар деярли қолмаган». Шу муносабат билан АҚШ Хитой товарларига қўйилган божни 57 фоиздан 47 фоизга туширади.
Хитой дунёдаги камёб металлар ишлаб чиқариш ва экспортининг асосий қисмига эга бўлиб, илгари Пекин қўллаган экспорт назорати икки давлат муносабатларини кескинлаштирганди. Энди эса Хитой чекловларни қисман бекор қилиши кутилмоқда.
Трамп ва Си Цзиньпин Украинадаги вазиятни муҳокама қилди. Трампнинг айтишича, томонлар бу борада «биргаликда ишлашга» келишган.
Шу билан бирга Трамп апрелда Хитойга давлат ташрифи билан боришини, Си Цзиньпин эса шундан сўнг АҚШга келишини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп Пентагонга ядровий қурол синовларини қайта бошлашни буюргани айтилганди. Президентнинг сўзларига кўра, бу қарор «бошқа давлатлар ҳам шундай қадам қўяётгани» учун қабул қилинган.
Учрашувдан кейин Трамп ядровий қуроллар бўйича «ядровий қуролдан воз кечиш» масаласини муҳокама қилганини таъкидлади
«Бу ажойиб қадам бўларди. Биз бу ҳақда Россия билан ҳам гаплашяпмиз. Агар қадам ташласак, Хитой ҳам бу жараёнга қўшилади», – деди Трамп.
Бу учрашув Трампнинг Осиё бўйлаб сафари — Малайзия, Япония ва Жанубий Кореяга ташрифларидан сўнг якунланди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter