Туркияда чой йиғим-терими мавсуми ажойиботлари
Туркиянинг қаерида бўлишингиздан қатъий назар бир пиёла турк чойига дуч келишингиз муқаррар.
Турк маданиятида чойнинг ўрни шу қадар аҳамиятлики, чойсиз бир кунни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Нонуштадан кечки овқатгача чой турк ҳаётининг ажралмас элементидир.
Лекин Туркия шунчаки чой истеъмолчиси эмас, балки ҳар йили 1,5 миллион тонна ишлаб чиқарувчиси ҳамдир. Чой шу қадар муҳим ва чуқур илдиз отган маданий компонент бўлиб, Туркия ва Озарбайжоннинг қўшма аризаси билан турк чойи 2022 йилда ЮНEСКОнинг Инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилган.
Туркияда чой йилига уч марта йиғилади: майдан июнгача, июлдан августгача ва сентябрдан октябргача.
Бу Туркиянинг Шарқий Қора денгиз вилоятлари маданиятининг муҳим қисмидир. Бугунги кунда Туркия чойининг 70 фоизи Ризе вилоятида ишлаб чиқарилади, ундан кейин Шарқий Қора денгиздаги Артвин, Трабзон ва Орду вилоятлари ҳамда Гиресуннинг муайян ҳудудларида ишлаб чиқарилади. Минтақада баъзан «яшил олтин» деб аталадиган Ризе чойи дунёдаги энг табиий чой сифатида ҳам танилган.
Шарқий Қора денгизнинг Покут, Айдер ва Анзер каби янги зумрад-яшил платоларида табиат қўйнида сайр қилиш учун Ризега ташриф буюрган меҳмонлар вилоят плантацияларида чой йиғим-теримларини кузатишлари ёки уларга қўшилишлари мумкин. Маҳшур анъаналардан бири бу - чой қайчидан фойдаланиб йиғим-теримда қатнашиш, сўнгра анъанавий кийим кийган ҳолда суратга тушиш. Ҳудудни тарк этишдан олдин ҳадя тариқасида оила аъзолар ва яқинларга чой сотиб олиш мумкин.
Туркия чойга жиддий қарайди, буни ичимликнинг пухта тайёрланишидан ҳам кўриш мумкин. Анъанага кўра, чой мис, тунука ёки бошқа металлардан тайёрланган бир жуфт чойнак ёрдамида тайёрланади. Пастки чойнакда сув қайнатилади ва кейин чой барглари билан бирга юқори чойнакга қўшилади. Пастки чойнак қайноқ сув билан тўлдирилган ҳолда сақланади, юқори чойнакдаги чой аста-секин қайнатилади.
Дамланган чой одатда туркларнинг «пиёла»си – бардоқларда узатилади. Юқори чойнакдан аввал тўқ рангли чой қуйилади, пастки чойнакдан қайноқ сув ичувчининг таъбига кўра чойни очартириш учун қўшилади. Шакар одатда чой стаканлари билан бирга тақдим этилади, бардоқлар шакли ва материали туфайли чойнинг иссиқлигини сақлаб, рангини кўрсатиб беради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter