Украинанинг уч президенти Польша орденидан воз кечди, бу ҳали ҳаммаси эмас
Россияга қарши урушда муҳим иттифоқчилар бўлиб келаётган Украина ҳамда Польша ўртасида жиддий дипломатик зиддият юзага келди. Бунга эса Польша президенти Карол Навроцкий украиналик ҳамкасби Владимир Зеленскийни Польша давлати уч йил аввал тақдим этган юксак мукофот – «Оқ бургут» орденидан маҳрум қилгани сабаб бўлди.
Зеленский бунга жавобан зудлик билан орден ҳамда унинг гувоҳномасини почта орқали Кароль Навроцкийга юборди.
Украина халқи Россиянинг кенг кўламли уруши бошида катта кўмак кўрсатган Польша халқидан миннатдор эканини таъкидлаган Зеленский Навроцкийнинг орденни бекор қилганидан ҳафсаласи пир бўлганини яширмаган. Зеленский ушбу орден тарихда Россия императрицаси Екатерина Иккинчи, Италия фашистлари етакчиси Бенито Муссолини ҳамда Германия собиқ канцлери, Путиннинг яқин дўсти Герхард Шрёдерга ҳам берилгани, аммо қайтариб олинмаганига эътибор қаратган.
Владимир Зеленский ордендан маҳрум қилингани ортидан Украинанинг собиқ президентлари ҳамда амалдаги арбоблари бирдамлик рамзи сифатида Польша давлат мукофотларидан ихтиёрий равишдан воз кечмоқда. Жумладан, 1994-2005 йилларда Украинага раҳбарлик қилган Леонид Кучма, 2005-2010 йилларда Украинага раҳбарлик қилган Виктор Юшченко ва 2014-2019 йилларда Украинага раҳбарлик қилган Пётр Порошенко Польша давлати тақдим этган «Оқ бургут» орденидан воз кечганини билдирди.
Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига «Польша Республикаси олдидаги хизматлари учун» ордени ҳамда унинг юлдузли командор хочини рад этган.
Украина президенти девони раҳбари Кирилл Буданов ҳам 2025 йилда ўзига топширилган «Польша Республикаси олдидаги хизматлари учун» ордени ҳамда унинг олтин офицерлик хочидан воз кечганини маълум қилди.
Буданов Варшаванинг Зеленскийга нисбатан муносабатини украиналикларга нисбатан «дўстликдан йироқ ҳаракат» ва «Москва агрессори учун совға» деб атаган.
Украина президенти девони раҳбари Украина бошқа халқларга ўз тарихини қандай ўрганиш борасида дарс ўтмаслиги, айни чоқда, ўз миллий хотираси ҳамда қадр-қимматини муҳофаза этиш ҳуқуқидан воз кечмаслигини таъкидлаган.
Сиёсий таранглик фонида Украинанинг Польшадаги элчиси Василий Боднар ҳам ўзига топширилган «Польша Республикаси олдидаги хизматлари учун» орденининг кавалерлик хочини қайтариб беришини эълон қилган. Дипломат украиналиклар Польшани, энг аввало, дўст, иттифоқчи ва шерик сифатида қабул қилишини қайд этган.
«Аммо мен тарихий жиҳатдан адолатсиз деб ҳисоблаган қарордан четда қола олмайман. Польшада ҳукм сураётган ҳис-туйғуларни тушунган ҳолда, Польшанинг дўсти, Россия агрессоридан мардонавор ҳимояланаётган ва Европадаги тинчликни ҳимоя қилаётган давлат раҳбари – Украина президенти Владимир Зеленский Польшанинг олий мукофотидан маҳрум этилганини қабул қила олмайман», – деб таъкидлаган элчи.
Аввал хабар берганимиздек, Украина президенти Владимир Зеленский Иккинчи жаҳон урушида партизанлик уруши олиб борган Украина исёнчи армиясига (УИА) қаҳрамон унвони бериш билан яқин иттифоқчиси Польша раҳбариятини дарғазаб қилди.
Жорий йил 26 май куни Зеленский «миллий армиянинг тарихий анъаналарини тиклаш» мақсадида Украина исёнчи армиясига (УИА) қаҳрамон фахрий унвонини берди. 1942 йилдан бошлаб Украина миллатчилик ташкилотининг қуролли қаноти сифатида совет, поляк ва немис аскарларига қарши партизанлик уруши олиб борган УИА мустақил Украина давлати тузишга ҳаракат қилган.
Дастлаб нацистлар Германияси томонида бўлган УИА Украинага тегишли деб даъво қилинган ҳудудлардан полякларни сиқиб чиқаришга уринган. Жанглар мобайнида мазкур армия тинч аҳоли вакили бўлган полякларни қатлиом қилгани айтилади.
Ўнг муҳофазакор қатламга мансуб президент Кароль Навроцкий полякларни қиришда айбланадиган УИАга қаҳрамон унвони берилишини кескин танқид қилди ва Зеленскийни Польшанинг юксак давлат мукофотидан маҳрум қилди.
Тарихий баҳслар, ҳудудий даъволар узоқ йиллар мобайнида Польша ва Украина муносабатларига соя солиб келган. Жумладан, УИА томонидан Иккинчи жаҳон урушида 100 мингдан зиёд поляк қатлиом қилингани, поляк партизанлари эса қасос сифатида 20 мингга яқин украинни ўлдиргани айтилади.
УИА 1945 йилдан кейин ҳам совет ҳукуматига қарши курашни давом эттирган. Шунга кўра Украинада мазкур ҳарбий гуруҳ Россияга қарши кураш рамзи деб кўрилади.
2022 йилда Россия Украинага бостириб киргач, Польша ва Украина ўртасидаги тарихий баҳслар иккинчи планга ўтгандек туюлган эди. Бироқ Варшава томонидан бир миллиондан ортиқ украиналик қочқиннинг қабул қилиниши ортидан Польша жамоатчилигида қўшни давлатга нисбатан муносабат ёмонлашди. Хусусан, ўнг қанотга мансуб сиёсатдонлар украиналикларга берилаётган ижтимоий имтиёзларни танқид қилмоқда. Варшава томонидан Киевнинг ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватланиши ҳам савол остига олинмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter