Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сардор Али

Шахсиятпарастлик — ошкора ожизликдир.

«Уруш ортидан Евросиё бозори механизми бузилди. Италия шундан фойдаланмоқчи» – сиёсий таҳлилчи

Жорий йилнинг 7-9 июнь кунлари Ўзбекистон президенти 3 кунлик давлат ташрифи билан Италияда бўлди. Ташриф давомида Италия ҳукумати билан жуда кўп йўналишларда шартномалар имзоланди. Биз бугун шу мавзуни муҳокама қилиш учун суҳбатга сиёсатшунос Жаҳонгир Акрамовни таклиф этганмиз.

– Келинг, суҳбатимиз бошида биринчи маъмурият давридаги Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги алоқаларга тўхталиб ўтсак.

– Аввало, ҳар қандай жараённи таҳлил қилишда ундан олдинги тарихий давр билан қиёслаш мавзуни тўлиқ ёритиш учун яхши имконият яратади. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, биринчи навбатда, халқаро ҳуқуқ субъекти сифатидаги ўрнини мустаҳкамлашга ҳаракат қилган. Биламизки, халқаро муносабатларда Европа Иттифоқининг ўрни жуда катта. Биринчи галда бу ташкилот демократик давлатлар иттифоқи ва иқтисодий жиҳатдан дунёда 2-3 ўринда турувчи марказ ҳисобланади. Бундан ташқари, Германия, Франция ва Италия G7 аъзоси ҳисобланади. Шунинг учун биринчи маъмуриятимиз даврида Италия билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга ҳаракат қилинган. Лекин бу ҳамкорлик бошқа Европа давлатларига қараганда кеч бошланган.

Мустақиллик бошида Ўзбекистон асосан Германия ва Франция билан яхши алоқалар ўрнатган. Масалан, биринчи президент Ислом Каримовнинг Франция раҳбарлари Жак Ширак ва Франсуа Миттеран билан муносабатлари яхши бўлган. Италия билан алоқалар 1996 йилда Флоренциядаги Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик битими асосида ҳуқуқий асосини топган ва секин-аста ривожланиб борган. 1997 йилда Ўзбекистонга Италия бош вазири Романо Продининг келиши икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг ривожланишига сабаб бўлган.

Лекин объектив қараганда, Ўзбекистон ва Италия муносабатлари 2016 йилгача бир текисда кетмаган. 2000 йиллар бошида Ўзбекистон АҚШ ва Ғарб давлатлари билан жуда яқин бўлган. Бироқ 2005 йилдан сўнг Европа давлатлари билан алоқаларимиз узилган. Ўзбекистон Италиядан кўра, Чехия билан фаол дипломатик алоқалар олиб борган. Масалан, Чехия раҳбари Ўзбекистонга кўпроқ келган эди.

– Нега бошқа Европа давлатларига қараганда Италия билан муносабатлар фаол бўлмаган?

– Биринчидан, Италия иқтисодий жиҳатдан Франция, Германия ва АҚШдан анча орқада. Иккинчидан, Италиянинг Россия билан муносабатлари анча яхши бўлган. Яъни, Италия Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқаларни Россия орқали ўрнатган. Бунинг устига, Италияда ҳукумат тез-тез алмашиб туради. Ҳокимият тез-тез алмашиб тургани туфайли давлатнинг кенг ташқи сиёсат юритиши қийин бўлади. Бундан ташқари, Европа интеграция, 2009 йилдан кейин АҚШнинг Афғонистондан секин-аста чиқиб кетиши, 2011 йилда араб мамлакатларида «араб баҳори»нинг бошланиши, миграция инқирози каби жараёнлар Италиянинг Шарқ давлатлари билан ўта эҳтиёткор муносабат олиб боришига қисман сабаб бўлди. Умуман олганда, 2016 йилгача Ўзбекистоннинг Италия билан алоқалари ўта яқин ҳам эмас, ўта узоқ ҳам бўлмаган.

– Италия шу вақтгача Марказий Осиё минтақасида унча фаол бўлмаган. Нега бугунги кунга келиб Италия минтақада фаоллигини оширмоқда?

– Мен Италиянинг Марказий Осиё минтақасида сиёсий фаоллигининг ошишини сўнги йиллардаги геосиёсий конфронтация билан боғлаган бўлар эдим. 2022 йил 24 февраль кунидан бошлаб халқаро муносабатларда янги давр бошланди. Украина ва Россия уруши халқаро муносабатларнинг мавжуд тизимини инқирозга учраганини ва бутунлай янги тизим керак эканлигини кўрсатиб қўйди.

Уруш натижасида Ғарб давлатлари Россияга нисбатан турли санкциялар киритиб, уни изоляция қилиб қўйди. Оқибатда анъанавий Евросиё бозорининг механизмлари бузилиб кетди.

Россия асосан ўзининг энергетик ресурсларини Европага сотиб, ундан технология сотиб олар эди. Бу ҳар икки томонга учун жуда катта фойда эди. Яъни, машҳур геосиёсатшунос олим Карл-Хайнц Гофманнинг «Контенентал блок» концепцияси асосида Германия ва Марказий Европа мамлакатлари Россия билан яқин алоқалар ўрнатган эди. Бу тизимнинг инқирозига учраши, Италияни ўзининг ташқи сиёсат концепциясини қайтатдан кўриб чиқишга ундади. Яна бир бошқа омил, Хитой таъсирининг ошиб бориши.

– Марказий Осиёда ҳам Хитойнинг таъсири ошиб бормоқда!

– Нафақат Марказий Осиёда, балки бутун дунёда, десак тўғри бўлади. Масалан, ҳозир Россия молиявий тизимида юанлашиш кучаймоқда. Россия асосан ташқи савдони юанда амалга оширмоқда.

2022 йилда Италияда Жорджа Мелони бошчилигидаги ўнглар ҳокимиятга келди. Бу ҳукумат анча прагматик ташқи сиёсат юритмоқда.

Уч омил: Украина ва Россия уруши, Хитойнинг таъсир доирасининг кенгайиши ҳамда Италиядаги янги ҳукуматнинг ташаббускорлиги. Италиянинг Марказий Осиёда фаоллигини оширди.

Биласизми, ҳеч қачон бозорда вакуум (бўшлиқ) бўлмайди. Марказий Осиё ўзига хос бозор. Яъни, Марказий Осиё ўз атрофидаги мамлакатларга санкцияларни бузмаган ҳолда савдо қилиш имконият яратиб бера олиши мумкин. Бу қайсидир маънода Россияга фойда ҳам беради.

– Жорий йилнинг 2 июнь куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё саммити бўлиб ўтди. Мазкур саммит билан давлат раҳбарининг Италияга сафарида ўзаро боғлиқлик борми?

– Ҳозирги вақтда Европа Иттифоқининг Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатларига нисбатан муносабатлари кескин ўзгарди. У ўзининг геосиёсий масъулиятини ҳис этмоқда. Мен буни геосиёсий ўзликни англаш деб атаган бўлар эдим. Европа Иттифоқи тушундики, фақатгина либерал қарашлар билан Европада тинчлик ўрнатиб бўлмайди. Шунинг учун Европа Иттифоқи Евросиёда фаоллик кўрсатмоқда. Масалан, Кавказ минтақасида Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик алоқаларини ўрнатишда Европа Иттифоқининг ўрни катта.

Италия Европа Иттифоқи аъзоси ва табиийки лидерлик учун катта мамлакатлар ўртасида кураш мавжуд. Ҳозирда Италия Марказий Осиёда «С5+Италия» лойиҳасини кўтармоқда.

– Кўплаб таҳлилчилар Италиянинг мудофаа вазири Гвидо Крозеттонинг Ўзбекистонга келиши ва давлат раҳбарини айнан мудофаа вазирининг ўзи Италияда кутиб олганига урғу бермоқда. Италия Ўзбекистон билан хавфсизлик ва мудофаа соҳаларида ҳамкорлик қила оладими?

– Хавфсизлик халқаро ҳамкорликнинг энг нозик йўналиши. Италиянинг ҳарбий амалдорларининг Ўзбекистонга келиб туриши Афғонистон масаласи билан боғлиқ. Италия НАТО байроғи остида Афғонистондаги ҳарбий операцияларда иштирок этган. Италия ўз навбатида жаҳон ҳамжамиятининг бир қисми сифатида Афғонистонда бўлиши мумкин бўлган гуманитар инқирозлардан хавотир олади ва гуманитар ёрдам кўрсатади. Бу ўз навбатида халқаро ҳамжамият олдида иммижини белгилайди.

Ўзбекистоннинг мудофаа доктиринасида Ўзбекистоннинг қайсидир давлат билан ҳарбий ҳамкорлик қилиши бошқа бир давлатга қарши қаратилмагани айтилган. Италия Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлай олади деб айта олмайман. Давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик бирданига ҳарбий соҳага ўтиб кетиши учун, аввало, унинг асослари яратилиши керак. Ҳозирча, ҳарбий ҳамкорлик масаласида Ўзбекистон ва Италия ўртасида яқинликни кўрмаяпмиз. Лекин Италиянинг ҳарбий тажрибасидан ва техник салоҳиятидан фойдаланишимиз мумкин.

Ҳозир бутун дунёда геосиёсий ўзгаришлар даври бошланди. Бу ҳолатда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқининг аъзоси бўлган давлат билан стратегик ҳамкорлик алоқалар ўрнатиши унинг дипломатияси ва ташқи сиёсий фаолиятига ижобий таъсир қилади.

Сардор Али Нурматов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг