Видеокамераси бўлмаган ЙПХ ходимига ҳужжат тақдим этмаслик мумкин. 1 июлдан яна нималар ўзгаради?
Келаси ойдан эътиборан йўл патрул хизмати ходимлари мобил видеокамерасиз ишлай олмаслиги ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Шу билан бирга яна қандай ўзгаришлар бўлади?
Адлия вазирлиги матбуот хизмати бу борада маълумотлар бериб ўтди.
1. Видеорегистраторлар далил йиғувчига айланади.
Автотранспортдаги видеорегистраторларда қайд этилган ҳуқуқбузарлик эндиликда далил сифатида қабул қилинади ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган тартибда кўриб чиқилади. 1 июлдан ҳар қандай жамоат транспорти ва йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар учун автотранспорт воситаларига видеорегистраторлар ўрнатиш мажбурийдир.
Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни юборган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг беш фоизи (ҳозирги кунда 10 136 сўм) миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
2. ЙПХ ходимида видеокамера бўлиши шарт.
ЙПХ ходими хизмат вақтида мобил видеокамерадан фойдаланиши ва бу ҳақида йўл ҳаракати қатнашчиларига маълум қилиши шарт. Шунингдек, ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилса, буни исботлаш учун ушбу видео ёзувдан фойдаланилиши ҳақида ҳайдовчини огоҳлантириши лозим.
Мобил видеокамераси бўлмаган ЙПХ ходимига ҳайдовчи ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқига эга.
3. Бепул тиббий хизмат чегараси аниқ бўлади.
Вилоят ва туман (шаҳар) даражасидаги стационар соғлиқни сақлаш муассасаларида аралаш молиялаштириш тизими жорий этилади, бунда кафолатланган бепул тиббий хизмат ҳажмига кирмайдиган даволаш турлари пулли асосда амалга оширилади.
4. Айрим ерларни хусусийлаштириш имкони берилади.
Юридик шахслар бино ва иншоотлари, саноат инфратузилмаси объектлари жойлашган ерларини, жисмоний шахслар якка тартибда уй-жой қуриш ва турар жойга хизмат кўрсатиш учун ажратилган ерларини хусусийлаштириш ҳуқуқига эга бўлади.
5. Давлат мулкини ижарага бериш шаффоф бўлади.
Давлат кўчмас мулк объектларини ижарага бериш бўйича савдолар «E-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончаси орқали амалга оширилади.
6. Мобил иловалардан таксометр сифатида фойдаланиш мумкин.
Йўналишсиз таксилар учун талаб этиладиган тўлов терминаллари, ҳисоблагич-таксометрлар ва радиоалоқа воситалари функцияларини махсус иловалар орқали (уяли телефонлар, планшетлар, электрон тўлов тизимлари) амалга ошириш мумкин.
7. Кира қилиш учун машинани бўяш шарт эмас.
Йўналишсиз такси рангини қонун ҳужжатларида талаб қилинган рангга мувофиқ ҳолга келтириш учун (вилоятларда сариқ ва Тошкент шаҳрида фил суяги ранги) ўзи елимланадиган материаллардан фойдаланишга йўл қўйилади, уларни бўяш шарт эмас.
Йўналишсиз таксилар автобуслар учун ажартилган махсус ҳаракат йўналишида ҳаракатланиши ҳамда «Тўхташ тақиқланади» белгиси амал қилиш ҳудудида тўхташи мумкин.
Халқаро автомобилда ташишга хорижий/кўп томонлама рухсатномаларни олиш учун аризалар бир иш куни мобайнида кўриб чиқилади.
8. Имконияти чекланган фуқаролар учун диспетчерлик хизмати.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги таркибида эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш диспетчерлик хизмати ташкил этилади.
Эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахслар, шунингдек уларнинг вакиллари томонидан техник воситалар (видео қўнғироқлар, матнли хабарлар, махсус дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда қўнғироқлар ва бошқалар) орқали бўладиган мурожаатларга шошилинч оператив хизматларнинг (101, 102, 103, 104, 1050) кечаю кундуз, тезкор жавоб беришларини таъминлаш диспетчерлик хизматининг асосий вазифаси ҳисобланади.
9. Заргарлик учун имкониятлар янада кенгайтирилади.
Заргарлик бўйича лицензияси бўлган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ўзи ишлаб чиқарган заргарлик буюмларининг асиллик даражасини мустақил белгилаш ва уларга асиллик даражаси изларини қўйиш ҳуқуқи берилади.
Заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи лицензияга эга якка тартибдаги тадбиркорлар ўз маҳсулотларини мустақил сотиши, аҳолидан қимматбаҳо металлар парчалари, қимматбаҳо тошлар ва буюмларни сотиб олиш ҳуқуқига эга.
Жисмоний шахслар қиймати 5 минг доллардан кўп бўлган заргарлик буюмларини декларация тўлдирган ҳолда Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиши мумкин.
Заргарлик соҳасидаги тадбиркорлар «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмасига ихтиёрий аъзо бўлса, уюшма аъзоларининг имтиёз ва преференциялари уларга ҳам татбиқ этилади.
Олтиндан ясалган заргарлик буюмларни чакана савдода сотганлик учун 1 граммига 1 000 (бир минг) сўм миқдорида йиғим жорий этилади.
10. gov.uz давлат субдоменига кирганда трафик ечилмаслиги мумкин.
Телекоммуникация операторлари ва провайдерларига давлат субдоменида (gov.uz, my.gov.uz, regulation.gov.uz, data.gov.uz, invest.gov.uz ва бошқалар) жойлаштирилган ахборот ресурсларига киришда ишлатиладиган трафик учун ҳақ олмаслик тавсия этилади.
11. Қурилиш моллари экспорти учун сертификат ҳаражатлари давлат томонидан қопланади.
Маҳаллий қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт маҳсулотини сертификатлаштириш харажатлари Экспортни ривожлантириш агентлиги томонидан қопланади.
Техноген минерал ҳосилалар ҳақидаги маълумотлар тадбиркорларга бепул берилади.
12. Маҳаллий электротехника махсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун имтиёзлар.
Электротехника маҳсулотларининг давлат харидларини амалга оширишда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга 20 фоизгача нарх преференцияси қўлланилади.
Электротехника корхоналарининг экспорт бўйича муддати ўтган қарздорлик ҳосил бўлишини ҳисоблашнинг муддати 180 кун этиб белгиланди (амалдаги қонунчиликка мувофиқ мазкур муддат 120 кун).
Электротехника корхоналарининг ўз эҳтиёжлари учун олиб кирадиган технологик ускуналари бўйича тўланган пул маблағларини қайтариш муддати 270 кун этиб белгиланди (амалдаги қонунчиликка мувофиқ мазкур муддат 180 кун).
13. ОТМ ўқитувчилари маоши ошади.
Олий таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари, профессор-ўқитувчилар таркиби ҳамда бюджет маблағлари ҳисобига фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишларнинг илмий-техника дастурларини амалга оширишда қатнашувчи илмий-тадқиқот муассасалари илмий ва раҳбар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича базавий лавозим маошлари оширилган миқдорларда тўланади.
14. Шунингдек, қуйидаги ўзгаришлар жорий этилади:
— халқаро ташишларда фойдаланиладиган тягач (шатакчи) автомобилларга лицензия карточкалари берилиши учун давлат божи тўланмайди;
— «Евро-5» ва «Евро-6» экологик синф талабларига мос келадиган янги юк ва махсус автотранспорт воситаларини, шунингдек, автомобилда юк ташиш учун фойдаланиладиган тиркама ва ярим тиркамаларни, транспорт-экспедиторлик хизматларини мажбурий сертификатлаш бекор қилинади;
— йўловчилар ташишда фойдаланиладиган автотранспорт воситаларида назорат-касса аппарати мавжуд бўлиши талаб қилинмайди;
— автомобилда юк ташиш билан шуғулланувчи якка тадбиркорлар, шунингдек, ушбу фаолият билан шуғулланувчи юридик шахс раҳбарининг малака талабларига мувофиқлик юзасидан аттестациядан ўтиши шарт эмас;
— автомобилда йўловчилар ва юкларни ташиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензия олишда юридик шахсларнинг балансида транспорт воситалари мавжуд бўлиши ҳақидаги талаблар бекор қилинади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter