Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Виктимблейминг» – ўзи айбдорми ёки БИЗ?

«Виктимблейминг» – ўзи айбдорми ёки БИЗ?

«Хиёнат қилгани учун калтаклангандир», «ўзи айбдор», «очиқ-сочиқ кийиниб юргандир», «қиз болага қоронғуда нима бор?»,  «қиз бола таксига чиқмаслиги керак эди...»

Бизнинг жамиятда зўравонлик билан боғлиқ жиноятларда жавобгарлик жабрланувчининг бўйнида қолади. Ўз-ўзидан жабрланувчининг шундай айбланиши зўравоннинг айбини оқлаган билан тенг бўлади.  «Виктимблейминг»  нима? Бу атама инглизча Victim blaming –қурбон ва айблаш сўзларидан келиб чиққан. Бу одамлар айбни тўлиқ ёки қисман жабрланувчининг зиммасига юклаган ва айбдор учун баҳона топилган ҳодиса. Яъни, жиноятчининг зўравонлик қилишига нимадир сабаб бўлган – жабрланувчи ўзи туртки бўлган ёки хавфсизлигини ўйламаган ёки ўзи шунга муносиб бўлгани учун.  

Яхши ёки ёмон

Тадқиқотчиларнинг фикрича, жабрланувчилар адолатли дунёга ишонганлар томонидан айбланади: инсон ўзига муносиб бўлган нарсани олади. Aгар у яхши бўлса, унда ёмон нарсалар бўлмайди. Ва агар у ҳали ҳам муаммога дуч келса, унда муаммо унинг ёмонлигида.  

Бу атама биринчи марта психолог Уилям Раян томонидан 1971 йилда ўзининг «Жабрланувчиларни айблаш» китобига киритилган. У қурбонни айблашни тенгсизлик қурбонларининг камчиликларини фош қилиш орқали тенгсизликни оқлаш, деб таърифлаган. Шундай қилиб, оқ танли америкаликлар қора танлилар дангаса ва заиф иродали эканлигига ишонишган, шунинг учун улар қашшоқликдан қутулолмайдилар, деб ўйлашган. Раян ўз тадқиқоти билан афсоналарни рад этди ва қора танлиларнинг оқ танлилар билан тенг даромад олишига тўсқинлик қиладиган ҳукумат жараёнларини тасвирлаб берди.

1967 йилда тадқиқотчи Менахем Aмир эса «жабрланувчи томонидан қўзғатилган зўрлаш»  тушунчасини киритди. Бу ерда у жабрланувчининг жинсий алоқага сўзсиз розилигини берган, етарлича қаршилик кўрсатмаган ёки ўз ихтиёри билан хавфли вазиятга тушиб қолган ҳолатларни ўз ичига олган, яъни у кўп ичган, нотаниш одам билан машинага ўтирган, ноз-карашма қилган, очиқ кийинган, бемаҳал юрган.

Тадқиқот якунида муаллиф шундай хулосага келади: «Бу, яъни жабрланувчининг хатти-ҳаракати жиноятчиларни бегуноҳ қилмайди, балки бу одамларнинг баъзиларини ҳеч бўлмаганда камроқ айбдор деб ҳисоблашимизга имкон беради. Бу сизни жабрланувчининг ўзи билан содир бўлган воқеа учун ҳам жавобгар деб ўйлашга мажбур қилади». Тадқиқотчиларнинг айтишича айблаш кўпинча, агар жабрланувчи хавфли вазиятлардан қочса ҳеч қандай бахтсиз ҳодиса бўлмайди, деган хулосага олиб келади. Яъни, у деярли ҳеч қачон уйдан чиқмайди, чиқса ҳам ўзининг отаси, акаси ёнида бўлади. Aммо феминистик назариётчилар зўравонлик ва зўрлаш аёлларнинг нафақат кўчада эмас, балки уйда ҳам кўпроқ содир бўлишини таъкидладилар: «Aёл нима қилса ҳам, бу унинг хавфсизлигини кафолатламайди, сиз унинг зиммасига масъулиятни юклай олмайсиз».

Исбот ва далил

2020 йилда «Aнна» аёллар маркази зўравонликка учраган аёлларнинг фақат учдан бир қисми полицияга мурожаат қилганини аниқлади. Уларнинг 96 фоизи эса ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари фаолиятидан норози. «Опа-сингиллар» маркази янада ачинарли статистикани беради: марказга мурожаат қилган аёлларнинг атиги 10 фоизи полицияга шикоят қилишган. Ва фақат бешта ҳолатдан биттасида у қабул қилинади.

Зўрлаш ва оиладаги зўравонлик қурбонлари полицияга мурожаат қилмайди, чунки бу узоқ ва ҳақоратли жараён бўлиши мумкин. Aдвокат Мари Давтян шундай дейди: «Aгар аёл зўрлаганни исботламоқчи бўлса, у содир бўлган воқеани беш-етти марта батафсил айтиб бериши керак бўлади, балки кўпроқ. Жабрланувчи ўзини ёмон ҳис қилаётганини, баъзи ҳолларда эса айбсизлигини исботлаши керак. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ҳар доим ҳам жиноятчининг нима учун айбдор эканлигини аниқлашга ҳаракат қилмайди. Баъзан улар жабрланувчини айблашади».

Жабрланувчининг ўзини қонунни бузганликда айблаш хавфи мавжуд бўлган ҳолатларни-ку гапирмаса ҳам бўлади. Масалан, екатеринбурглик талаба Aлина Гаршина зўрланганидан кейин полицияга мурожаат қилган. Улар уни фоҳиша, деб ўйлаб пулини тўламаган мижоздан пулини олиб беришмоқчи бўлишди. Полиция сохта айбловлар қўйиш билан таҳдид қилди.

Ғунажин кўзини сузмаса...

...буқа ипини узмайди, деган яна бир аёлни айблайдиган мақолимиз бор. Айнан шу мақолни дастак қилиб зўравонни фош қилиш бизнинг жамиятда ҳам жуда кам учрайдиган ҳодиса. Буни изоҳларда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг айбловларидан ҳам билсак бўлади. Мисол учун, ҳақиқий қурбон ичмайдиган, чекмайдиган, йигитлар билан гаплашмайдиган «одобли» қиздир. Қолганларнинг ҳаммаси зўрлаш учун жавобгар, яъни ўзлари айбдор бўлиши мумкин. Aйтишларича, улар ташқи кўриниши ва ҳаракатлари билан жиноятчиларни ғазаблантирадилар ёки ўзларига чорлайдилар.

Масалан, яқинда Самарқандда ёқиб юборилган, Қашқадарёда калтакланган аёл ҳақида турли сарлавҳада хабарлар тарқалди: «Қашқадарёда хиёнатда гумонланган аёлни эри ва унинг қариндошлари самосуд қилди», «Ўзидан ўн ёш кичик йигит билан ишқий муносабатда бўлган аёл калтакланди», «Самарқандда фоҳишалик учун чақирилган аёл ёқиб юборилди», «Самарқандда енгилтак аёл ёқиб юборилди», «Самарқандда фоҳиша аёл ёқиб юборилди», «Самарқандда жинсий алоқа қилиш учун келган аёл ёқиб борилди». Бу сарлавҳаларнинг барчасида аёлнинг ўзи айбдор ёки аёл ичгани, фоҳиша бўлгани учун ёқиб юборилган ёки калтакланган, деган иддао бор.

Тош асрида яшамаяпмиз!

«Sukut Saqlama» телеграм канали ҳам бу мавзуга ўз муносабатини билдирган: «Қашқадарёлик самосуд қилинган аёл ҳақидаги батафсил видеони фейсбук ижтимоий тармоғида улашган постимиз остида салкам 400 та изоҳлар ёзилган. Ўқиб кўрсангиз, катта қисми «Зинокор аёлга бу ҳам кам!», «Ўлдириб ташлаш керак эди!», «Унаштирилган йигитни йўлдан уришнинг жазоси шу!», «Мегажин, фоҳиша» ва шу мазмундаги изоҳлар. Ҳатто, «Бу аёлни бундан баттар қилиш керак эди-ю, қонун кўтармайди-да!» – деган изоҳлар ҳам борлигини кўриб, ёқангизни ушлайсиз.

Ҳой, ўзингизга келинг, сиз ҳууув ибтидоий жамоа давридаги ғорларда тўда-тўда бўлиб яшаётганингиз йўқ, ҳайвон терисини ёпиниб, тўдалашиб ов қилишга чиқаётганингиз йўқ, бунақа оломонча кўринишингиз билан ўша даврда ов қилиб тутган ҳайвонининг жасади олдида олов ёқиб, рақсга тушаётган қадимги дунё одамларини эслатаётганингизни ташқаридан бир томоша қилсангиз эди!

Аввало, ўша жабрланувчи билан йигит ўртасидаги муносабат чегаралари қаерда эканини билмайсизми, зинокор деб қичқиришингиз балки туҳмат бўлиб қолаётгандир, шуни ҳеч ўйлаб кўрмадингизми? Зотан, ҳозирги кунда бирига ота-онанинг хизматини қилдириш учун қонуний-расмий, яъни, номига уйланиб қўйиб, панада кўнглига ёққани билан шаръий оила қилиб яшаётгандан кўпи йўқ!

Иккинчидан, аёл зинокор бўлса, ўша зинони бир ўзи ўзи билан қилгани йўқ, ҳолбуки, эркак кучли жинс вакили саналиб, асосан бирлашиш – оила ва бошқа муносабатларда илк қадамни ташлаш ҳам, сўнгги сўз-қарорларни айтиш ҳуқуқи ҳам патриархал тизим асосчилари томонидан қўшқўллаб эгаллаб олинган бўлса! Зино бўлдими, демак, бунда аёлдан кўпроқ эркакнинг айби бор, барча юкни, барча ҳақорат-у жазони аёлнинг зиммасига юклаб қўйиш – аёлнинг ҳар қандай вазиятда эркакдан кучлилигини, афзаллигини, лидерлигини ўз-ўзидан тан олиш бўлиб қолади.

Учинчидан, давлатнинг қонунлари ҳали ўлгани йўқ, давлатнинг ўзики, жабрланувчи аёлга нисбатан эмас, унга қўл кўтарганларга нисбатан жиноят иши эълон қилибди; сиз зинокор атаган аёлни эмас, бир ожизага тўда бўлиб ташланган тўдани айбдор деб топибди, сиз кимсизки давлатнинг қонунларига қарши чиқасиз? Қайси валломатингиз сизга бировга туҳмат қилиш, ҳақоратлаш, ўлимга ҳукм қилиш, зўравонликни, зулмни оқлаш ҳуқуқини совға қилиб қўйди?. 

«Сен айбдор эмассан»

Оиладаги зўравонлик дунё миқёсидаги энг долзарб муаммолардан бири бўлиб, бу мавзуда жуда кўплаб китоблар ёзилган. Хусусан, россиялик журналист Диана Садреева ўзининг чамаси бир йиллар аввал чоп этилган «Сен айбдор эмассан» номли китобида оиладаги зўравонлик муаммоларини батафсил таҳлил қилади.

Муаллиф ушбу асарини зўравонлик жабрдийдаларига ёрдам сифатида оиладаги зўравонлик, унинг хавф-хатари нималардан иборат экани ҳамда ҳалокатли муносабатларни, ҳатто бу имконсиз бўлиб кўринганида ҳам қандай қилиб тўхтатиш учун ўзида куч топиш мумкинлиги ҳақида ёзган.

Диана Садреева мазкур асарини ёзишдан аввал оиладаги зўравонлик жабрдийдалари, ҳуқуқ ҳимоячилари, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаоллари ва турли ёрдам кўрсатувчи фондлар вакиллари билан узоқ вақт давомида яқиндан мулоқотда бўлган, катта кўламдаги ҳуқуқий ҳужжатларни атрофлича ўрганиб чиққан.

«Сен айбдор эмассан» китобининг ўзагини муаллифнинг оиладаги зўравонлик жабрланувчиси бўлган 50 нафар аёлнинг интервьюлари ташкил этади. Асарда нафақат жабрланувчиларнинг оғир қисматлари тарихи, балки шу билан биргаликда, абьюз ҳолатларидан азоб чеккан шахсларга муаммони ҳал қилиш учун тўғри тайёргарлик кўриш, мавжуд вазиятдан чиқиш йўллари, бу борада қандай қадамлар қўйиш кераклиги ҳақида ҳам тавсиялар берилган. Бундай айбловлар нафақат маълум сонли кишиларга, балки дунёда турли ихтилофларни келтириб чиқарган, қанчадан қанча урушларга, бегуноҳ одамларнинг қирилиб кетишига сабаб бўлган. Масалан, иккинчи жаҳон урушида ташвиқот шу қадар кенг олиб борилганки натижада холокост аҳолиси шунчаки келиб чиқиши сабабли айбдор, деб ҳисобланган ва аёвсиз йўқ қилинган.

                                            Интернет материаллари асосида тайёрланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг