«Манчестер Сити»да Ҳусановга яна бир рақиб пайдо бўлиши мумкин
Марк Гехи
«Манчестер Сити» АПЛдаги энг қиммат ҳимоячилардан бири — «Кристал Пэлас» марказий ҳимоячиси Марк Гехини сотиб олиш учун курашга киришди, деб хабар берди BBC.
«Шаҳарликлар» ҳимоя чизиғида жиддий муаммолар пайдо бўлган. Сўнгги турда «Челси»га қарши ўйинда (1:1) жамоанинг асосий марказий ҳимоячилари — Йошко Гвардиол ва Рубен Диаш жароҳат олди (Абдуқодир Ҳусанов 51-дақиқада Гвардиолнинг ўрнига майдонга туширилди). Бундан ташқари, яна бир ҳимоячи Жон Стоунз ҳам анчадан буён жароҳати сабаб сафдан чиққан.
Хабарга кўра, «Сити» раҳбарияти ҳозирча шошилинч қарор қабул қилмоқчи эмас ва Гвардиол ҳамда Диашнинг соғлиги бўйича тиббий хулосаларни кутмоқчи. Сўнгра Гехи трансфери бўйича аниқ қадамлар ташланиши мумкин. Ҳозирча олинган маълумотларга кўра, Гвардиолнинг жароҳати жиддий: болдир суяги синган. Қанча муддатга сафдан чиққани номаълум.
Марк Гехининг «Кристал Пэлас» билан шартномаси 2026 йил ёзигача тузилган. Футболчи клуб билан битимни узайтирмаса, жамоани эркин агент сифатида тарк этади. Шу боис «Бавария», «Реал», «Барселона», «Интер», «Атлетико» ва «Ливерпул»каби грандлар ҳам вазиятни жиддий кузатмоқда. Лондон жамоаси мавсум сўнгида Гехидан текинга ажралиб қолмаслик учун январдаёқ уни сотиб юбориши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Марк Гехи 25 ёшда, жорий мавсумда барча мусобақалар доирасида 31 та ўйинда майдонга тушиб, 3 гол ва 4 та голли узатмага муаллиф бўлди. Transfermarkt футболчини 55 миллион еврога баҳоламоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter