Ёш онанинг халоскори ФВБга ишга таклиф қилинди. Бахтга қарши, у Россияга ишлашга жўнаб кетган экан
Яқинда сувга чўкаётган ёш онани қутқариб қолган боғотлик Ёқуббой Дўсметов жасорати ҳақида «Xabar.uz»да мақола эълон қилинган эди.
Эслатиб ўтамиз, 21 ёшли Ёқуббой Дўсметов эни салкам 70 метр бўлган суви шитоб билан оқаётган каналга ёш онани қутқариш учун ўзини ташлайди. Каналнинг ўртароғига сузиб боргунича аёл гоҳ чўкиб, гоҳ сув юзига қалқиб чиқарди. Йигит унинг кийимидан маҳкам ушлаганча қирғоққа базўр олиб чиқади...
***
Кеча, 10 январь куни вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулсара Қурбанбаева ҳамда Боғот тумани ҳокими Ойбек Холбоевлар халоскор йигит ўсиб-улғайган хонадонга ташриф буюришди.
Бахтга қарши, Ёқуббой ота-онаси билан Россияга ишга жўнаб кетган экан. Мутасаддилар миннатдорлик сўзлари ёзилган ташаккурнома ва совғаларни Ё.Дўсметовнинг акаси Комилжонга топшираркан, бундай довюрак йигитлар билан фахрланишини айтишиб, уларнинг бошқаларга ўрнак бўлишини таъкидлашди.
Айнан шу куни Хоразм вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Шодлик Ҳасанов ҳам Дўсметовлар хонадонига келиб, бошқарма бошлиғи ташаккурномаси ва совғаларни тақдим қилди.
Ш.Ҳасанов хонадон яқинлари билан қилган суҳбатда агар Ёқуббой хоҳласа, раҳбарият уни ФВБга ишга олишга тайёр эканини очиқлаган.
Ё.Дўсметовнинг жасоратига Ёшлар иттифоқи Хоразм вилоят бўлими ёхуд Боғот тумани бўлими мутасаддилари томонидан ҳалигача бирор бир муносабат билдирилмаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter